АНТИДЕПРЕССАНТЛАР


Депрессия даражасини пасайтиришда ёки уни бартараф этишда қўлланиладиган дориларга антидепрессантлар деб айтилади.
      
Антидепрессантлар билан даволашнинг умумий қонун-қоидалари
  • Депрессия тури, даражаси, клиникаси ва бэморнинг соматик аҳволидан келиб чиққан ҳолда аниқ бир антидепрессант танлаб олинади. Унинг кундалик дозаси белгиланади ва даволаш схемаси тузилади.  
  • Антидепрессант аввал кам дозада тавсия этилади ва ҳар 3-5 кунда унинг дозаси ошириб борилади. Депрессия аломатлари сезиларли даражада камайса, ушбу доза ўзгармайди. Бу –  терапевтик доза ҳисобланади. Антидепрессантлар ўрта даражали депрессияларда 4-6 ой мобайнида, баъзан ундан ҳам кўп муддат (2 йилгача) ичишга тавсия этилади. Бу қоида депрессиянинг яна қайталамаслиги учун қабул қилинган. 
  • Антидепрессантлар билан даволаш бошлангандан 1-2 ҳафта ўтгандан кейингина бэморнинг аҳволи яхшиланишини тушунтириш ўта муҳим. Акс ҳолда  “бу дорилар менга ёрдам бермаяпти” деб бэмор уларни ичишдан воз кечиши мумкин. Дориларни врачдан бемаслаҳат тўхтатиб қўйиш мумкин.
  • Антидепрессант қабул қилиб юрган бэмор камида ҳар 3 ойда бир марта врач назоратидан ўтиши керак. Бэморнинг қандай антидепрессант қабул қилиб юрганидан бошқа врачлар ҳам хабардор бўлиши лозим. Чунки бошқа дорилар билан биргаликда тавсия этиш мумкин бўлмаган антидепрессантлар ҳам мавжуд. 
Антидепрессантларнинг қуйидаги турлари мавжуд: 1) уч ҳалқали антидепрессантлар; 2) тўрт ҳалқали антидепрессантлар; 3) МАО ингибиторлари; 4) серотонинни қайта ушлаб олинишига тўсқинлик қилувчи селектив ингибиторлар.
           
Уч ҳалқали антидепрессантлар
       
Тарихи. Уч ҳалқали антидепрессантлар (УҲА) тасодифан кашф қилинган. ХХ асрнинг 50-йиллари сил касаллиги учун яратилган имипрамин антидепрессив таъсирга эга бўлиб чиқди. “Уч ҳалқали” деган ном уларнинг кимёвий тузилишига қараб берилган. Чунки УҲА молекуласи бир-бирига бирлашган учта углеродли ҳалқадан иборат. 
       
Дори турлари. Амитриптилин (амитриптилин), имипрамин (мелипрамин), кломипрамин (анафранил), нортриптилин (нортрилен), тримипрамин (герфонал), доксепин (досулепин).
       
Фармакологик таъсири. УҲА носелектив антидепрессантлар тоифасига қиради, чунки рецептор танлаб ўтирмайди, яъни серотонин, норадреналин, холин, мускарин, гистамин рецепторларига ҳам таъсир қилаверади. Шу боис салбий таъсири кўп. УҲА пресинаптик мембранадан синаптик ёриққа тушган норадреналин ва серотониннинг қайта сўрилишига тўсқинлик қилади. Натижада синаптик ёриқда уларнинг миқдори ошади ва посцинаптик мемранага узатилади. Нерв ҳужайраларига кўп миқдорда тушган нейротрансмиттерлар депрессия даражасини камайтиради. 
       
Асосий кўрсатмалар. Ўрта ва оғир даражадаги депрессиялар, кучли қўрқув, хавотир, ваҳима ва ортиқча безовталик билан намоён бўлувчи психотик бузилишлар, реактив невроз ва психозлар, агрессив хулқ-атвор, медикаментоз психозлар, шизофрения қўзиган пайтлари, невроген булимия ёки психоген анорексия, энурез, невроген типдаги ўткир ва сурункали оғриқлар, шу жумладан, мигрен хуружлари.
      
Ножўя таъсирлари 
  • УҲА яққол холинолитик (антихолинергик) таъсирга эга бўлганлиги боис, уларнинг энг кўп учрайдиган ножўя таъсирлари – булар оғиз қуриши, қабзият, сийдик тутилиши, мидриаз, аккомодация фалажи, кам учрайдиганлари – кўз босими ошиши, ксерофталмия, тахикардия, дисфагия ҳамда ичак перисталтикаси пасайиши. 
  • Марказий антихолинергик таъсири туфайли диққат тарқоқлиги, хотира бузилиши, фикрлаш сустлашуви, делирия, эпилептик хуружлар қўзғалиши, галлюцинация, гипоманиакал ҳолатлар ва безовталиклар пайдо бўлиши мумкин. 
  • Алфа-адренергик таъсири ҳамда гистамин рецепторларни қамалга олиши кучли уйқучанлик, ортостатик гипотензия, бош айланиши, умумий холсизлик, руҳий ва жисмоний карахтлик билан намоён бўлади.
  • Турли марказий ва периферик рецепторларни қамалга олиши – тана вазни ошиши, кўнгил айниши, қусиш, ичак перисталтикаси пасайиши, сийдик тутилиши, бош оғриқлар, эйфория, сенестопатия, миоклония, вестибуло-координатор бузилишлар, трэмор, нистагм, атаксия, дизартрия, психоз ва параноидал бузилишлар, дерматоз, анемия, агранулоцитоз, эозинофилия, тромбоцитопения каби ножўя таъсирларга сабаб бўлади.
  • Кардиотоксик таъсири тахикардия, АV-ўтказувчанлик бузилиши, миокард ишемияси кучайиши билан намоён бўлса, сексуал функцияларга таъсири либидо пасайиши, эрекция сустлашуви, эякуляция ушланиб қолиши ва оргазм сезмаслик каби ҳолатлар кузатилади. Ҳомиладор аёллар қабул қилса, бола тушиши хавфи ва тератоген таъсири мавжуд.
Изоҳ. Ушбу ножўя таъсирларни мақбул дозаларни танлаб пасайтириш мумкин. Бироқ антидепрессантлар кам доза ва кам муддатда тавсия этилса, кўзланган натижага эришилмаслиги ва депрессия сурункали тус олишини эсда тутиш лозим.
      
Бошқа дорилар билан ўзаро таъсири. УҲА қабул қилиб юрган бэморларга МАО ингибиторлари (селегин, разагилин, паргилин, пиразидол, бефол) тавсия этилмайди. Акс ҳолда бэморда гипертермия, делирия ва тутқаноқ хуружлари ривожланиб, ҳаёт учун хавфли вазият юзага келиши мумкин. Ушбу дориларни тавсия этиш учун орада 14 кунлик танаффус бўлиши лозим. УҲА флувоксамин, сертралин каби антидепрессантлар билан ҳам биргаликда буюрилмайди. Чунки серотонин синдроми ривожланиши хавфи бор. УҲА бензодиазепинлар, анксиолитиклар, седатив ва ухлатувчи дорилар билан ҳам биргаликда тавсия этилмайди ёки ўта эҳтиёткор бўлиш керак. 
УҲА леводопа дорилари (наком, мадопар) билан биргаликда тавсия этилса, гипертоник криз, клозапин (азалептол) билан биргаликда буюрилса,  нейролептик синдром, тиреотроп (L-тироксин, эутирокс) дорилар билан биргаликда қабул қилинса, АV-ўтказувчанлик бузилиб, аритмия ёки экстрасистолия ривожланиши мумкин. Умуман олганда юрак ритми бузилган бэморларга УҲА тавсия қилинмагани маъқул. Фуразолидон билан биргаликда қабул қилинса, АҚБ ошади.
      
УҲА нинг кам тавсия этилиши сабаблари: ножўя таъсирлари кўп, токсик таъсири юқори, кучли седация чақиради, аксарият антидепрессантлар билан биргаликда тавсия этиб бўлмайди, нейрорецепторларни танлаб таъсир қилувчи самарали антидепрессантлар пайдо бўлганлиги.
УҲА нинг атипик турлари
      
Ушбу атипик антидепрессантларнинг бундай аталишига сабаб, уларнинг кимёвий тузилиши УҲА каби, бироқ таъсир қилиш механизми ундай эмас, яъни антидепрессив таъсири асосий эмас. Атипик УҲА нинг яққол намояндаларидан бири – бу алпразолам (ксанакс, золомакс). Алпразолам кучли ифодаланган анксиолитик, камроқ ифодаланган антидепрессив таъсирга эга. 
      
Уч ҳалқали тузилишга эга бошқа турга мансуб психотроп дорилар ҳам, атипик нейролептик тиоридазин (сонапакс) ҳам антидепрессив таъсирга эга. Шунингдек, левомепромазин (тизерцин), алимемазин (терален), хлорпротиксен (труксал), клозапин (азалептол), тианептин (коаксил) ҳам юқоридаги хусусиятга эга. Бу дориларнинг антидепрессив таъсири дофаминергик система орқали амалга оширилади ва кам дозаларда намоён бўлади ва ҳақиқий антидепрессантларга қараганда суст ифодаланган. 
       
УҲА турлари
      
1.    Триптизол (амитриптилин) – яққол ифодаланган тимолептик, седатив ва анксиолитик таъсирга эга антидепрессант. Седатив таъсири тезда намоён бўлса, антидепрессив таъсири 2–3 ҳафтадан кейин билинади. Оғир шизофрения ва депрессив психозларда тизерцин, седуксен билан биргаликда каттароқ дозада беришга тўғри келади. Бироқ АҚБ назоратда бўлиши лозим. Холинолитик ва адренергик таъсирга эга бўлганлиги боис парентерал юборилганда ортостатик гипотензия кузатилади (айниқса ўрнидан турганда). Шу боис бэмор инЪекция қилиб бўлингач, ярим соатдан ортиқ горизонтал ҳолатда ётиши керак. Қариялар ва болаларга кам дозада берилади. Болаларга 6 ёшдан кейин тавсия этиш мумкин. Ишлаб чиқарилиши: таблетка – 10 ва 25 мг; ампула – 2 мл (20 мг) 1 % ли эритма. 
       
2.    Имипрамин (мелипрамин) – фармакологик таъсири, кўрсатмалар, ножўя таъсирлари ва монелик қилувчи ҳолатлари амитриптилинга ўхшаш. Ундан фарқли ўлароқ, стимуляция қилувчи хусусиятга эга. Ишлаб чиқарилиши: таблетка – 25 мг; ампула – 2 мл 1,2 5% ли эритма.
       
3.    Кломипрамин (анафранил) – амитриптилин ва имипраминга қараганда кучлироқ таъсирга эга антидепрессант. Анафранил депрессиядаги психомотор ва эмоционал карахтликни бартараф этишда жуда самарали. Обсессив-компулсив бузилишларда юқори самарага эга. Қолган барча кўрсатмалари ва ножўя таъсири амитриптилин ва имипраминга ўхшайди. Болаларга 6 ёшдан кейин тавсия этилади. Педиатрия амалиётида обсессив-компулсив бузилишларда кенг қўлланилади. Ушбу бузилишлар 2 ҳафтадан сўнг камайиб, 4-6-8 ҳафталардан кейин терапевтик самараси яққол билинади. Ишлаб чиқарилиши: драже – 25 мг; ампула – 2 мл (25 мг).
       
4.    Нортриптилин (сенсиван) – седатив ва холинолитик таъсири амитриптилинга қараганда суст ифодаланган антидепрессант. Ишлаб чиқарилиши: таблетка – 25 мг. 
       
5.    Фторацизин (флуацизин). Ишлаб чиқарилиши: таблетка – 10 ва 25 мг; ампула – 1 мл 1,25 % ли эритма.
            Тўрт ҳалқали антидепрессантлар
    Бундай антидепрессантлар тўрт ҳалқали кимёвий тузилишга эга бўлиб, улар гетероциклик антидепрессантлар деб ҳам аталади. Уларнинг таъсир қилиш механизми УҲА каби, бироқ селектив ингибиторларга ўхшаш хусусиятлари ҳам бор. Тўрт ҳалқали антидепрессантларга мапротилин (лудиомил), миансерин (леривон), миртазапин (ремерон) каби дорилар киради. УҲА дан фарқли ўлароқ, тўрт ҳалқали антидепрессантларнинг токсик ва ножўя таъсирлари кам. 
       
1.    Мапротилин (людиомил) – тўрт ҳалқали антидепрессант. Сурункали кечувчи депрессия ва хавотирли-фобик (шу жумладан, инволюцион ва климактерик даврдаги) бузилишларда кенг қўлланилади. Депрессия туфайли ривожланган соматик бузилишларда амитриптилинга қараганда самарали ва ножўя таъсирлари кам. Бу дори 18 ёшгача мумкин эмас. Стенокардия, миокард инфаркти ва аритмияда тавсия этилмайди. Ишлаб чиқарилиши: 10, 25 ва 50 мг; ампула – 2 мл 1,25 % ли эритма. Фақат венадан қилинади, яъни 250 мл натрий хлорнинг физиологик эритмасига қўшиб, 1,5-2 соат мобайнида венадан томчилаб юборилади.  Синоними: людиомил.
       
2.    Миансерин (коаксил, леривон) – тўрт ҳалқали антидепрессант. Турли этиологияли, шунингдек, инволюцион депрессияда кенг қўлланилади. Бу дори 18 ёшгача тавсия этилмайди. Ножўя таъсирлари: уйқучанлик, АҚБ тушиши, оғиз қуриши ва умумий ҳолсизлик. Ишлаб чиқарилиши: таблетка – 30 мг. Синоними: коаксил, леривон.

Серотонинни қайта ушлаб олинишига тўсқинлик қилувчи селектив ингибиторлар

Умумий маълумотлар. Серотонинни қайта ушлаб олинишига тўсқинлик қилувчи селектив ингибиторлар (СҚУОТҚСИ) – депрессия ва хавотирли-фобик бузилишларда кенг қўлланиладиган антидепрессантлар. СҚУОТҚСИ учинчи авлод антидепрессантлари қаторига киради. Бу дориларни умумий амалиёт врачлари ҳам тавсия этиши мумкин. 
      
УҲА га қараганда, СҚУОТҚСИ нинг холинолитик ва кардиотоксик таъсири деярли йўқ. Шу боис улар тахикардия, ортостатик гипотензия, аккомадация бузилиши, оғиз қуриб қолиши ва сийдик тутилиши каби ножўя таъсирлар чақирмайди. Бу дориларни узоқ муддат, яъни ойлаб ёки йиллаб тавсия этиш мумкин, профилактик таъсирга эга, рецидивнинг олдини олади, даволаш самарадорлиги узоқ муддат сақланиб қолади. 
       
Таъсир қилиш механизми. СҚУОТҚСИ пресинаптик нейронлардан синаптик бўшлиққа ажралиб чиққан серотонинни қайта ушлаб олинишига тўсқинлик қилади. Натижада синаптик ёриқда серотонин миқдори кўпаяди. Серотонинни посцинаптик мемранада жойлашган махсус серотонин рецепторлари қабул қилиб олади. Бунинг натижасида депрессия камаяди. Бу дориларнинг аксарияти нафақат серотонин, балки дофамин ва норадреналиннинг қайта ушлаб олинишига ҳам тўсқинлик қилади. Демак, организмда, айниқса МНС да серотонин етарли миқдорда бўлса, депрессия белгилари, шу жумладан, хавотир ва фобия бартараф этилади.
     
Кўрсатмалар. Турли этиологияли депрессиялар, хавотирли-фобик бузилишлар, обсессив-компулсив синдром, қўрқув, хавотир ва ваҳима ҳуружлари, фобияларнинг ҳар қандай турлари, психосоматик ва соматоформ бузилишлар, инволюцион депрессия, климактерик синдром, психотик оғриқлар ва сенестопатиялар, болалар ва ўсмирларда депрессия билан намоён бўлувчи хулқ-атвор бузилишлари. 
Эсда тутинг. Суицидал фикрлар кузатилаётган бўлса, стимулловчи хусусиятга эга антидепрессант тавсия этишда эҳтиёт бўлиш талаб этилади ёки уларнинг седатив ҳусусиятга эга тури танланади. Шунингдек, бу дориларни танлашда бэморнинг ёши, умумий аҳволи ва соматик касалликлар мавжудлиги эътиборга олинади. Маниакал ҳолатлар кузатилаётган бўлса, антидепрессант тавсия этилмайди. Стимулловчи антидепрессантлар куннинг биринчи, седатив хусусиятга эга турлари куннинг иккинчи ярмида тавсия этилади.
       
Ножўя таъсирлари
  • бош оғриши, бош айланиши, кўп ухлаш ёки уйқу қочиши, хавотир, тез чарчаб қолиш, яъни жисмоний ҳолсизлик, трэмор, терлаш, либидо пасайиши, суст эрекция, аноргазмия, ригидлик;
  • кўнгил айниши, қусиш, диспепсия, қоринда оғриқлар, анорексия, диарея ёки қабзият;
  • экстрапирамидал бузилишлар (акатизия, дистония, паркинсонизм, дискинезия), тутқаноқ хуружлари;
  • жаҳлдорлик, тажовузкорлик, суицид кучайиши, дисфория, мания ёки гипомания, мотивация сўниши, ҳиссий тўмтоқлик;
  • лейкопения, тромбоцитопения;
  • бошқа дорилар билан ўзаро таъсири;
  • МАО ингибиторлари билан биргаликда қабул қилиш мумкин эмас, акс ҳолда оғир серотонин синдроми ривожланади;
  • УҲА билан комбинация қилиш тавсия этилмайди, акс ҳолда УҲА нинг токсик ва ножўя таъсирлари кучайиб кетади, баъзида оғир серотонин синдроми кучайиб кетади;
  • типик нейролептиклар (галоперидол, тизерцин, трифтазин) билан комбинация қилса, нейролептикларнинг ножўя таъсирлари кучайиши мумкин;
  • СҚУОТҚСИ бензодиазепинлар билан комбинация қилинса, қонда бензодиазепинлар миқдори кўпаяди;
  • СҚУОТҚСИ антиагрегантлар, антикоагулянтлар ва аспирин сақловчи дорилар билан қабул қилинса, ошқозон-ичак системасига қон қуюлиши хавфи ошади;
  • ностероид дори воситалари билан биргаликда қабул қилинса, антидепрессив таъсири пасайиши мумкин;
  • транквилизаторлар ва седатив дорилар билан биргаликда тавсия қилинса, МНС га тормозлаш таъсирини кучайтириш мумкин.
  • камчиликлари. Антидепрессив таъсири кеч бошланади (5-10 кундан сўнг), терапевтик самарага эришиш учун бир неча ҳафта ёки ой кутиш керак, даволашнинг дастлабки кунлари безовталик, жаҳлдорлик, қўрқув, хавотир ва суицидал фикрлар кучаяди (айниқса, антидепрессант-стимуляторларда), сексуал дисфункция чақиради.
Серотонин синдроми. Бу синдром ўта хавфли бўлиб, ўлим билан тугаши мумкин. Ушбу синдром СҚУОТҚСИ билан МАО комбинация қилинганда рўй беради. Серотонин синдром ривожланмаслиги учун иккала гуруҳ дориларини тавсия қилиш орасидаги муддат камида 14 кун бўлиши керак. 
      
Монелик қилувчи ҳолатлар. МАО қабул қилаётган бэморлар, ҳомиладорлик ва лактация даври, эпилепсия ва тутқаноқ синдромлари, буйрак ва жигар етишмовчилиги, ёпик бурчакли глаукома, ошқозон-ичак яраси, спиртли ичимликлардан ҳамда психотроп дорилардан заҳарланиш. Баъзилари болалик ва ўсмирлик даврида тавсия этилмайди.

Стимулловчи хусусиятга эга турлари
  1. Прозак (флуоксетин, флувал, портал, продел). Ишлаб чиқарилиши –  20 мг ли таблетка ёки капсула. Эслатма: 18 ёшгача тавсия этилмайди.
  2. Пароксетин (рексетин, паксил, пароксетин, депресс). Ишлаб чиқарилиши –  20 ва 30 мг ли таблетка ёки капсула. Эслатма: 18 ёшгача тавсия этилмайди.
  3. Сертралин (золофт, стимулотон). Ишлаб чиқарилиши –  50 мг ли таблетка ёки капсулалар. Эслатма: 8 ёшгача тавсия этилмайди.
  4. Венлафаксин (велаксин, венлаксор, велафакс). Ишлаб чиқарилиши: 25; 37,5; 75 мг ли таблетка ёки капсула. Эслатма: 18 ёшгача тавсия этилмайди, яқинда ўтказилган миокард инфракти, ностабил стенокардия, артериал гипертензияда, тахикардияда эҳтиёткорлик талаб этилади. 
  5. Эсциталопрам (севпрам, селектра, ципралекс). Ишлаб чиқарилиши: 10 ва 20 мг ли таблетка. Бу дори 18 ёшгача тавсия этилмайди. 
  6. Милнаципран (иксел). Ишлаб чиқарилиши: 25 ва 50 мг ли капсула. Когнитив функцияларга ва АВ-ўтказувчанликка таъсир қилмайди. Шу боис деменция ва депрессия биргаликда намоён бўлса, ушбу дори танланиши мумкин. АҚБ ни пасайтирмайди, 15 ёшгача тавсия этилмайди. 
Эслатма: Суматриптан қабул қилувчи бэморларга ҳам иксел мумкин эмас (коронароспазм).

