Зангиота тиббиёт коллежида “Устозлар изидан борамиз” маънавий – маърифий тадбири ўтказилди
Шамдек бўл, шамни кўр, куйиб қалбу тан,
Ўзгалар дилини қилади равшан.
Абдурахмон Жомий
Машойиҳлар устозларни ота-оналарга менгзаб, “Ота-онанг сени осмонлардан ерга олиб тушди, яъни йўқдан бор қилди, устозинг эса сени яна осмонларга олиб чиқди, яъни сенинг илмингни, мартабангни баланд қилди”, дея уларнинг меҳнатлари ва чеккан заҳматлари баҳосини белгилаганлар.
Худди шу нуқтаи назарда, жорий йилнинг 14 декабр санасида, Тошкент тиббиёт академиясининг академик лицей ва касб-хунар коллежлари билан ишлаш бўлими ва Тошкент тиббиёт академиясининг маънавият ва маърифат бўлими ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 4 октябрдаги 400-сонли ва 2010 йил 1 июлдаги 131- сонли Қарорлари, ОЎМТВ нинг 2005 йил 2 мартдаги 39-сонли буйруғи, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2010 йил 2 июлдаги 202-сонли, 2016 йил 22 мартдаги 137- сонли буйруқлари ва ТТА ректори томонидан 2013 йил 8 октябр санасида тасдиқланган “ТТА академик лицей ва касб-хунар коллежлари ўртасидаги хамкорлик ишлари тўғрисида” ги Низоми асосида, Тошкент тиббиёт академияси “Асаб касалликлари” кафедраси профессори, тиббиёт фанлари доктори, “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш аълочиси”, “Тиббий психология” бўйича магистратура директори, невролог ва нейропсихолог олим Ибодуллаев Зарифбой Раджабовичнинг “Устозларимиз изидан борамиз” номли маънавий – маърифий тадбир Зангиота тиббиёт коллежи ўқувчилари билан бўлиб ўтди.
Тадбирни профессор Ибодуллаев Зарифбой Раджабовични шогирди, Тошкент тиббиёт академиясининг маънавият ва маърифат ишлари бўйича услубчи ва “Тиббий психология” йўналишининг II-босқич магистри Расулбек Полванов олиб борди.
Академик лицей ва коллежлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Ш.Ф.Усманова тадбирни очиб берар экан устози Ибодуллаев Зарифбой Раджабовични сиймосида у аввало:
- Комил инсонни;
- Ўзининг илмий асарлари ва тайёрлаган шогирдлари билан нафақат диёримизда, балки Марказий Осиё ва кўлаб чет мамлакатларда эътироф этилган машҳур, маълум ва етук тиббиёт олимини;
- Ўта болажон, оилапарвар, қариндошпарварни;
- Ўзбекистонда тиббиёт фанининг, айниса, “Тиббиёт психологияси” фанининг ривожига улкан ҳисса қўшган истеъдодли ташкилотчини;
Шогирдларини фарзандларидек асраб авайлаб, ғамҳўрлигини аямаган меҳрибон мураббий инсонни кўришини таъкидлаб, коллеж ўқувчилари билан ўзининг талабалик даврларидаги фикр ва мулҳазаларини ўртоқлашдилар.
Шундан сўнг, “Фарзанднома” асарининг муаллифи, публицист ва журналист Обиддин Маҳмудов сўзга чиқиб, устозлик ва шогирдлик анъанаси ҳақида ёшларга ўрнак бўладиган, уларнинг маънавий камолотига ижобий таъсир кўрсатадиган, ўзларининг хаётий тажрибаларига асосланган фикр ва мулоҳазалари билдириб, жумладан:
“Комил инсон осмондан тушмайди, у ҳам устоз тарбиясини олиб шаклланади. Яхшилик, эзгуликни ўргатиб саодатга элтувчи йўлни кўрсатадиган кишинигина УСТОЗ дейиш мумкин.
Илми борга юз хавас, устози борга эса минг хавас қилса арзийди! Дархақиқат, шундай устозлар борки, шогирдларига нафақат илм бериб, йўл-йўриқ кўрсатиб, муомала маданияти, маърифатни ўргатиб қолмасдан, балки, уларга хаёт йўлидаги сўқмоқлардан тўғри юришни, оқ-қорани англашни, яхши ёмонни ва халол-харомни ажратишни хам беминнат ўргатади. Устоз инсон маънавиятининг меъморидир. Отанинг фарзандига яхшилик қилиш учун оталик ҳисси бор, устознинг эса бировнинг фарзандини кўкларга кўтариб, ўз касбини ўргатиш учун, жонкуярлик қилиши учун инсонийлик фазилатидандир, дея ўқувчи-ёшларга устозлик ибрати хақида тушунчалар бердилар.
Тадбирда профессор Ибодуллаев Зарифбой Раджабовичнинг шогирдлари, “Тиббий психология” йўналиши бўйича магистрлар иштирок этиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирар эканлар, ўз устозларидан:
- Аввало, инсонга, оилага, миллатга, Ватанга чексиз муҳаббатли бўлиш, яъни инсонпарвар, миллатпарвар, ватанпарвар бўлишни;
- Иккинчидан, ҳалолликни, покликни ўз ҳаётининг мезони қилиб олиши;
- Учинчидан, бошқа инсонларнинг ютуғига, бойлигига, амалига ҳасад билан эмас, балки, хавас билан қарашни, яъни мен ҳам шу инсон эришган ютуққа, бойликка, амалга эга бўлай, деган яхши ният билан умргузаронлик қилишни;
- Тўртинчидан, нафақат бола-чақасига, балки, уруғ-аймоғига, қариндошларига, ёр-биродарларига, шогирдларига ва жамики инсонларга қўлидан келганча яхшилик қилишни;
- Бешинчидан, ўз касбини ҳурмат қилишни, яхши кўришни, улуғлашни ва танлаб олган касбининг пири бўлишни;
- Олтинчидан, ўз хаётини сермазмун, сержило ва гўзал ўтказишни, яъни ўзидан катта, салмоқли салоҳиятли из колдиришни ўрганмоқдамиз, дея таъкидладилар.
Тадбир сўнгида коллеж ўқувчилари профессор Ибодуллаев Зарифбой Раджабовичга ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар. “Энг яхши савол” номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар профессорнинг ўз қаламига мансуб тиббиёт дарсликлари билан тақдирландилар.
Албатта, ҳар бир инсон “Ватан менга нима берди, деб эмас, балки, мен Ватанга нима бердим”, деб қаттиқ бел боғлаб, эл-юртимиз келажаги йўлида тинмасдан изланишда, ҳаракатда ва инсонлар учун меҳри жўш урадиган, қалбида ўзбек халқи завол кўрмасин, дард нималиги билмай сиҳат-саломат юрсин, Она Ватан янада фаровон, машҳури жаҳон бўлсин деган орзу-ниятлар пировардида “Озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон хаёт қуриш”, ғоясини кўра олиши керак.
Бу каби тадбирлар, Ўсиб келаётган ёш авлодларимизга тиббиётимизнинг етук ва тажрибали мутахассисларини хаёт йўли, касбий махорати, бой илмий ва амалий тажрибаси билан ўртоқлашиш, намуна ва ўрнак бўлишдир. Ўқувчида олий таълимга ва хусусан, китобга бўлган қизиқишни ошириш ва шифокорлик касбига меҳр уйғотишда салмоқли ҳисса қўшади деган умиддамиз.
Муаллиф: Полванов Расулбек
Тадбирда тақдим этилган видеолавҳа
Обиддин Маҳмудов – «фарзанднома» («Устоз, ким – ул зот?»)
[media=https://youtu.be/d3HetSLH5J8]