Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси Уотерхаус-Фридериксен синдроми ёки яшин тезликда ривожланувчи менингококк сепсис

Уотерхаус-Фридериксен синдроми ёки яшин тезликда ривожланувчи менингококк сепсис


Менингококк менингитда буйракусти бези жуда кучли зарарланади, унинг паренхимасида майда нуқтасимон қон қуйилишлар пайдо бўлади, катехоламин ишлаб чиқарилиши издан чиқади. Бунинг натижасида буйракусти безининг ўткир етишмовчилиги ривожланади. Яшин тезликда ривожланувчи Уотерхаус-Фридериксен синдромини септик шок деб ҳам аташади.
      
Септик шокнинг 4 даражаси фарқланади.
      
Биринчи даражаси. Бемор титрай бошлайди, юзи пушти ранг, танасидаги тери қатлами эса оқ тусга киради, оёқ-қўлларининг учи совийди, кучли тер босади. Баъзан тери қуруқ ва иссиқ бўлади. Тана ҳарорати 39–40°С га кўтарилади. Юрак уриши ва нафас олиш тезлашади. АҚБ нормада қолади ёки оша бошлайди. Марказий веноз босим ва диурез нормада ёки пасаяди. Беморнинг ҳуши жойида бўлиб, уни хавотир ва қўрқув босади. Пай рефлекслари ошади. Респиратор алкалоз юзага келади, биринчи даражали тарқалган томир ичи ивиши (ТТИИ) синдроми (гиперкоагуляция) ривожланади. Метаболик ацидоз ҳам шакллана бошлайди.
       
Иккинчи даражаси. Беморнинг аҳволи оғирлаша боради, ҳушини йўқота бошлайди. Юзи ва бошқа тери қатламлари оқариб, кулранг тусга киради. Акрационоз вужудга келади, териси нам ва совуқ бўлади. Тана ҳарорати нормада ёки бироз пасаяди. Метаболик ацидоз шаклланади. Тахикардия кучаяди, нафас олиши тезлашади (тахипное), томир уриши сустлашади, юрак тонлари бўғиқлашади, АҚБ тушиб кетади. Марказий веноз босим ҳам пасаяди. Олигурия пайдо бўлади. Иккинчи даражали ТТИИ синдроми ривожланади.
       
Учинчи даражаси. Беморнинг аҳволи оғирлаша бориб, комага тушади. Тери ранги кўкимтир-кулранг тусга киради, яъни периферик вазоконстриксия ҳисобига тотал цианоз вужудга келади, оёқ-қўллари нам ва совуқ бўлади. Терида, айниқса, оёқ-қўлларининг дистал қисмида геморрагик ва некротик ўчоқлар кўзга ташланади. Бундай ўчоқларни мурда доглари деб ҳам аташади. Бу доғлар гангрена ривожланаётганлигидан далолат берувчи аломатдир.
         
Қорачиқлар тораяди ва уларнинг ёруғликка сезгирлиги кескин пасаяди ёки йўқолади. АҚБ тушиб кетади, баъзида аниқланмайди ҳам. Томир билинар-билинмас уради ва буни ипсимон пульс деб аташади. Ўпка шишади ва нафас олиш бузилади. Миокардит ёки эндокардит ривожланади, доимий тахикардия пайдо бўлади, юрак индекси пасаяди. Пай рефлекслари диффуз тарзда ошади, икки томонлама патологик пирамидал симптомлар аниқланади. Тутқаноқ хуружлари кузатилиши мумкин. Лейкопения ва анурия ривожланади ва, ниҳоят учинчи даражали ТТИИ синдроми шаклланади.
       
Тўртинчи даражаси. Бу септик шокнинг терминал босқичи бўлиб, бемор чуқур комада, яъни агонал ҳолатда ётади. Юқори қовоқни пассив кўтарса, иккала қорачиқ ҳам кенгайган бўлади (мидриаз), уларнинг ёруғликка сезгирлиги бутунлай йўқолади. Мушакларда тоник титрашлар пайдо бўлади. Рефлекслар умуман чақирилмайди, яъни икки томонлама тотал арефлексия кузатилади. Юракнинг қисқариш фаолияти кескин бузилади, мия ва ўпка шиши белгилари кучаяди. Қон сира ивимайди ва барча ички аъзоларга қон қуйила бошлайди, баъзан беморнинг бурнидан қон кетади. Бу шокнинг оғир даражаси бўлиб, кўпинча ўлим билан тугайди.

Manba: © Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b. 
             © Z. Ibodullayev. Nevrologiya. Qo`llanma. Toshkent, 2017., 404 b. 
                  © Ibodullayev ensiklopediyasi 
                  © asab.cc



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича