Эҳтиёт бўлинг, дори!
Савол. Инсон миясига дори рекламасининг қандай таъсири бор?
Жавоб. Дориларни ҳадеб реклама қилиш, албатта уларни қабул қилувчилар сонини кўпайтиради. Афсуски, дориларни келди-келмади қабул қилиш аксарият одамлар орасида одат тусига кирган. Бунинг асосий сабабларидан бири – оммавий-ахборот воситалари, айниқса ойнаи жахон ва радиода дориларнинг кўп реклама қилинишидир. Инсон мияси янги ахборотга жуда ўч. Агарда қайсидир маълумот ҳадеб такрорланаверса, мия ушбу маълумотни тўғри деб қарор қабул қилади. Қарор қабул қилингандан сўнг мия уни бажаришга киришади. Миянинг ушбу қобилиятини яхши тушунган реклама компаниялари ундан ўз мақсадларида унумли фойдаланишмоқда. Шу боис энг кўп реклама қилинган воситалар ҳар бир одамда катта қизиқиш уйғотади.
Савол: Қайси дори қачон реклама қилинади?
Жавоб: Қишда тана ҳароратини тушурувчи ва оғриқ қолдирувчи дорилар, баҳорда аллергияга қарши дорилар, ёзда эса ич кетишни тўхтатувчи дорилар кўп реклама қилинади. Бунинг сабабини тушунаётгандирсиз. Овқатни ҳазм қилдирувчи дорилар эса ҳар доим реклама қилинаяпти. Бу ўта ҳавфли! Қайсидир рекламада ўсмир йигит жуда кўп овқат истъемол қилади ва қорни шишиб кетади. Сўнгра овқат хазм қилдирадиган дорини ичади ва ҳурсанд бўлади. Биз ёшларга соғлом турмуш тарзини ҳар жойда тарғибот қилаётган даврда, нима учун ўсмирлар иштирокидаги бундай рекламалар ОАВ чиқиб кетаяпти. Бу албатта тушунарсиз хол. Дориларнинг ҳар қандай кўринишда рекламасини тўхтатиш зарур деб ҳисоблайман.
Савол. Дори рекламаси оқибати ёмон тугаган ҳолатни ўзингиз кузатганмисиз?
Жавоб. Кузатганман. Мени шаҳар юқумли касалликлар шифохонасига 12 ёшли болани кўриб беришга чақириб қолишди. Борсам унда менингит ривожланган экан. Менингитда тез ёрдам кўрсатмаса, бемор ўлади ёки умрбод ногирон бўлиб қолади. Воқеа бундай содир бўлган. Бола сочини ювиб кўчага чиқиб кетади. Кечаси тана харорати кўтарилади. Ўша пайтда телевизорда тана хароратини дарров туширувчи дорининг рекламаси кетаётган бўлади. Она болага ўша доридан беради. Бола дорини ичиб ухлаб қолади. Эрталаб хабар олиб боланинг ёнига киришса, у алаҳсираб ётган ва бутун танасига тошмалар тошиб кетган бўлади. Боланинг ота-онаси қўрқиб кетиб “Тез ёрдам” чақиришади. Докторлар уни юқумли касалликлар шифохонасига олиб келишади. Унда менингит ривожланган эди. Боланинг ҳаёти зўрға сақлаб қолинади. Тана ҳарорати кўтарилган ҳар қандай беморга, албатта, шифокорни чақириш керак.
Савол. Дори касаллигидан қандай қутулиш мумкин?
Жавоб. Шундай одамлар борки, дорини тинмай реклама қилишса ҳам уни доктор рухсатисиз қабул қилмайди. Улар кимлар? Бундайлар дунёқараши кенг, китоб ва газеталарни кўп мутола қиладиган одамлардир. Улар ҳар доим соғлом турмуш тарзига риоя қилишади. Менинг қабулимга эр-хотин кўрингани келишди. Уларнинг ёнида 5 яшар боласи ҳам бор эди. Мен боланинг ота-онасини текшириб зарур дори-дармонларни ёзиб бердим. Ота-она раҳмат айтиб кетишаётганида ҳалиги 5 яшар бола “Доктор! Айтингчи, бу дорилар адам ва ойимга зарар қилмайдими?” – деб сўради. Жажжи боланинг бу саволидан ҳамма кулиб юборди. У эса жиддий турарди. Болам сен дорининг зарарли таъсирини қаердан эшитгансан, деб сўрадим. Бола жиддий оҳангда “Ахир дори касал одамга бериладику, демак у ёмон бўлса керак”, – деб жавоб қайтарди. Кейин билсам, ушбу бола бувиси билан кўп бўларкан. Бувиси унга нима ёмон-у, нима яхши ҳақида кўп сўзлаб бераркан. Бу воқеадан ҳамма ўзига керак хулосани чиқариб олади, деган умиддаман. Биз оила даврасида шу каби суҳбатларни ўтказиб турсак, турли ёмон одатлардан, шу жумладан дори касаллигидан ўзимизни асраган бўламиз. Дори касаллигига дучор бўлганларга маслаҳатим шуки, доктордан берухсат ҳеч қандай дорини қабул қилманг.