Седатив хусусиятга эга антидепрессантлар

  1. Флуоксамин (феварин, флуоксамин) – енгил седатив таъсирга эга антидепрессант. Ишлаб чиқарилиши: 50 ва 100 мг ли таблетка. Постинфаркт депрессияда тавсия этиш мумкин. Дорини 8 ёшгача бўлган болаларга тавсия этиш мумкин эмас. 
  2. Миртазапин (миртел, ремерон, мирталан) – кучли седатив таъсирга эга антидепрессант. Ишлаб чиқарилиши: 30 мг ли таблеткалар. Зўриқиш стенокардияси, яқинда ўтказилган миокард инфаркти, церебрал гэмодинамика тушиб кетадиган патологик ҳолатлар, ишемик инсулт, артериал гипотензия, АВ-ўтказувчанлик бузилишида эҳтиёткорлик талаб этилади ёки бошқа антидепрессант танланади. 18 ёшгача тавсия этилмайди.
  3. Тразодон (триттико) – енгил седатив таъсирга эга антидепрессант. Ишлаб чиқарилиши – 100 мг ли капсула. Кучли депрессияда самараси паст, шу боис енгил турларида кенг қўлланилади. Бошқа антидепрессантлардан фарқли ўлароқ, сексуал функцияга ижобий таъсири бор, бензодиазепинларга боғланиб қолишни олдини олади. Деменция билан намоён бўлаётган депрессияда ҳам кенг қўлланилади. Дорини 6 ёшгача бўлган даврда тавсия этиш мумкин эмас.

МАО ингибиторлари ва бошқа кимёвий гуруҳга мансуб дорилар

  1. Ниаламид (нуредал, ниамид, новазид) – А ва Б типларга мансуб МАО ингибитори. Турли этиологияли руҳий бузилишлар, яъни эндоген, невроген, инволюцион депрессия ҳамда циклотимия, меланхолия, психастения, неврастения ва апатоабулик синдромларда тавсия этилади. Антидепрессив таъсири 7-14 кундан сўнг юзага чиқади. Шунингдек, олигофренияда психоэмоционал фаолликни ошириш учун буюрилади. Невроген, психоген ва кардиоген оғриқларда қўшимча дори сифатида қўлланилади. Масалан, стенокардияда 25 мг дан кунига 2 маҳал буюрилади. Тригеминал невралгия ва диабетик невропатияларда ҳам тавсия этилади. Уч ва тўрт ҳалқали антидепрессантлар билан биргаликда қабул қилиш мумкин эмас. Реактив психоз ва агрессив ҳолатларда  буюрилмайди. Ишемик инсултнинг ўткир даврида тавсия этилмайди, чунки ортостатик гипотензия туфайли мияда қон айланишини пасайтириши мумкин. Юрак фаолияти декомпенсациясида ҳам мумкин эмас. Ниаламид психостимуляция хусусиятига эга бўлганлиги боис, кечқурун тавсия қилинмайди, чунки уйқуни қочиради. Ножўя таъсирлари: уйқусизлик, бош оғриғи, оғиз қуриши, диспепсия. Ишлаб чиқарилиши: 25 мг ли таблеткалар. 
  2. Дулоксетин (симбалта) – норадреналин ва серотонинни қайта ушлаб олинишига тўсқинлик қилувчи селектив ингибитор. Кўрсатмалар ва қарши кўрсатмалар икселга ўхшаш. Сурункали невралгия ва невропатия ҳамда фибромиалгияда қўшимча дори сифатида буюрилади. Суицидни кучайтириш эҳтимоли бор. Бу дори 18 ёшга тўлмаганларга мумкин эмас. Ишлаб чиқарилиши: капсула – 30 ва 60 мг.

Manba©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.  
              © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; 
              ©asab.cc

Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича