“ШИФОХОНА СИНДРОМИ” ДЕГАН КАСАЛЛИК ҲАМ БОРМИ?
“Шифохона синдроми” – узоқ муддат ва кўп маротаба шифохонада даволаниб юрадиган беморларда ривожланувчи психосоматик бузилишлар мажмуаси. “Шифохона синдроми” ибораси 1945 йили психоаналитик Рене Шпис томонидан таклиф қилинган. Тез-тез касалланадиган ва кўп вақтини шифохонада ўтказувчи болалардаги хулқ-атвор ўзгаришлари ва психосоматик бузилишларни кузатган олим ушбу синдромни таклиф қилган. Демак, бу синдром дастлаб болаларга нисбатан қўлланилган ва ўрганилган. Кейинчалик унинг белгиларини катта ёшдагиларда ҳам сезишган. Меланхолик типдаги шахслар бу синдромга мойил бўлишади.
Унинг асосий сабаблари сурункали касалликлар, узоқ муддат шифохонада қолиб кетиш ёки тез-тез шифохонага тушиб туриш, касаллик сабабли уйдан ва ташқи дунёдан ажралиб қолиш, руҳий касалликлар билан касалланиш, уйдагилардан меҳр кўрмаслик, касаллик сабабли ўлиб қолишдан қўрқишлар.
Ушбу синдром катталарда турли кўринишда намоён бўлади. Бундай беморлар оиласидан деярли узилиб қолишади. Шифохонада яшаш уларнинг ҳаёт тарзига айланади. Баъзи беморларни қандай уколлар олаётганлиги, ташхис натижаси, даволаш самараси ҳам қизиқтирмай қўяди. Бемор шифохонада ётса бўлгани. Улар, одатда, шикоятчи бўлишмайди. Аксинча, бемор уйдагилари билан чиқишмайди, тиббий ходимлар билан эса дўстлашиб қолади.
“Шифохона синдроми” руҳий касалликлар билан оғриган беморлар орасида кенг тарқалган. Одатда, улар руҳий касалликлар стасионарида бир неча ойлаб ётишади. Бундай беморнинг яқин қариндошлари ҳам унинг шифохонада юришини афзал кўришади. Даволаш муддати тугаб, шифохонадан чиққан бемор бир-икки кун ўтгач, уйдаги жанжалнинг асосий сабабчисига айланади ва яна шифохонани хоҳлаб қолади. Руҳий беморлар учун ўзининг уйи ва яқинлари бегонадек бўлиб қолади. Бу ҳолатни бир неча йиллардан буён руҳий касаллик билан оғриган беморларда кузатамиз. Шу боис, беморнинг руҳий шифохонада яшаши мақбул ҳисобланади. “Шифохона синдроми”да беморлар шифохонада даволанмайди, улар у ерда яшашади деб бежиз айтишмайди докторлар.
Хўш, вазиятдан чиқиш ва беморни оиласига, жамиятга қайтариш учун нима қилиш керак? Аввало, беморни самарали даволаш ва шифохонадан сўнг реабилитация ёки соғломлаштириш марказларига юбориш зарур. Бунда психореабилитация жуда катта аҳамиятга эга ва бу муолажани албатта тиббий психолог ўтказади.
Уларни оила ва ижтимоий ҳаётдан узиб қўйманг. Яқин қариндошларнинг катта эътибори ўта зарур. Сиҳатгоҳларда мусиқатерапия, даволаш гимнастикаси, физиотерапевтик муолажалар, психотерапия, спортнинг кичик турлари, яъни стол тенниси, шахмат ва кичик-кичик мусобақалар ўтказиб туриш ўта муҳим. Сурункали беморларда “шифохона синдроми” ривожланмаслиги учун уларни фақат дори-дармонга боғлаб қўймаслик керак. Касаллик тури қандай бўлишидан қатъи назар ҳар бир бемор психологик суҳбатдан ўтиб туриши зарур. Фақат психотерапевт беморнинг ички дунёсини мукаммал ўргана олади ва уни яқинлари ёрдамида ҳаётга қайтаради.
Manba: © Z. Ibodullayev. Asab va ruhiyat., 4-nashr. Ilmiy-ommabop risola. T, 311 b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi
© asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича