Зўриқиш бош оғриғи нима?
Шу кунгача стресс ва доимий руҳий сиқилишлар зўриқиш бош оғриғининг асосий сабаби қилиб кўрсатилмоқда. Касаллик, асосан, бошни икки томондан сиқувчи оғриқлар ва энса соҳаси оғриқлари билан намоён бўлади. У 20–40 ёш орасида кўп учрайди. Аммо у болалик ва ўсмирлик даврида ҳам, ёши катталарда ҳам ривожланиши мумкин.
Доимий депрессия, руҳий сиқилишлар, қўрқув ва хавотир, ўткир ва сурункали стрессларга қўп дучор бўладиган одамларда зўриқиш бош оғриғи кўп кузатилади. Шунингдек, ишлаш ва дам олиш тартиби бузилишига ҳам катта урғу берилади. Доимо бир хил ҳолатда ўтириш ҳам, яъни компьютер монитори олдида соатлаб қолиб кетиш ёки шу каби бошни қимирлатмай ишлайдиган ҳолатлар энса ва чакка мушаклари таранглашувига ва зўриқиш бош оғриғи ривожланишига туртки бўлади.
Бошнинг турли нуқталарини босиб текширса, ўша нуқталар оғрийверади. Бемор бошнинг икки томони қаттиқ сиқиб оғришидан шикоят қилади. У ушбу бош оғриқларни шундай таърифлайди: «Доктор менинг бошим худди сиқиб турувчи темир қалпоқ кийдириб қўйгандек ёки тасма билан қаттиқ қисиб боғлаб қўйгандек оғрийди». Баъзида оғриқ унча кучли бўлмаса-да, унинг сиқиб оғрувчи хусусияти сақланиб қолади. Барча томондан сиқиб ва босиб турувчи бош оғриқлар ушбу касаллик учун жуда хос. Бу уни мигрендан фарқловчи асосий белгиси ҳамдир. Мигрендан фарқли ўлароқ, зўриқиш бош оғриғида кўнгил айниши ва қусиш деярли кузатилмайди. Лекин оғриқ хуружлари пайтида ёруғлик ва ортиқча шовқин уларга ёқмайди.
Кейинчалик лўқилловчи бош оғриқлар ҳам қўшилади. Зўриқиш бош оғриғи учун икки томонлама оғриқлар жуда хос бўлса-да, баъзида оғриқлар бир томонлама тус олади. Улар, ҳатто бошнинг маълум бир қисмида, яъни пешона, чакка, энса ёки тепа соҳасида жойлашиши мумкин. Жуда кўп ҳолларда бош оғриқларга невроз ва психоз белгилари қўшилади ёки кучаяди. Оғриқ пайтида беморнинг кайфияти тушиб кетади, ҳеч ким билан гаплашгиси келмай, қоронғи хонага кириб ётиб олади. Агар оғриқлар кундузи бошланса, ишни ташлаб уйга келади ва ётиб ухлашга ҳаракат қилади. У тезроқ оғриқдан қутулиш учун кучли оғриқ қолдирувчи дорилар беришларини илтимос қилаверади. Бироқ бу оғриқлар мигрендагидек кучли бўлмайди. Беморнинг атрофида яхши психологик муҳит яратилса ва беморга дорилар олавериш яхши эмаслиги тушунтирилса, у бу дорилардан вақтинча воз кечиши мумкин. Баъзи беморларнинг бошини уқаласа ҳам бош оғриғи камаяди ва уйқуга кетади.
Даволаш комплекс тарзда олиб борилади. Бунинг учун фармакологик, физиотерапевтик ва психотерапевтик муолажалар қўлланилади. Фармакологик дорилар, кўпинча бош оғриқ пайдо бўлган пайтларда тавсия этилади. Енгил ҳолатларда цитрамон ҳам бош оғриқни яхши бартараф этади. Баъзи ҳолларда бемор парацетамол ёки ацетилсалицил кислотаси қабул қилса бош оғриғи тўхтайди ёки камаяди. Кучлироқ бош оғриқларда бу дорилар самара бермайди. Бундай пайтларда невропатолог назоратида даволаниш зарур.
Беморнинг кечқурун тинч ухлаши жуда аҳамиятлидир. Шунинг учун ухлатувчи дорилар ҳам буюрилади. Кундуз кунлари тинчлантирувчи гиёҳлардан таркиб топган дорилар (валериан дамламаси ва ҳ.к.) тавсия этилади. Беморга рефлектор таъсирга эга бўлган даволаш муолажалари, яъни игна билан даволаш, дорилар электрофорези, бўйин ва бошни уқалаш, дорсанвал каби муолажалар ҳам ёрдам беради.
Даволаш. Бемор соғлом турмуш тарзига ўргатилади. Унга бош оғриқнинг асосий сабаблари психоэмоционал зўриқишлар ва кам ҳаракатли ҳаёт тарзи эканлиги тушунтирилади. Бемор ўзининг кун тартибини тўғри тузиб чиқиши, яшаш ва ишлашда бир хилликдан воз кечиши зарурлиги уқтирилади. Йиллар мобайнида шаклланиб қолган стереотип ҳаёт тарзини кескин ўзгартириш ҳам оғриқлар камайишига олиб келади. Режали тарзда спорт билан шуғулланиш, айниқса, эрталабки ва кечки сайр, югуриш ва сузиш стереотип бош оғриқларни бартараф этишда жуда фойдали амаллардир.
Профессор Зарифбой Ибодуллаев