Ўзбекистонда психосоматик тиббиётни ривожлантириш истиқболларига бағишланган анжуман
2017 йил 11 ва 12 апрел кунлари Тошкент ва Самарканд шаҳарларида “Психосоматик тиббиёт: муаммо ва ечимлар” номли анжуман бўлиб ўтди. Анжуманда Португалия, Польша, Латвия ва Белоруссиядан олимлар ўз маърузалари билан чиқиш қилишди. Европанинг йирик психосоматик тиббиёт марказларидан ташриф буюрган ушбу мутахассислар шифокор амалиётида психосоматик бузилишларни аниқлаш ва психологик усуллар билан даволаш ҳақида ўзларининг тажрибаси билан ўртоқлашдилар.
Ҳукуматимиз томонидан Ўзбекистонда Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш борасида жуда кўп ишлар олиб борилмоқда. Соғлиқни сақлаш йўналиши 2017-2021 йилларга мўлжалланган “Ҳаракатлар стратегияси” да алоҳида ўринга эга. Бу борада бир қатор фармонлар ва қарорлар қабул қилинган ва қилинмоқда. Энг илғор технологиялар ва йўналишларни Ўзбекистон тиббиётига тадбиқ қилиш, соғлиқни сақлаш тизимига замон талабларига жавоб берадиган юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш асосий мақсадларимиздан биридир. Ана шундай янги йўналишлардан бири – бу психосоматик тиббиётдир. Психосоматик тиббиётга бағишланган ушбу анжуман Ўзбекистонда биринчи бор ўтказилаяпти.
Анжуманни Тошкент тиббиёт академияси ректори Л.Н. Туйчиев очиб берди. Лазиз Нодирович Туйчиев юртимизга ташриф буюрган олимларни қутлаб, уларни Ўзбекистонда тиббиёт соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар билан таништирди. Ўзбекистонлик профессор-ўқитувчиларнинг ривожланган Европа давлатларига бориб қисқа ва узоқ муддатли таълим олишларига яратилган шароитла ҳақида сўзлади. Ректор, шунингдек, юртимизда психосоматик тиббиётни ривожлантиришга қўйилаётган биринчи қадам билан ушбу анжуман ташаббускорларини табриклади ва уларнинг ишига омадлар тилади.
Сўнгра Тошкент тиббиёт академияси профессори, “Тиббий психология” дастури директори З.Р. Ибодуллаев сўзга чиқди. Олим “Ўзбекистонда психосоматик тиббиётнинг долзарб муаммолари ва ечимлари” номли маърузасида мажуд камчиликлар ҳақида сўз юритди. З.Р. Ибодуллаев тиббиёт институтларида психосоматик тиббиётни ўқитиши йўлга қўйилмаганлиги, асосий урғу замонавий диагностика усулларига берилиб, психодиагностика ва психотерапияни ўқитиш четда қолиб кетаётганлиги, шу боис врачлар психодиагностика ва психотерапия бехабар қолаётганлиги ҳақида сўз борди. Нафақат психиатр, невропатолог ёки психоневрологлар, балки барча соҳа врачлари ташхис қўйиш ва даволаш жараёнида психодиагностика ва психотерапия усулларидан кенг фойдаланишлари зарурлиги айтиб ўтилди. Бу методларни тиббий ходимлар эмас, балки психологлар ўқитиши зарурлиги айтиб ўтилди. Тиббиёт институтларида ханузгача “Тиббий психология ва психотерапия” кафедралари йўқлиги танқид остига олинди.
Маъруза сўнггида З.Р. Ибодуллаев 2017-2021 йилларда Ўзбекистонда психосоматик тиббиётни ривожлантириш концепцияси лойиҳасини анжуман қатнашчиларига ҳавола қилди. Ушбу концепция қуйидаги пунктлардан иборат:
- Тиббиёт институтларида “Психосоматик тиббиёт”ни ўқитиш методологиясини ишлаб чиқиш.
- Тиббиёт институтларида психодиагностика ва психокоррекцияни ўқитишга ушбу методикаларни биладиган профессионал мутахассисларни жалб этиш.
- Тиббиёт институтларида “Тиббий психология ва психотерапия” кафедраларини ташкил этиш.
- Психосоматик бузилишларни аниқлаш бўйича “Клиник протокол” лар ишлаб чиқиш.
- Ўзбекистонда психосоматик бузилишларнинг тарқалиш даражасини ўрганиш учун “Махсус регистр” яратиш.
- «Тиббий психология» ихтисослиги бўйича олий малакали илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш дастурини ишлаб чиқиш.
- Клиникаларда “Психосоматик тиббиёт” бўлимлари, маслаҳат ва оилавий поликлиникаларда “Тиббий психолог” хоналарини ташкиллаштириш.
- Илмий-тиббий марказларда психосоматик бузилишларни тадқиқ қилиш бўйича “Психофизиология ва психокоррекция” лабораторияларини яратиш.
- Касалликларни номедикаментоз даволаш усулларини (психодинамик терапия) тиббиётга тадбиқ этиш.
З.Р. Ибодуллаев ушбу таклифларни киритар экан, агарда Ўзбекистонда психосоматик тиббиётни ривожлантириш дастури тўлиқ тадбиқ этилса, ташхис қўйиш ва даволашга кетадиган сарф-ҳаражатлар ўртача 35 % га камайишига алоҳида урғу берди.
Португалияли профессор Констанция Паул “Психосоматик тиббиётнинг замонавий тамойиллари” мавзусида маъруза қилди. Олима Ҳалқаро психологлар ассоциациясининг Геронтопсихология бўлими раҳбари ҳисобланади. Португалияда геронтопсихология Илмий-тадқиқот маркази директори бўлиб фаолият кўрсатади. Олима бугунги кунда психосоматик тиббиёт Европа давлатларида энг ривожланиб келаётган йўналишлардан бири эканлиги ҳақида сўз юритди. У нафақат психиатрлар ва неврологлар, балки терапевтик йўналишдаги бошқа соҳа врачлари ҳам психодиагностика ва психотерапия усуллари бўйича кўп соатли таълим олишлари ҳақида сўзлади. Йирик клиникаларда нейропсихология, геронтопсихология ва психосоматик тиббиёт бўлимлари мавжудлигини айтиб ўтди. Шунингдек, олима Ўзбекистонлик ёшларни Португалияда тиббий психология бўйича малака оширишга таклиф қилди.
Польшалик профессор Томас Габриэлич “Деменцияда психологик бузилишларнинг бихевиорал терапияси” ҳақида чиқиш қилди. Олим Польшада Алсхаймер касаллигини ўрганиш ассоциацияси президенти, Польша психиатрлар ассоциациясининг психогериатрия секциясини бошқаради. Олим когнитив-бихевиорал терапияни деменцияда қўллаш усуллари хақида батафсил маълумот берди ва бу борада Ўзбекистонлик олимлар билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини айтиб ўтди.
Психосоматик тиббиёт – турли соҳа врачлари ва психологлари жамоасидан ташкил топган йўналиш. Шу боис ҳам ушбу анжуманда гастроэнтеролог ҳам иштирок этди. Латвиялик профессор Алдис Пукитис “Таъсирланлан ичак синдромининг функционал симптомлари” ҳақида маъруза қилди. Анжуман иштирокчиларининг ярмидан кўпи умумий амалиёт врачлари бўлганлиги боис ушбу маъруза катта қизиқиш билан кутиб олинди. Алдис Пукитис Латвия Университети тиббиёт факультети профессори, Америка гастроэнтерологлари ва клиник фармакологлари ассоциацияси аъзоси, Латвия гастроэнтерологлари ассоциацияси президенти.
Тошкент тиббиёт академияси асаб касалликлари кафедраси мудири, профессор Г.С. Рахимбаеванинг маърузаси “Психоген кардиалгия: диагностика, даволаш ва психотерапия тамойиллари” мавзусида бўлди. Ушбу маърузада юрак соҳасидаги оғриқларни даволашда қўлланиладиган замонавий психодиагностика ва психотерапия усуллари ҳақида сўз борди. Маърузада келтирилган маълумотлар ташриф буюрган кардиологлар ва терапевтларда катта қизиқиш уйғотди. Г.С. Рахимбаева келтирган маълумотлар умумий амалиёт врачлари учун ҳам дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Белоруссиядан ташриф буюрган олим, т.ф.н., доцент А.А. Александров Минск шахрининг бош психиатри ва психотерапевти. Унинг маърузаси “Психосоматик бузилишларнинг намоён бўлиши ва комплекс даво усуллари” га бағишланди. Асли касби психиатр бўлган ушбу ёш олим умумий амалиёт шифокори тажрибасида психотерапевтик усулларни қўллашга оид жуда кўплаган маълумотлар берди. А.А. Александров ўз маърузасини “Ҳар биримиз психотерапевт бўлишимиз керак, акс ҳолда беморларни даволашда кўзланган натижага эришиб бўлмайди” деб якунлади.
Катта маҳорат дарсига айланган ушбу анжуманда психиатр, психолог, невролог, гастроэнтеролог, терапевтларнинг маърузалар билан чиқиши психосоматик тиббиётнинг нақадар кенг қамровли фан эканлигидан далолат беради.
Шунингдек, анжуманда Республикамизнинг атоқли психологлари профессорлар А.С. Бегматов, Ғ.Б. Шоумаров, Э.Ғ.Ғозиевлар ҳамда Ўзбекистон Миллий Университети, Тошкент Давлат Педагогика Университетининг психология факультети ва кафедралари психолог-ўқитувчилари ҳам иштирок этишди.
Эртаси куни барча олимлар қадимий ва навқирон шаҳар Самаркандда бўлиб маҳорат дарсларини ўтказишди.
Маҳорат дарси шаклида ўтказилган ушбу анжуман Ўзбекистонда психосоматик тиббиётни ривожлантиришга албатта катта ҳисса қўшади.
Зарифбой Ибодуллаев
Тошкент тиббиёт академияси профессори,
“Тиббий психология” дастури директори
Actual problems and solutions of psychosomatic medicine in Uzbekistan (Z.R.Ibodullaev) >>>
Ўзбекистонда Психосоматик тиббиётнинг долзарб муаммолари ва ечимлари (З.Р.Ибодуллаев) >>>
Фотолавҳалар: