Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси Аёлларда учрайдиган сексуал бузилишлар

Аёлларда учрайдиган сексуал бузилишлар


Аёлларда учрайдиган жинсий совуққонликка фригидлик деб аталади. Либидоси йўқ ва оргазм кузатилмайдиган аёллар фригид ҳисобланишади. Фригидликнинг 3 даражаси фарқланади: I даража – жинсий алоқа озгина бўлса-да, ёқимли таассуротлар остида рўй беради, қин ҳўлланади, лекин оргазм кузатилмайди; II даража – жинсий алоқага бефарқ, жинсий қўзғалиш ва ёқимли таассуротлар йўқ; III даража – жинсий алоқани ўта ёмон кўради, жинсий алоқадан қочишга интилади, жинсий алоқа пайтида кучли оғриқ сезади.
      
Мутахассислар шартли равишда фригидликнинг 4 турини ажратишган: 1) ретардацион; 2) психоген; 3) симптфоматик; 4) конституционал.
      
1. Ретардацион фригидлик  жинсий ҳирснинг кеч ривожланиши билан боғлиқ бўлиб, ўтиб кетувчи хусусиятга эга. Умуман олганда, ҳамма соғлом аёлларда ҳам оргазм жараёни бир хил даврда  ривожланавермайди. Оргазм турмуш қургандан бир ҳафта, бир ой, баъзан йиллар ўтгандан сўнг кузатилади. Кўпчилик аёлларда у ўсмирлик давридан бошланса, бошқаларда фақат турмушга чиққач ёки туққанидан сўнг ривожланади. Аксарият қизларда оргазм (тахминан 25 %) тўла жинсий балоғат ёшига етганда пайдо бўлади. Жинсий ҳаётга бўлган талаб 25-30 ёшгача бўлган эркакларда юқори бўлади, 30 ёшдан сўнг эса либидо бироз пасайиб боради. Аксарият аёлларда бунинг акси кузатилади, яъни либидо 30  ёшдан сўнг кучаяди. Лекин 45-50 ёшга етмасдан жинсий майли пасайиб борадиган ва бутунлай йўқоладиган аёллар сони ҳам кўп. Бу иккала бир-бирига зид ҳолатнинг аниқ бир статистик кўрсаткичлари йўқ. Баъзан эркаклар ёш аёлларнинг жинсий ҳаётга бўлган физиологик талабини ортиқча баҳолаб юборишади ва ёши каттароқ аёлларникини эса паст деб ўйлашади. Чунончи, 30 ёшгача бўлган аёлларнинг аксарияти турмуш ўртоғининг жинсий томондан жуда фаоллигини айтишса, 30 ёшдан ошгандан сўнг эса уларнинг сустлигидан шикоят қилишади. 16-18 яшар қизларнинг жинсий ҳаёти 25-30 яшар аёлларникидан бироз фарқ қилади. Уларнинг кўпчилиги учун севиш ва севилиш, хиёбонларда сайр қилиш, тез-тез учрашиб туриш, ўпишиб-қучоқлашиш жинсий алоқага қараганда афзал ҳисобланади. Жинсий яқинликка, асосан, йигитлар мажбурлашади, эрта бошланган (ўзаро хоҳиш билан бўлса-да) жинсий ҳаётдан аксарият қизлар ўзларини ҳақоратлангандек сезишади.
       
2. Психоген фригидлик. Психоген фригидлик сексуал эҳтиёжларни руҳий йўллар билан тўхтатиб юришда рўй беради. Бунинг сабаблари турлича. Севмасдан турмуш қуриш, эрининг жинсий заифлиги, оилавий жанжаллар, бошқа бировни севиб қолиш, фарзанд бўлмаслиги, жинсий алоқалар пайтида ҳар томон ўз усулини таклиф қилавериши каби психологик ҳолатлар психоген фригидлик ривожланишига олиб келади. Лекин бу бузилишлар вақтинча бўлиб, психологик тўсиқлар олиб ташлангандан сўнг ўтиб кетади. 
      
Бу вазиятга оид адабиётларда ёзиб қолдирилган бир мисолни келтириб ўтамиз. Жисмоний тарбия институтини тугатган 25 ёшли қиз кичик бир шаҳарга ўқитувчи бўлиб ишга келади. Ўша шаҳарга ўзи билан бирга ўқиган жисмонан бақувват йигит ҳам ишга юборилади. Қиз унга турмушга чиқишга розилик беради. Никоҳнинг биринчи кечаси вино ичиб маст бўлиб қолган куёв авваллари қизлар билан нима ишлар қилгани, улар унинг қобилиятини доимо юқори баҳолаганликларини мақтаниб, оқизмай-томизмай ёрига гапириб беради. Бу гаплар қизда йигитга нисбатан қаттиқ нафрат уйғотади. Турмуш ўртоғининг жинсий қобилияти яхши бўлса-да, унга нисбатан ҳеч қандай жинсий майл сезмайди. Бошқа йигит билан (жинсий томондан унча кучли бўлмаса-да) жинсий алоқа пайтида оргазм кузатилган. У эри билан ажрашиб, ўша йигитга турмушга чиққан. Бу воқеа психологик фригидликка яққол мисол бўла олади ва жинсий алоқанинг нафақат физиологик, балки психологик жараён эканлигини тасдиқлайди.
      
Жинсий туйғуни тўхтатадиган руҳий омилларга жинсий алоқа пайтида кузатиладиган оғриқли дефлорация, касалланиб қолиш ва бошқаларга гап-сўз бўлишдан қўрқиш каби ҳолатлар ҳам киради.
      
3. Симптоматик фригидлик. Бирорта касаллик натижасида ривожланадиган фригидликка симптоматик фригидлик деб аталади. Бош мия ва орқа миянинг органик касалликлари, эндокрин бузилишлар, урологик ва гинекологик касалликлар, наслий касалликлар, гиёҳвандлик, ароқхўрлик, турли этиологияли энцефалопатиялар, эндоген депрессиялар, оғир юқумли касалликлар фригидликка олиб келиши мумкин.
      
4. Конституционал фригидлик. Бунинг асосида психосексуал функцияларнинг туғма етишмовчилиги ётади. Масалан, худди туғма мусиқий карлик бўлгани каби туғма фригид аёллар ҳам бўлади. Бу аёлларда бошқа ҳамма аъзо ва системалар соғлом, жинсий аъзолари анатомик жиҳатдан яхши ривожланган, оналик функцияси сақланган бўлиши мумкин, лекин уларда турли даражада ифодаланган фригидлик кузатилади. Бундай аёллар учун фригидлик касаллик эмас, балки туғма нуқсондир. Одатда, улар ичида онанизм билан шуғулланганлари бўлмайди, эркаклар билан жинсий яқинликка интилишмайди, одатда, севиб турмуш қуришмайди, жинсий алоқа оргазм билан тугамайди, врачларга бориб даволанишни хоҳлашмайди ҳам. 
      
Фригидликнинг бундай таснифини мукаммал деб бўлмайди, чунки симптоматик ва ретардацион фригидликда психологик омилни инкор қилиш қийин.
     
Дисгамия. Эр-хотин орасидаги жинсий муносабатлар уйғунлиги бузилишига дисгамия деб аталади. Дисгамия икки томондан бирининг жинсий қониқмаслиги туфайли оила бузилиши, ўзаро хиёнат ёки турли даражада ифодаланган неврозларга сабаб бўлади. Аксарият ҳолларда дисгамиянинг асосий сабаби жинсий алоқанинг тез тугашидир (суст эрекция ва вақтли эякуляция сабабли). Чунки аёл киши жинсий алоқанинг оргазм билан тугашини хоҳлайди. Айтиб ўтганимиздек, эркак кишига қараганда, аёл кишида оргазм келиши бирмунча мушкул. Жинсий алоқанинг вақтли тугаши нафақат аёл киши, балки эркак киши руҳиятига ҳам зиён етказади ва эркак киши рафиқасининг олдида эркаклик бурчини бажара олмаганидан ўзини гуноҳкор деб билади. Фригидликдан фарқли ўлароқ, дисгамияни аёл киши руҳан оғир кечиради. Аёл киши бир томондан, турмуш ўртоғини инсон сифатида, болаларининг отаси сифатида яхши кўради, иккинчи томондан ундан жинсий қониқиш ҳосил қилмайди. Айнан мана шундай вазиятга кўп оилалар дучкелади ва бунинг оқибатида тез-тез жанжаллар келиб чиқади.
      
Эркакда ҳам, аёлда ҳам жинсий алоқа бир хил пайтда оргазм билан тугаса, иккала томон ҳам жинсий яқинликдан катта қониқиш ҳис қилади ва ўзаро айбловларга ўрин қолмайди. Аёл кишида оргазм узоқроқ давом этади. Эркак киши жинсий алоқа тугагандан сўнг тез туриб кетишни хоҳласа, аёл киши эса уни эри яна эркалашини хоҳлайди. Аёл кишида оргазм бир соатгача давом этиши ҳам мумкин. Сексолог олимлар фикрича, оргазмнинг келиш тезлиги ва давомийлиги аёл кишининг мизожига ҳам боғлиқ. Баъзи руҳий касалликларда оргазм жуда чўзилиб кетади.
      
Баъзи аёл ва эркаклар оргазм олатнинг ҳажмига боғлашади. Бу муаммо қадимдан кўпчиликни қизиқтириб келган ва уни ўрганиш учун жуда кўп шахсий суҳбатлар ва сўровномалар ўтказилган. Бу соҳани чуқур ўрганган мутахассисларнинг фикрича, оргазм олат ҳажмига боғлиқ эмас ва бу ерда руҳий омил жуда катта аҳамиятга эга. 
      
Чунки олатнинг кичик ҳажмда бўлиши фақат оғир эндокрин касалликларда (нанизм, гипопитуитризм) кузатилади ва  бор-йўғи 2 фоизни ташкил қилади. Сексологлар фикрича,  эримнинг олати кичик деб шикоят қиладиган аёллар сони (жинсий алоқадан қониқишса-да) ўртача 30 % ни  ташкил қиларкан. Аёлларнинг деярли 90 %  – энг асосийси, жинсий алоқанинг қониқиш билан тугаши, деб ҳисоблашади. Аёллар орасида ўтказилган жуда кўп сўровномалар натижаси қуйидагича: жинсий яқинликдан сўнг ҳам аёлга ширин сўзлар айтиш ва эркалатишлар унинг қониқиши учун ўта муҳим омиллардан биридир.
      
Шуни унутмаслик лозимки, жинсий яқинлик пайтида эркак ҳам, аёл ҳам барча санитария ва гигиена талабларига, албатта, амал қилишлари керак.
      
Вагинизм. Жинсий алоқа ва гинекологик текширувлар пайтида қиннинг қаттиқ қисқаришига вагинизм (лот. вагина – қин) деб аталади. Бундай пайтларда тос органлари мушаклари билан биргаликда қорин мушаклари ҳам қисқариб, иккала  сон бир-бирига  жипслашади. Жинсий алоқа пайтида вагинизм ривожланиши учун руҳий омиллар катта аҳамиятга эга. Биринчи марта жинсий алоқа қилаётган ва парда йиртилишида пайдо бўладиган оғриқдан қаттиқ қўрқадиган қизларда вагинизм кўп учрайди.
      
Вагинизмнинг 3 даражаси фарқ қилинади: I даража – вагинизм олатни ёки гинеколог асбобни қинга киргизганда пайдо бўлади; II даража – олат ёки асбобнинг қинга яқинлашганида рўй беради; III даража – вагинизм пайдо бўлиши учун жинсий алоқа ёки асбоблар билан текширишни тасаввур қилишнинг ўзи кифоя.
      
Жинсий алоқани ранг-баранг қилиш мақсадида баъзи аёл ва эркаклар мазохизм ва садизмни хуш кўришади. Жинсий яқинлик пайтида ўзига жисмоний шикастлар етказилгандагина қониқиш ҳосил қилишга мазохизм, ҳамроҳига азоб беришдан қониқишга садизм деб аталади.
      
Вагинизм, айниқса, невроз, истерия ва ипохондрияда кўп кузатилади. Мабодо қизлар биринчи жинсий алоқадан сўнг қаттиқ оғриқ сезса, кейинчалик уларда турли даражада ривожланган вагинизм пайдо бўлиши мумкин. Шунинг учун ёш келинларни жинсий алоқага руҳан тайёрлаш катта аҳамиятга эга.


Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.  
           © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; 
             ©asab.cc

Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича