АМНЕЗИЯ


Хотира йўқолишига амнезия дейилади. Унинг қуйидаги турлари фарқланади. Антероград амнезия – бемор касаллик рўй бергандан сўнгги воқеа ва ҳодисаларни эслаб қола олмайди. Ретроград амнезия – касалликдан олдин бўлган воқеалар унутилади. Хотиранинг бундай бузилишлари, асосан бош мия жароҳатларида кўп кузатилади. Ретроград ва антероград амнезияларнинг биргаликда намоён бўлишига антероретроград амнезия деб айтилади. Хотиранинг патологик тарзда кучайишига гипермнезия дейилади. Бу ҳолат руҳий касалликларда (айниқса, шизофрения) кўп учрайди.

Амнезия (айниқса, ретроград амнезия) баъзи романлар ва кинофилмларда ўз аксини топган. Ретроград амнезия рўй берган одамлар “ўтмишсиз одамлар” дир. Масалан, инсон автомашина ҳалокатига учраганидан сўнг ҳалокат ҳақида ҳам, унга сабаб бўлган сафар тўғрисида ҳам ҳеч нимани эслай олмайди. У ўз турар жойи, қаерда ишлаши ва касбини ҳам унутади. Уйлангани эсида қолган бўлса-да, рафиқаси кимлиги, нечта боласи борлиги ва уларнинг исмларини унутади. Бемор ўтган ҳаётига боғлиқ маъноли маълумотларни келтиришда жуда қийналади. Кўп ҳолларда ретроград амнезия узоқ давом этмайди. Бир неча ойлар (баъзида, йиллар) дан сўнг хотира қайта тикланади: бемор ўтмиши ва юз берган воқеаларни бирин-кетин эслай бошлайди. Бош миянинг кучли  жароҳатидан сўнг хотираси умуман йўқолганлар ҳам бўлади. Бундай пайтларда хотирани гипноз йўли билан қайта  тиклаш мумкин.

Хотира бузилишига олиб келувчи сабаблар жуда кўп. Агар хотиранинг ўткир бузилишлари (йўқолишлари) бош мия жароҳатлари ва ўткир заҳарланишлар учун хос бўлса, унинг сурункали бузилишлари бош миянинг сурункали кечувчи касалликлари (церебрал атеросклероз, Алсхаймер касаллиги, церебрал атрофия билан намоён бўлувчи наслий касалликлар, энцефалопатиялар) учун хосдир. Умуман олганда, бош мияда интегратив жараёнларга салбий таъсир кўрсатувчи ҳар қандай патологик жараёнлар хотиранинг у ёки бу даражада бузилишига сабабчи бўлади. Хотира бузилиши (йўқолиши) алохида намоён бўлса, амнестик синдром ҳақида сўз боради. Бунда бошқа олий руҳий функциялар (нутқ, гнозис, праксис, тафаккур ва ҳ.к.) сақланиб қолади. Кўп ҳолларда амнезия афазия, агнозия ва апраксиялар билан биргаликда намоён бўлади. Бундай пайтларда когнитив бузилишлар ҳақида сўз юритилади. Когнитив бузилишлар деменциянинг асосини ташкил қилади.

Хотира жараёнларида лимбик система, айниқса гиппокампнинг ўрни жуда катта. Гиппокамп дастлабки эслаб қолиш жараёнида бевосита иштирок этади. Гиппокамп зарарланса хотиранинг бирламчи бузилиши, яъни Корсаков амнезияси ривожланади. Бундай беморлар ҳеч нарсани (сўзлари, чизган расми ва ҳаракатлари) эслаб қола олмайди. Ҳозиргина гапирган гапи, қилган ҳаракати, учрашган одамини у 3-5 дақиқадан сўнг унутиб қўяди. Бу ҳолатни биринчи бўлиб рус олими Корсаков сурункали алкоголизмга берилган одамларда кузатган. Илмий тиббиётда бу ҳолат “хотиранинг бирламчи бузилиши” ёки Корсаков амнезияси, деб айтилади. Корсаков амнезияси – антероград амнезиянинг бир туридир.

Хотиранинг бирламчи бузилиши, яъни эслаб қолишнинг бузилиши нафақат гиппокамп зарарланганда, балки лимбик системанинг бошқа тузилмалари, диэнцефал соҳа ва пешона бўлагининг медиа-базал соҳаси зарарланганда ҳам кузатилади. Бундай беморлар янги материални эслаб қола олмайди. Уларда бошқа олий руҳий функциялар (нутқ, интеллект) сақланиб қолади. Шунинг учун улар гўёки хотираси тузук одамдек туюлади. Улар ўтмишини бемалол гапириб беришади. Бироқ ҳозиргина бўлган воқеаларни эслай олишмайди. Бундай беморлар қуйидаги шикоят билан докторга мурожаат қилиб келишади: “Доктор, мен ҳозиргина бўлган воқеаларни ҳам эслаб қола олмайман. Ҳозиргина ўзим гапирган гап, бировларнинг гапи, ҳозиргина қилган ишим ва ёнимга келиб кетган одамларни 5 дақиқа ҳам ўтмай унутиб қўяман. Ҳеч нарса эсимда қолмаяпти”. 

Корсаков амнезиясини текшириб ташхис қўйиш жуда осон. Бунинг учун бемордан қоғозга турли сўзлар ва жумлалар ёзиш, расмлар чизиш сўралади ёки турли картиналар кўрсатилади ва эслаб қолиш сўралади. Орадан 5 дақиқа ўтгач уларни эслаб айтиб бериш сўралганда, бемор бунинг уддасидан чиқмайди. Хотира бузилишларига сабабчи бўлувчи омиллар жуда кўп. Буларнинг ичида ўткир ва сурункали стресслар ҳам алоҳида ўринга эга. Масалан, депрессияда ҳам хотира турли кўринишда бузилади. 

Даволаш. Авволамбор хотира бузилишининг сабабини аниқлаш керак. Асосий касалликни бартараф этиш муҳим аҳамиятга эга. Баъзида хотира бузилиши сабабларини аниқлаб бўлмайди. Бундай пайтларда симптоматик даволаш усуллари тавсия қилинади. 

Бу мақсадда қуйидаги дорилар қўлланилади:

  1. Пирацетам кунига 6-12 г в/и га томчилатиб юборилади.
  2. Цитиколин (цераксон, церетон, сомазин) 1000-2000 мг в/и га томчилатиб юборилади.
  3. Холин алфосцерат (глиатилин) 400-800 мг в/и га томчилатиб юборилади.
  4. Пиритинол (энцефабол) 300-600 мг, мемантин 10-20 мг, нивалин 5-10 мг каби дорилар 2-3 ой ичишга буюрилади.
  5. Витаминлар (В1, В6,), аминокислоталар (лецитин, глутамин кислотаси, метионин) тавсия этилади.
  6. Сермион 30-60 мг/кун, трентал 600 мг/кун каби дорилар 2-3 ой ичишга буюрилади
  7. Психоген этиологияли амнезияларда анксиолитиклар (флуоксетин, сертралин), транквилизаторлар (диазепам, нитразепам) буюрилади.

Шунингдек, физиотерапевтик даволаш муолажалари ҳам қўлланилади. Хотирани тиклашга  узоқ вақт кетиши мумкин



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича