Врач йўқлиги синдроми
“Врач йўқлиги синдроми” нима?
Невроз, депрессия ва истерия билан касалланган беморларни узоқ йиллар мобайнида кузатиш ва даволаш натижасида шу нарсага амин бўлдимки, тиббиётга, хусусан, нейропсихологияга «Врач йўқлиги синдроми» деган атамани киритиш керак. Ишончим комилки, ҳар бир невропатолог бу синдромни бир марта бўлса-да, ўз амалиётида кузатган. Масалан, сиз невроз билан касалланган беморни муваффақиятли даволадингиз. У яхши бўлиб кетди. Ҳатто уни бир ой назоратга ҳам олдингиз. У ёнингизга ҳар ҳафтада келиб турди. У сизнинг кўригингиздан, суҳбатларингиздан кўнгли тўлиб, яхши бўлиб юрди. Ундаги касаллик аломатлари бутунлай йўқолди. Сиз ҳурсанд бўлиб беморни уйига жўнатдингиз. Ҳар эҳтимолга қарши телефон рақамингизни ҳам бердингиз. Ишончингиз комилки, энди у сизга ўз касаллигидан шикоят қилиб келмайди. Байрамлар билан табриклаб телефон қилиши мумкин, холос. Чунки у тузалди. Бироқ… Минг афсуски, бемор уйига кетганидан сўнг бир ҳафта ўтар-ўтмас (баъзида бир ой ўтгач) у сизга телефон қила бошлайди.
«Доктор, менинг бошим яна оғрияпти, яна уйқум бузилган, кайфиятим яна тушиб кетди, танам қақшаб оғрияпти», деб шикоят қилади. Агар аёл киши бўлса, йиғлаб юборади. Сиз «Бемор шамоллаб қолибди ёки оилада уриш-жанжал бўлибди шекилли», деб ўйлайсиз. Маълум бўладики, оилада ҳеч қанақа можаро бўлмаган, бемор шамолламаган ҳам! Сиз уни обдон текширасиз ва ҳеч қандай касаллик аломатларини топмайсиз. Бу ҳақда беморга ҳам айтасиз. У ҳурсанд бўлиб уйига қайтади. Эътибор қилинг-а, кечагина аҳволидан азият чекиб турган бемор сизни кўргач ва текширувлардан ўтгач 1–2 соат ичида яхши бўлди-қолди. Нега шундай бўлди? Нега бемор уйига кетгач касал бўлиб қолди. Бу ҳолатни бемалол «Врач йўқлиги синдроми» деб аташ мумкин. Гўёки беморнинг ёнида врач йўқлиги сабабли, унинг ёнига касаллик аломатлари ташриф буюрди. Бемор врачнинг ёнига келувди, бу аломатлар яна йўқ бўлиб кетди. Бу феноменни кўпчилик невропатологлар ўз амалиётида кузатган.
Истерик беморда бу ҳолат кўп такрорланади. Шунинг учун ҳам бундай беморлар врачма-врач сарсон бўлиб юришади. Бир йил ичида 10 та нуфузли клиникада даволанган, тузалган ва ҳар гал уйига қайтгач яна касал бўлаверган битта аёлни биламан. Ахийри уни нейропсихологга, яъни менга юборишган. Мен ҳам уни 3 марта «самарасиз» даволаганман. Тўғрисини айтганда, шу аёлни текширавериб ва даволайвериб «Врач йўқлиги синдроми» атамасини ўйлаб топдим. Бир куни у: «Доктор, менга ҳеч ким ташхис қўя олмади. Сиз ҳам буни эплай олмадингиз. Агар ташхисни тўғри қўйганларингизда мен тузалиб кетардим», деди. Кетаётганида «Янги даволаш усулларини ўйлаб топинг, кейин олдингизга балким келарман», деди. Албатта унинг бу сўзлари менга алам қилди. Чунки беморда невроз ва психосоматик бузилишлардан бошқа ҳеч қандай касаллик йўқ эди. Буни унга тушунтириб ҳам бўлмасди. Психологияда ҳеч қандай гапга юрмайдиган ва ҳеч кимга ишонмайдиган одамларни «психологик ригид одам» деб аташади.
Бундайларни ҳеч қандай усул билан даволаб бўлмайди. Унинг исми Тамара эди, асосан рус тилида сўзлашарди. «Тамара опа, мен сизга янги даволаш усулини эмас, балки сиз учун янги диагноз ўйлаб топдим, яъни «Синдром отсутствуюшего врача», дедим. Хоҳласангиз бу синдромни сизнинг номингиз билан «Тамара опа синдроми» деб атайман. Машҳур врач Паркинсонга ўхшаб тарихда қолиб кетасиз», дедим. У кулиб юборди. Мен унга нега шу фикрга келганимни тушунтириб бердим. Ҳар доим уйига кетганидан сўнг касаллик аломатлари пайдо бўла бошлашини, врач ҳузурига келганидан сўнг эса бу белгилар ўтиб кетаётганлигини мисоллар билан тушунтириб бердим. Суҳбатимиз охирида «Энди сиз врачларнинг олдига эмас, балки врачлар сизнинг уйингизга ташриф буюришлари керак», дедим ҳазиллашиб. Бир ойдан кейин яна дод-вой солиб келасиз. Сизда «Врач йўқлиги синдроми», дедим.
Орадан 1 ой ўтгач бемор телефон қилиб жиддий оҳангда: «Доктор, мен уйга келганимдан сўнг сизнинг гапларингиз ҳақида кўп ўйладим. Сиз жуда тўғри хулосага келгансиз. Менда ҳақиқатан ҳам «Врач йўқлиги синдроми» шекилли. Касалим қандайлигини энди тушундим. Сизга катта раҳмат! Сизни кўп қийнаганим учун узр», деди. Мен ҳам «Агар сиз қийнамаганингизда янги синдромни ўйлаб топмасдим», дедим. У ҳақиқатан ҳам ўша суҳбатдан кейин тузалиб кетди. Бемор билан кейинги учрашувларимизда ҳам мен унда ҳеч қанақа невротик аломатларни кўрмадим. У, ҳатто руҳан тетиклашиб, дунёқараши ўзгариб кетди. Чунки унда касалликларга нисбатан кучли психологик иммунитет шаклланган эди.
Тошкент тиббиёт академияси
профессори Ибодуллаев З.Р.