Анализаторлар
Ташқи ва ички сигналларни қабул қилувчи, ўтказувчи, таҳлил қилувчи нейронлар гуруҳига анализатор деб айтилади. Ҳар қандай анализатор уч қисмдан иборат: 1) таъсиротларни қабул қилувчи қисми, яъни рецептор; 2) ўтказувчи аппарат, яъни нерв толалари; 3) маълумотларни таҳлил қиладиган марказлар. Бу марказлар бош мия катта ярим шарлари пўстлоғи бўйлаб тарқалган. Бу ерда, яъни пўстлоқда ташқи ва ички муҳитдан келувчи барча таъсиротлар анализ ва синтез қилинади. Кўрув, эшитув, вестибуляр, ҳид билиш, таъм билиш, тери ва ҳарақат анализаторлари фарқ қилинади (1-жадвал).
1-жадвал. Анализаторлар ҳақида умумий маълумотлар
Анализатор | Периферик қисми | Ўтказувчи қисми | Марказий қисми |
Кўрув | Кўз тўр пардаси | Кўрув нерви | Энса қисми |
Эшитув | Кортий аппарати | Кўрув нерви | Чакка қисмининг латерал юзаси |
Вестибуляр | Ярим айланасимон каналлар | Вестибуляр нерв | Чакка қисмининг медиал юзаси |
Тери сезгиси | Экстрарецепторлар | Юзаки сезги йўли (спиноталамик йўл) | Орқа марказий пушта |
Ҳаракат | Проприорецепторлар | Голл ва Бурдах йўллари | Орқа ва олдинги марказий пушталар |
Ҳидлов | Бурун бўшлиғидаги рецепторлар | Ҳидлов нерви | Чакка бўлагининг медиобазал юзаси |
Таъм билиш | Тил юзасидаги рецепторлари | Юз ва тил-ҳалқум нервлари | Чакка бўлагининг медиобазал юзаси |
Бош мия иккита ярим шардан иборат бўлиб, унинг устки қатлами кулранг тусга эга. Бу қатлам бош мия катта ярим шарлари пўстлоғи деб ном олган. Пўстлоқ турли вазифани бажарувчи кўп миқдордаги нейронлар (14 млрд) тўпланган жойдир. Бу ерда мураккаб интегратив жараёнлар рўй беради. Анализаторларнинг марказий қисми жойлашган пўстлоқда турли тоифага мансуб бўлган (кўрув, эшитув ва ҳ.к.) сезгилар доимо бир-бири билан шартли боғланишлар ҳосил қилиб туриши натижасида одам идрок қилиш қобилиятига эга бўлади.
Энди сезги ва идрок учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳидлов, кўрув, эшитув ва тери анализаторларининг анатомо-физиологик хусусиятлари тўғрисида тўхталиб ўтамиз.
Оптик сигналлар кўзнинг тўр пардасида жойлашган махсус рецепторлар орқали қабул қилинади. Бу ҳужайралар таёқчалар ва колбачалар шаклида бўлиб, биринчилари оқ-қора тасвирни, иккинчилари рангли тасвирни қабул қилади. Тўр парда ҳужайраларида пайдо бўлган қўзғалишлар кўрув нервлари орқали марказга йўналтирилади. Бу импулслар таёқчалар ва колбачалардан кўрув нервларига, хиазмага, кўрув трактига, кўрув дўнглигига, у ердан эса кўрув таъсиротларини анализ ва синтез қилувчи марказ – пўстлоқнинг энса соҳасида жойлашган 17-майдонга узатилади.
Ушбу майдонда кўрув импулслари бирламчи таҳлил қилинади. Бу майдон зарарланса, беморда кўриш бузилади. Буни кортикал кўрлик деб аташади. Кўрув импулслари 17-майдондан 18- ва 19-майдонларга узатилади. Бу ерда кўрув таъсиротлари идрок қилинади ва мураккаб кўрув образлари яратилади. Бу соҳа зарарланса, бемор ўз кўзи билан кўриб турган ва аввал танийдиган нарсаларни ҳамда одамларни танимайди. Буни неврологлар кўрув агнозияси деб аташади. Демак, 17-майдон кўрув таъсиротларини сезиш маркази бўлса, 18- ва 19-майдонлар эса уларни идрок қилиш марказидир. Лекин идрок жараёнида пўстлоқдаги барча марказлар иштирок этади. Кўрув анализаторлари орқали қабул қилинган ахборотлар хотирада сақланади ва кўрув хотирасига айланади.
Эшитув анализатори ҳам, бошқа анализаторлар каби бир нечта бўлимлардан иборат. Одамнинг эшитиш рецепторлари тебраниш тезлиги 16 дан 20000 Гц га қадар бўлган товуш тўлқинларини қабул қила олади. Ички қулоқ чиғаноғида товуш тўлқинларини қабул қиладиган мураккаб рецептор аппарат жойлашган бўлиб, уни Кортий органи деб аташади. Эшитув таъсиротлари Кортий органи орқали қабул қилиниб, эшитув йўллари бўйлаб пўстлоқнинг чакка қисмида жойлашган эшитув марказига (41-майдонга) узатилади. Ушбу марказда эшитув аппаратларидан келувчи товушлар (таъсиротлар) қабул қилинади. Бу ерда товушлар бирламчи анализ босқичини ўтайди. Эшитув таъсиротларини идрок қилиш эса пўстлоқнинг чакка қисмида жойлашган 22- ва 42-майдонларда кечади.
Бу майдонларда эшитилган товушларни таниш, яъни билиш маркази жойлашган. Ушбу соҳалар зарарланганда бемор оддий товушларни (сувнинг оқиши, эшик ғичирлаши, моторнинг ғуруллашини ва ҳ.к.) эшитса-да, ниманинг товуши эканлигини англай олмайди. Демак, атроф-муҳитдаги товушлар бемор учун ҳеч қандай маъно касб этмайди. Агар бола туғма кар бўлса ёки илк болалик давридан эшитмайдиган бўлиб қолса, унда нутқ ривожланмасдан қолади. Нутқ эса инсонни ҳайвонлардан ажратиб турувчи олий руҳий жараёндир. Бундан кўриниб турибдики, эшитув анализаторлари инсоннинг руҳий ривожланишида жуда катта аҳамият касб этади. Лекин қулоғи яхши эшитмайдиган одамларда бошқа сезгилар мукаммаллашиб боришини ҳам эсда тутиш лозим.
Тери-кинестетик (ёки умумий сезги) анализатори ўзига хос тузилишга эга. Унинг маркази орқа марказий пуштада (1-, 2-, 3-майдонлар) ва қисман юқори париетал бўлакда (5- ва 7-майдонлар) жойлашган. Умумий сезги филогенетик жиҳатдан энг кекса бўлиб, инсон учун катта аҳамиятга эга. Одам ҳид ёки таъм билиш, эшитув ёки кўрув сезгиларисиз яшаши мумкин, бироқ умумий сезгисиз унинг ҳаёт кечириши катта хавф остида қолади ёки умуман мумкин эмас. Умумий сезги тушунчаси йиғма тушунча бўлиб, унга тактил, оғриқ ва ҳарорат, мушак-бўғим ва мураккаб сезгилар киради. Ушбу сезгилардан жудо бўлган нафақат одамлар, балки ҳайвонларнинг ҳам ҳаёт кечиришини тасаввур қилиш қийин, албатта. Чунки ташқи оламдан ва ўз танамиздан умумий сезги рецепторлари орқали доимо маълумот келиб туриши одамнинг ҳаракат фаолиятини, демак, яшаш тарзини белгилаб беради. Масалан, оғриқ ва ҳарорат сезгиси орқали иссиқ-совуқни сезсак, мушак-бўғим сезгиси ҳаракатларимиз ҳақида маълумот бериб туради, мураккаб сезги ёрдамида эса кўзимиз юмуқ ҳолатда бўлса-да, кафтимизга қўйилган нарсаларни пайпаслаб нима эканлигини айта оламиз ва ҳоказо.
Мушак, бўғим ва суяклардан мияга келиб турувчи доимий сигналлар одам ҳаракатининг асосини ташкил қилади. Оёқ-қўлимиз ишласа-да, бу сезгиларсиз биз бир қадам ҳам юра олмаймиз ёки қошиқ билан овқатни оғзимизга олиб бора олмаймиз, яъни ҳаракат ҳам, мувозанат ҳам бузилади. Демак, сезги аъзолари фақат ташқи ва ички оламдан таъсиротларни қабул қилиб олиш вазифасинигина бажариб қолмасдан, балки ижро қилиш жараёнларида қатнашадиган ҳаракат аъзолари билан ҳам узвий боғлангандир. Масалан, олдимизда турган бирор нарсани пайпаслаб сезиш ва идрок қилиш учун қўлимизни чўзамиз ва бармоқларимизни ҳаракатга келтирамиз. Бу ерда ҳам юзаки, ҳам чуқур, ҳам мураккаб сезгилар ва ҳаракат функциясининг мужассамлашганини кўрамиз.
Соғлом одамларда барча сезги анализаторлари деярли бир хил ривожланган. Ҳайвонларда эса ундай эмас. Делфинларда эшитув (товуш), каламушларда ҳид билиш, бургутларда кўриш анализатори кучли ривожланган. Маймунларда ҳам кўрув анализатори яхши ривожланган ва бу анализаторларнинг миядаги маркази ҳам шунга яраша катта соҳани эгаллайди. Масалан, одамнинг пўстлоқда жойлашган кўрув марказлари маймунларникига қараганда кичикроқ.
Кўрув анализаторининг бузилишлари ҳақида сўз юритадиган бўлсак, истерияда кузатиладиган кўришнинг тўсатдан пасайиб кетишини алоҳида таъкидлаш зарур. Бунда кўрув йўлларида органик бузилишлар кузатилмайди, лекин беморнинг кўзи кўрмайди ёки хира кўради. Бу ҳолат қаттиқ ҳиссий зўриқиш оқибатида мия пўстлоғининг маълум қисмларида турғун қўзғалишнинг пайдо бўлиши билан тушунтирилади. Кўрув анализаторининг рецептор қисмидан тортиб то марказий қисмигача бўлган зарарланишлар кўришнинг турли хил бузилишлари билан кечади.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.
©Z. Ibodullayev. Umumiy nevrologiya. Darslik. T.; 2021., 312b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y;
©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича