КОМА ВА ОНА МЕҲРИ
Комага тушган одамни даволашдан кўра, уни парвариш қилиш – бу жуда катта азоб. Бемор парвариши ўта мураккаб жараён бўлиб, оила аъзоларидан жуда катта чидам ва маҳоратни талаб қилади. Мен узоқ йиллар комадан ётган қизини жуда катта меҳр ва умид билан парвариш қилган битта онани яхши биламан (бундайлар кўп бўлса керак). Ҳар гал ушбу хонадонга ташриф буюрганимда, у ердаги ажойиб бир вазият мени ўзига ром қиларди. Умуман тилсиз ва унсиз ётган бу қизнинг бадани шу қадар тоза, сочлари чиройли қилиб ўраб таралган, тирноқлари текис олинган ҳолатни кўрардим. Қизнинг бадани илиқ ва ундан ёқимли ҳид таралиб турарди.
Балким қалби пок ОНА ўз қизидан умидини узгандир, бироқ шунда ҳам онгиз ётган қизининг баданини ўта пок сақлашга ҳаракат қилаётган эди. Мен ҳар гал онанинг менга умидли кўзлари билан қарашини кўриб эзилиб кетардим. У ҳар доим мени кулиб кутиб оларди. Охирги умидим Сиз дерди. Уни юртимиздаги барча невролог-профессорлар кўрган ва даволашга уринишган,бироқ касаллик оғирлиги сабабли натижа бўлмаганди. Менинг ҳам қўлимдан ҳеч нарса келмасди. Тиббиёт юз ўгирган бу қиздан, ОНА ҳали умидини узмаган эди. ОНА мени негадир ҳадеб чақирарди, келиб туринг дерди. Мен ушбу буюк ОНА олдида мен таъзим қилгим келади.
Мен ҳар гал “Энди келмай қўя қолай, барибир фойдаси йўқ” дегим келади-ю, бироқ қандайдир бир куч мени ўша хонадонга боришга ундарди. Бу куч – ОНА меҳри эди. Мен бундай онага йўқ дея олмасдим. Мен унинг учун ушбу хонадонга тинмай боришга рози эдим. Менинг ташрифларим ОНА дардини енгиллаштирарди, бироқ мен бу хонадондан оғир ҳис билан уйга қайтардим. Чунки мен унинг қизига ёрдам бера олмаслигимни билардим. Мен бу улуғ инсонга “Инсульт ва кома” номли китобимни совға қила олдим холос. Орадан бир неча ойлар ўтиб, ОНА мендан хабар олмай қўйди…
Профессор Зарифбой Ибодуллаев