Текшириш усуллари
Текшириш усуллари
- Шикоятлари. Суҳбат чоғида овоз жарангдорлиги ва тембрига эътибор қаратилади. Манқаланиб гапириш, овқат ютишда қалқиб кетиш, овқатнинг бурунга ўтиб кетиши, ҳиқичоқ каби ҳолатлар бор-йўқлиги ўрганилади.
- Юмшоқ танглай ва тилча ҳолати. Бемордан оғзини катта очиб баланд овозда «а-а-а» дейиш сўралади. Нормада юмшоқ танглай симметрик қисқариб, тепага кўтарилади ва тилча ўрта чизиқда туради (6-33а-расм). Ҳаракат ядросининг бир томонлама зарарланишида юмшоқ танглай ўша томонда осилиб қолади, тилча эса соғлом томонга оғади (6-33б-расм).
- Юмшоқ танглай ва ютқин рефлекслари. Бемордан оғзини катта очиб туриш сўралади. Сўнгра шпатель билан галма-гал юмшоқ танглайнинг чап ва ўнг томонларига оҳиста тегизилади. Нормада юмшоқ танглай қисқариб тепага кўтарилади. Сўнгра ютқин рефлекси текширилади. Бунинг учун томоқ орқа деворининг чап ва ўнг томонларига шпатель билан галма-гал тегизилади. Бунда ютиш, қусиш ёки йўталиш ҳаракатлари пайдо бўлади. Бу рефлекслар соғлом одамда жуда яхши чақирилади. Бироқ қарияларда ушбу рефлекслар бирмунча суст чақирилишини эсда тутинг. Бу рефлексларнинг бир томонда чақирилмаслиги ўша томонда IX ва X нервларнинг периферик типда зарарланганлигидан далолат беради.
- Таъм билиш. Тилнинг орқа 1/3 қисмига енгил таъмли моддалар томизиб текширилади (текшириш қоидаси V нерв ёзилган жойда келтирилган).
Зарарланиш симптомлари ва топик диагностикаси
Дисфагия – ютишнинг бузилиши кузатилади, овқатланиш пайтида суюқ овқат бурун-ҳалқум бўшлиғига ўтиб, унинг бир қисми бурундан оқиб тушади, бемор манқаланиб гапиради, яъни ринолалия кузатилади. Овоз пардалари фалажланиши сабабли дисфония ривожланади. Юмшоқ танглай зарарланган томонда осилиб қолади, фонация пайтида фақат соғлом томон қисқаради, бунинг натижасида тилча (uvula) соғлом томонга оғади. Зарарланган томонда ҳалқум ва юмшоқ танглай рефлекслари сўнади.
Тилнинг орқа 1/3 қисми ва ҳалқум деворида сезги ва таъм билиш бузилади, яъни анестезия ва агевзия кузатилади. Шунингдек, юмшоқ танглай ва ҳалқум рефлекслари пасаяди ёки сўнади. Таъм билиш анализаторининг кортикал маркази таъсирланса, таъм билиш галлюцинацияси пайдо бўлади. Қулоқ олди сўлак бези фаолияти сўниши оқибатида оғиз қуриши рўй беради.