БОЛАЛИК ДАВРИ ПСИХОЛОГИЯСИ
Болалик давридаги ҳар қандай касаллик асаб ва руҳий фаолиятнинг соғлом тарзда ривожланишига салбий таъсир кўрсатади ва организмда турли даражада ифодаланган асоратлар қолдиради. Шунинг учун ҳам онанинг ҳомиладорлик давридан бошлаб боланинг руҳий саломатлигини сақлаш чоралари кўрилиши керак. Ҳомиладор аёл асаб тизимига салбий таъсир кўрсатувчи омиллардан ўзини сақлай олса, руҳан тетик бола дунёга келади. Шунинг учун унга руҳий соғлом муҳит яратиб бериш лозим.
Шу ерда бир мисол келтириб ўтамиз. Уйида ёлғиз қолган ҳомиладор аёл зерикканидан фақат пианинода ўзига ёққан битта куйни чалиб юради. Бола туғилганидан сўнг худди шу куй чалинсагина тинч ухлайдиган бўлиб қолади. Бу ўзига хос феномен ҳанузгача илмий томондан тасдиқлангани йўқ. Ҳаётда бунга ўхшаш мисоллар кўп. Масалан, ҳомиладорлик даврида ҳадеб руҳан эзилаверадиган аёлда боланинг руҳий нуқсонлар билан туғилиши ҳавфи жуда юқори бўлади.
Бола организми ривожланишида жиддий даврлар фарқланади. Функционал системалар шаклланадиган даврлар ривожланишнинг жиддий даврлари деб аталади. Эволюцион неврология учун бу даврларни ўрганиш ва аниқлаш жуда муҳим аҳамият касб этади. Ваҳоланки, ривожланишнинг мана шу даврида ҳали шаклланмаган функция жуда суст ва тез шикастланадиган бўлади. Бу даврда юзага келиш эҳтимоли бўлган нуқсоннинг олдини олиш учун катта имкониятлар мавжуд.
Ривожланишнинг жиддий даврларини ўрганиш учун нутқ шаклланиши жараёнини мисол қилиб оламиз. Маълумки, нутқни эгаллаб олиш қобилияти вақт нуқтаи назаридан чегараланган. Бола туғилгач, нутқ ривожланишини таъминлаб берувчи морфологик, биологик, нейрокимёвий ва психофизиологик механизмлар ишида узилиш бўлса, нутқ ва у билан боғлиқ бошқа олий руҳий функциялар шаклланишида нуқсонлар юзага кела бошлайди. Масалан, вақтида аниқланмаган туғма карлик нутқ ривожланишига катта салбий таъсир кўрсатади. Бунда нутқни таъминлаб берувчи функционал система бола бир ёшга тўлмасдан бузилади. Бундай боланинг кейинчалик оғзаки нутққа қобилияти йўқолиб, фақат имо-ишораларни тушунади ва имо-ишоралар билан мақсадини атрофдагиларга тушунтиради, холос.
Агар оғзаки нутқ 4-5 ёшларга қадар тикланмаса, кейинчалик нутқ ривожланиши катта шубҳа остида қолади. Бунинг орқасидан бошқа олий руҳий функциялар шаклланиши ҳам оқсай бошлайди. Уларнинг шаклланиш жараёнида ҳам жиддий даврлар мавжуд бўлиб, бирон бир ташқи ёки ички салбий таъсирлар остида функционал системалараро боғланишлар тўхтаб қолиши мумкин. Бунга қаттиқ қўрқувдан сўнг болада нутқнинг бирдан йўқолиши мисол бўла олади.
Жиддий даврларни таҳлил қилиш кўпгина чекланишларнинг моҳиятини очиб беради. Шахснинг шаклланиши болалик давридан бошланади. Ота-она ёмон кайфияти болада акс етмаслиги керак. Босиқлик, меҳрибонлик, талабчанлик ва ақл билан тўғри муносабат ўрнатиш боланинг ақлий ва психоэмоционал ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади, албатта.
Нутқ ривожланишида руҳий функцияларнинг бир маромда ривожланганлиги катта аҳамиятга эга. Болада ёзма нутқ марказларининг суст ривожланиши сўзларни тўғри ёзишни ўргатишда қийинчиликлар туғдирса, оғзаки нутқдаги нуқсонлар ўқиш ва санашнинг бузилишига сабаб бўлади. Қўлида қаламни тўғри ушлай олмаслик эса чиройли ёзиш ва чизишни ўрганишга халақит беради.
Шундай қилиб, мия тузилмаларининг бир маромда ривожланиши организмнинг синхрон ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади. Шунинг учун индивидуал ривожланишнинг жиддий даврларида кузатиладиган ҳар қандай асаб ва руҳият бузилишлари ўз вақтида аниқланиб, унга даво қилиниши ғоят муҳимдир.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y;
©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича