Галлюцинация
Галлюцинация деб, аслида бемор олдида мавжуд бўлмаган объект ва ҳодисаларни идрок қилишга айтилади. Галлюцинациялар бош мия пўстлоғида инерт қўзғалишнинг пайдо бўлиши ва унинг доминантлик вазифасини бажариб туриши билан тушунтирилади. Инерт қўзғалиш бош мия пўстлоғининг умумий тормозланиши оқибатида юзага келади. Бош мияда моддалар алмашинуви бузилиши ҳам галлюцинацияга олиб келиши мумкин. Кўриш, эшитиш, ҳид ва таъм билиш ҳамда умумий сезги билан боғлиқ бўлган галлюцинациялар фарқланади.
Галлюцинациялар сохта тасаввур ҳисобланади. Чунки улар атроф-муҳитда мавжуд бўлмаса ҳам бемор хаёлида пайдо бўлаверади. Баъзан беморга ўзи идрок қилаётган нарса, ҳодисалар ҳақиқатан ҳам бордек туюлади. Ўзи ҳам бунга ишонади. Галлюцинациялар шизофрения касаллигида кўп кузатилади. Невроз билан хасталанган ва тез-тез аффект ҳолатига тушиб турадиган беморларда ҳам галлюцинациялар бўлиб туради. Галлюцинациялар соғлом одамда ҳам кузатилиши мумкин. Масалан, саҳрода адашиб қолиб бир ўзи кетаётган одамга сув, қишлоқ, дарахтзор ёки у томонга юриб келаётган одам кўринади. Кўрув галлюцинациясида беморнинг кўз олдида аслида йўқ бўлган нарсалар намоён бўлади. Нарсалар ё катта (макропсия), ё кичик, (микропсия) бундан ташқари, бу нарсаларнинг шакли ҳам қийшиқ ва ноаниқ бўлиб кўринади. Галлюцинациялар нафақат психоз ёки неврозларда, балки бош мия пўстлоғини таъсирлантирувчи органик касалликларда (масалан, ўсмаларда) ҳам кузатилиб, муҳим диагностик аҳамиятга эга.
Эшитиш галлюцинациялари ҳам турли-туман бўлади. Эшитиш галлюцинацияси деб, аслида йўқ бўлган товушлар (гап, сўз)нинг бемор қулоғига эшитилишига айтилади. Товушлар жарангдор, бўғиқ, узоқ ёки яқиндан, пастдан ёки тепадан келгандек бўлиб туюлади. Шунга яраша бемор бошини товуш келган томонга буради ёки юриб боради. Вербал галлюцинациялар, айниқса, бемор учун хавфлидир. Ҳар томондан келувчи овозлар беморга таҳдид солувчи, буйруқ берувчи тарзда бўлиб, беморни юриб бораётган автомобил тагига ташлашни, томдан сакрашни, ўзига ёки бировга пичоқ санчишни, севимли фарзандини ўлдиришни буюради. Булар императив галлюцинациялардир. Бундай овозлар ҳадеб такрорланаверса, бемор уни бажариб қўйиши мумкин. Бу овозлар таниш ёки нотаниш одамнинг, аёл ёки эркак кишининг овози сифатида намоён бўлади. Овозлар бир марта пайдо бўлиб, тўхтаб ҳам қолади. Беморнинг қилган ишларини маъқулловчи ёки танқид қилувчи овозлар ҳам эшитилади.
Тактил галлюцинацияларда бемор худди терисида бирор нарса ўрмалаб юргандек уст-бошини қоқаверади. Ҳид ва таъм билиш галлюцинацияларида бемор бадбўй нарсалар ҳиди ва таъмини сезади. Гипногогик галлюцинациялар бемор кўзини юмиб ухламоқчи бўлганда кузатилади. Бунда унинг кўз олдида ҳар хил қўрқинчли нарсалар, ҳайвонлар, ёмон одамлар пайдо бўлади. Кўзини очса йўқолади. Бу ҳолат қўрқоқ болаларда кўп учрайди.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y;
©asab.cc)
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича