Янгиликлар Янгиликлар Шахс ва қизиқишлар ҳақида биласизми?

Шахс ва қизиқишлар ҳақида биласизми?


 

Психологияда шахс ўзининг йўналганлиги ва қобилияти билан ажралиб туради. Йўналганлиги деганда, одамнинг эҳтиёжи, қизиқиши, истаги, мойиллиги, эътиқоди, орзулари ва дунёқараши тушунилади. Замонавий ва маданиятли кишининг қизиқишлари турли-туман бўлади. Қизиқишлар ёшга қараб ўзгариб боради. Уч ёшдан беш ёшгача бўлган соғлом болада ҳамма нарсани билишга қизиқиш яққол ифодаланган бўлади. Бу ёшдаги боланинг саволлари «Бу нима?», «Нега?», «Нима учун?»дан иборат бўлади. Мактабгача ёшда ўйинчоқларга, улар билан ўйнашга ва мазмунли ўйинларга мойиллик уйғонади. Худди шу даврда болада расм солишга, жонли табиат ва ҳайвонларга, эртакларга, фантастика, ҳазил-мутойибаларга ҳам қизиқиш уйғонади. Ўқиш ва айрим фанларга (математика, мусиқа, расм солиш, шеър тўқиш) қизиқиш ривожланади. Бу қизиқишлар вақтинчалик ва доимий бўлиши мумкин. Техника ва спортга қизиқиш ҳам бирмунча эрта пайдо бўлади. Бадиий адабиётларга қизиқишнинг ўзига хос қонуниятлари бор: авваламбор, эртакларга, сўнг эса саргузашт, фантастик, детектив адабиётларга, сўнгра романтика, жинслар орасидаги муносабатларга ва сиёсатга қизиқиш пайдо бўлади. Лекин баъзи қизиқишлар параллел ҳолда кузатилиши ҳам мумкин.
Қизиқишлар одамнинг дидига ҳам боғлиқ. Дид одам ҳаётининг турли даврида, гоҳо эрта, гоҳо эса кеч шаклланади. Дунёқараш ва фалсафа масалалари, ҳаёт мазмунига қизиқишлар кўпинча, қарийб йигирма ёшда шаклланади. Худди шу ёшда ёки кейинчалик жамоат ишларига қизиқиш уйғонади.
Ўзга жинсга қизиқиш (майл) 12–15 ёшдан бошлаб ривожланади. Қизиқишларнинг туридан ташқари, уларнинг ижтимоий мавқеи ва кенглиги ҳам аҳамиятлидир. Қизиқиши чегараланган одамлар фақат ўз ҳунари билан чекланиб қолади. Қолган нарсалар деярли уларни қизиқтирмайди. Қизиқиш доираси кенг бўлган одам кўпроқ билишга интилади. У фан-техниканинг турли хил соҳаларини эгаллаб, ижтимоий-сиёсий масалалар, санъат ва спорт билан қизиқади. Лекин санаб ўтилган барча қизиқишлар бир хил қимматга эга бўлмайди. Улардан бири асосий, қолганлари иккинчи даражали аҳамиятга эга бўлади. Чунончи, врач учун қуйидаги фанлар – анатомия, терапия, фармакология, психология энг диққатга сазовор саналса-да, бу унга сиёсат, мусиқа, спорт, шеърият, ов қилиш билан қизиқишга халақит бермайди.
Қизиқишларнинг барқарорлиги ҳам аҳамиятлидир. Баъзи одамларда уларнинг асосий қизиқишлари умрбод ҳамроҳ бўлса, бошқаларда тез пайдо бўлиб, ўтиб кетади. Психопатияда қизиқишлар беқарор бўлади. Натижада, киши шунчаки қизиқувчан бўлиб қолади, амалда эса ҳеч бир фаол иш қилмайди ёки чала бажаради. Қизиқишлар кучли ва суст бўлиши мумкин. Бирор фаолиятга кучли қизиққан одам тўсиқларни енга олади, керак бўлса, қурбон бўлади. Одам шахсига батафсил таъриф бериш учун унинг қизиқишларини чуқур ўрганиш зарур.

Нейропсихолог,

профессор Зарифбой Ибодуллаев



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив