ШАЙ-ДРЕЖЕР СИНДРОМИ (МУЛЬТИСИСТЕМ АТРОФИЯ)
Шай-Дрежер синдроми ёки мультисистем атрофия – паркинсонизм, мияча атаксияси ва вегетатив бузилишлар билан кечувчи зўрайиб борувчи дегенератив касаллик. Касаллик 40–60 ёшларда бошланади. Аёлларга қараганда эркаклар 2 баробар кўп касалланишади. Эрта ёшда бу касаллик учрамайди.
Этиологияси ва патогенези. Этиологияси номаълум. МНС ва вегетатив тузилмаларда дегенератив ўзгаришлар юзага келади ва улар зўрайиб боради. Айниқса, ВНС нинг периферик қисми, стриониграл ва пирамидал система ҳамда оливопонтоцеребелляр йўлларда кучли дегенерация кузатилади.
Клиникаси. Касаллик вегетатив бузилишлар билан бошланади, қолган неврологик симптомлар эса кейинроқ қўшилади. АҚБ кескин пасайиб бемор ўрнидан тура олмай шалпайиб ётиб қолади. Чунки ўрнидан турса, АҚБ кескин пасайиб дарров йиқилиб тушади. Унда ортостатик гипотензияга хос барча симптомлар аниқланади. Шунингдек, гипо- ёки ангидроз, сийдик тута олмаслик, импотенция белгилари ривожланади. Бундай пайтда адашиб “ортостатик гипотензия синдроми” ташхиси қўйилади. Бир неча ой ёки йиллардан сўнг ушбу симптомларга бошқа неврологик белгилар қўшилади. Шунингдек, экстрапирамидал ригидлик, гипокинезия, тремор, атаксия, пирамидал симптомлар, мускуллар атрофияси, кўз мускуллари фалажлиги бирин-кетин пайдо бўлади ва зўрайиб боради. Касалликнинг сўнгги босқичида когнитив бузилишлар пайдо бўлиши мумкин.
Прогноз. Касаллик тўхтовсиз зўрайиб борувчи хусусиятга эга. Бу касаллик бошланганидан сўнг бемор 10 йилгача яшайди.
Manba: © Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi
© asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича