Тилости нерви, XII жуфт
Тилости нерви, XII жуфт
Топографияси. Тилости нерви (n.hypoglossus, XII нерв)– ҳаракат нерви. Унинг ядроси узунчоқ миянинг пастки қисмида, яъни ромбсимон чуқурча тубида ётади. Бу жойга trigonum hypoglossi дейилади. Ядронинг пастки қисми орқа миянинг олдинги шохи бўйлаб С2 сегментгача тушиб келади. Тилости нерви калла суягини canalis hypoglossi орқали тарк этади ва тил мускулларини иннервация қилади (6.38-расм).
XII ядросига келувчи кортико-нуклеар йўл олдинги марказий пуштанинг пастки қисмидан бошланади ички капсуланинг тизза қисми, мия оёқлари ва кўприкдан ўтиб узунчоқ мияга тушади. Бу толалар узунчоқ миянинг пастки қисмида кесишиб қарама-қарши томонга ўтади ва n. hypoglossus ядросида тугайди. Демак, ҳар бир ядро қарама-қарши яримшардан иннервация олади.