АНАЛЕПТИКЛАР


Алоҳида фармакологик гуруҳга мансуб ушбу дорилар психостимуляция қилиш хусусиятига эга бўлганлиги боис, улар ҳақида маълумот бериб ўтамиз. Аналептиклар психостимуляторларга (масалан, кофеинга) қараганда мия устунидаги юрак-қон томир ва нафас олиш марказларини кучлироқ қўзғайди. Шу боис ҳам бу дорилар тез тиббий ёрдам қутичасидан ўрин олган. Масалан, ис газидан заҳарланиб, юрак ва нафас олиш фаолияти кескин бузилган ҳолатларда ушбу аналептиклар қилинади. 
      
1.    Кордиамин – аналептик дори. Турли этиологияси асфикция, коллапс ва шокларда ушбу доридан тез ёрдам мақсадида фойдаланилади. Шунингдек, алкогол ва наркотиклар ҳамда суицид мақсадида кўп миқдорда дори қабул қилганларга ҳам юрак ва нафас фаолиятини тиклаш учун қўлланилади. Бу дорини бир кун қилиб тўхтатиб қўйиш керак эмас (баъзан шундай хатога йўл қўйилади). Кордиамин ичиш учун флаконларда ва парентерал юбориш учун инъекция (1-2 мл ли ампула) кўринишида ишлаб чиқарилади. Болалар учун ёшига қараб 5-10 томчи, катталарга 20 томчидан кунига 2-3 маҳал ичишга берилади. Кордиамин инъекцияси 1-2 мл дан кунига 2-3 маҳал т/о, м/и ва венага (жуда секин) қилинади. Дори асфикцияга тушиб қолган чақалоқларга тери остига қилинади.
      
2.    Камфора – турли дори шаклларига эга аналептик. Авваллари амбулатор тиббиётда жуда кенг қўлланилган, ҳозир ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Камфора худди кордиамин каби юрак-қон томир ва нафас олиш марказларини фаоллаштиради, юрак уришини ва нафас олишни равонлаштиради, тўқималарда моддалар алмашинувини кучайтиради, тромботцитлар агрегациясини камайтиради, барча майда томирларда, айниқса, терида периферик қон айланишни яхшилайди. Камфора коронар ва алвеоляр қон айланишни ҳам фаоллаштиради. Камфора организмдан нафас олиш йўллари орқали чиқаётиб, балғам ажралиб чиқишини енгиллаштирали. Камфора пихта мойида кўп бўлганлиги боис, сауналарда ундан кўп фойдаланишади. Камфора ва эфир мойи қўшилган моддалардан ароматерапия мақсадида ҳам фойдаланилади. Камфорадан ўткир ва сурункали юрак етишмовчилиги, нафас фаолияти сўниши билан кечадиган патологик ҳолатлар, зотилжам, коллапс ва турли инфекцион касалликларда фойдаланилади. Шунингдек, турли хил дорилар, шу жумладан, 
наркотиклардан заҳарланишларда ҳам қўлланилади. Камфоранинг дори шакллари: Инъекция учун 20 % ли ёғли эритма, 1 ва 2 мл ли ампулаларда ишлаб чиқарилади. Тери остига қилинади! Венага тушишига эҳтиёт бўлиш керак, чунки ёғ эмболияси ривожланиши мумкин. Ёшга қараб бир маҳал қилинадиган қуйидаги дозаларда буюрилади: 1 ёшгача бўлган болаларга 0,5–1 мл дан тери остига қилинади. Кейинги дозалари ёшга қараб оширилиб борилади. Катталар учун бир марталик дозаси 3 мл. Вазиятга қараб бир кунда 2-3 маҳал тавсия этилади. Укол қилишдан олдин ампула қиздирилади. Эпилепсияда мумкин эмас. Ишлаб чиқарилиши: 20 % ли 1 ёки 2 мл ампула. Камфоранинг спиртли эритмаси тананинг турли жойлари лат ейиши (лекин очиқ яра эмас), невралгия, миозит ва артритда терига ишқалаб суртилади. Таркибида спирт борлиги туфайли унинг антисептик хусусияти ҳам бор. Камфоранинг ёғли эритмалари ҳам шу мақсадларда терига суриб қўлланилади. Ҳозирда таркибига камфора қўшилган комплекс таъсир қилувчи турли хил дорилар (бромкамфора), мазлар ва эритмалар ҳам мавжуд.
      
3.    Сулфокамфокаин. Фармакологик таъсири ва кўрсатмалари камфорага ўхшаш аналептик. Асосан, ўткир юрак ва нафас етишмовчиликларида қўлланилади. Дори 10 % - 2 мл ли ампулаларда ишлаб чиқарилади. Тери ости ёки мушак ичига қилинади. Кардиоген шокда 2 мл вена ичига ҳам юборилади. Заруратга қараб кунига 2-3 маҳал қилиниши мумкин. Ҳозирда янада самарали дорилар яратилганлиги боис, тиббий амалиётда бу дори кам қўлланилади.
      
4.    Бемегрид самарали аналептиклардан бири бўлиб, барбитуратлар (ухлатувчи дорилар) антогонисти ҳисобланади. Масалан, суитсид мақсадида кўп миқдорда ухлатувчи дори қабул қилганларга тез ёрдам мақсадида бемегрид қўлланилади. Бемегрид шу тоифага кирувчи дориларнинг организмга токсик таъсирини камайтиради. Бу дорининг МНС га стимулловчи таъсири кучли бўлиб, юрак ва нафас олиш фаолиятини кескин тушиб кетиши билан боғлиқ ўткир ҳолатларда беморни тезда ҳушига келишига ёрдам беради. Масалан, ўткир заҳарланишлар, ортиқча наркоз берилиши, кўп миқдорда алкогол ва наркотиклар қабул қилиб қўйиш, ис газидан заҳарланиш ва ҳ.к. Бемегрид 0,5 % ли 10 мл натрий хлориднинг изотоник эритмасида ишлаб чиқарилади (50 мг бемегрид). Юқорида кўрсатилган шошилинч ҳолатларда 10 мл бемегридни вена ичига секинлик билан юбориш тавсия этилади. Агар бемор хушига келмаса, 5 дақиқадан сўнг шу доза такрорланади ёки қўшимча равишда 1 % ли 1 мл мезатон венадан секинлик билан юборилади.    

Изоҳ: Биз тиббий психолог амалиётида, шу жумладан, тез тиббий-психологик ёрдамда қўлланиладиган асосий дорилар ҳақида маълумот бериб ўтдик. Қўшимча маълумотлар “Клиник фармакология” ёки психофармакотерапияга оид адабиётларда келтирилган.

Manba©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.  
               © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; 
               ©asab.cc

Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича