Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси Ўнг ярим шар инсультида беморлар психологияси

Ўнг ярим шар инсультида беморлар психологияси


       Мия инсультида кузатиладиган патологик ўзгаришлар ушбу касаллик бош миянинг қайси ярим шарида ва миянинг қайси соҳасида ривожланганига ҳамда инсульт даврига боғлиқ. Мия инсультининг деярли 70 % бош мия ташқи юзасининг катта бир қисмини қон билан таъминловчи а. cerebri media соҳасида кузатилади. Ушбу артерия ҳаракат, сезги ва нутқ марказларини қон билан таъминлайди. Шунинг учун ҳам бу артерияда қон айланишининг ўткир бузилиши оёқ-қўллар фалажлиги (гемипарез, монопарез), тананинг бир томонида сезги (гемианестезия, моноанестезия) ва нутқ бузилишлари (мотор ва сенсор афазиялар) билан намоён бўлади. 
    Агар инсульт бош миянинг чап ярим шарида (ЧЯШ) ривожланса, тананинг ўнг томонидаги гемипарез ва гемианестезия афазиялар билан биргаликда намоён бўлади. Ўнг ярим шарда (ЎЯШ) кузатилган инсульт эса тананинг чап томонида гемипарез ва гемианестезияларни юзага келтиради, бироқ нутқ бузилмайди. Нутқ бузилиши ўнақайларда ЧЯШ, чапақайларда ЎЯШ, амбидекстрларда эса иккала ярим шар зарарланганда ҳам кузатилади. Амбидекстрларда нутқ бузилиши ўнақайларга қараганда тезроқ тикланади (Ибодуллаев З.Р., 2005). Мия инсультида кузатиладиган психоэмоционал бузилишлар миянинг чап ва ўнг ярим шарлари зарарланганда турлича намоён бўлади. 
       ЎЯШ инсультида тананинг чап томонида ҳаракат ва сезги бузилишлари кузатилади, яъни гемипарезлар, гемианестезиялар. Нутқ ва у билан боғлиқ бўлган аксарият олий руҳий функциялар (ўқиш, ёзиш) сақланиб қолади. Бунинг асосий сабаби – миянинг ўнг ярим шари нутқ учун масъул эмас (ўнақайларда). ЎЯШ, асосан, оптик-фазовий функциялар, аниқроғи, ўз танаси ва атроф-муҳитнинг (фазонинг) тузилиши ҳақида мияга келаётган таъсиротларни анализ ва синтез қилиш учун жавобгардир. Демак, ЎЯШ тана ва фазо тузилишини нотўғри қабул қилиш симптомларини юзага келтиради. Булар – анозогнозия, аутотопогнозия, псевдополимелия, оптик-фазовий агнозиялар. Бу белгилар умумлаштирилиб, тана схемаси бузилиши деб  аталади. 
       Беморнинг боши ёки бир қўли катталашиб кетаётгандек, қўли ёки оёғи тананинг бошқа қисмларида жойлашгандек (аутотопогнозия), тананинг чап томони худди бировнинг танасидек, чап қўли ўзиники эмас, бировникидек ёки ёнида ғўла ётгандек туюлади. Баъзи ҳолларда беморнинг ярим фалажланган чап қўли уни бўғмоқчи бўлса, ўнг қўли эса бунга йўл қўймайди ва чап қўлни итариб юборади. Баъзан чап қўл худди кичик ҳайвон (мушук, олмахон, қуён) кўринишида беморга эркаланади ёки бемор ўнг қўли билан чап қўлини силайди. “Нимага бунақа қиляпсиз?” деса, у “Мушугимни эркалатяпман” дейди. Гўёки тана иккига бўлингану, унинг ҳар бир ярим томони ўзича фаолият кўрсатяпти. 
       Бемор инсульт оқибатида ўз танасида пайдо бўлган нуқсонларни  (фалажликларни) инкор қилади, менинг оёқ-қўлларим ишлаяпти дейди. Бундай ҳолат анозогнозия деб аталади. Бемор фалажликлар сабабли бир неча кундан буён тўшакка михланиб қолган бўлса-да, “Мен ҳозиргина ҳожатхонага бориб келдим, туриб ҳовлида юрдим”, дейди. У кийинаётганида ҳам чап томонини тўла инкор қилади: кўйлагининг ўнг енгини, оёқ кийимининг ўнг томондагисини кияди, лагандаги овқатнинг (масалан, ошнинг) фақат ўнг томондагисини ейди, уйга кираётганда чап елкасини эшикка уриб киради. Соқол олаётганда юзининг чап томони қолиб кетади, тишини юваётганда фақат ўнг томонини ювади ва ҳ.к. Демак, чап томон бутунлай инкор қилинади, гўёки фазонинг чап томони йўқдек. Бемордаги бу ҳолат нафақат ўз танасига нисбатан, балки ташқи оламга нисбатан ҳам кузатилади. Бемор фазодаги нарсаларнинг ҳам бир томонини инкор қилади. Бундай бузилишлар ЎЯШ зарарланишида кўп кузатилгани боис нейропсихологияга “фазонинг бир томонини инкор қилиш” синдроми деган термин  киритилган.
       ЎЯШ инсульти учун айнан хос бўлган психоэмоционал бузилишлар –ўз касалига бўлган бефарқлик, ирода сўниши ва апатия. Агар ЧЯШ да депрессия кучли ифодаланган хавотир билан намоён бўлса, ЎЯШ инсультида депрессия апатия билан биргаликда намоён бўлади. Агар беморга жойингиздан турманг, сизга туриб юриш мумкин эмас, деса “Хўп бўлади”, деб жавоб беради-ю, барибир туриб юради, врач тавсиясига кўра вақтида бажариш лозим бўлган жисмоний машқларни бажармайди, фалажланган томондаги қўл-оёқлари қандай ҳолатда бўлса, шу ҳолатда ётаверади, бироз бўлса-да пайдо бўлган ҳаракатларни фаоллаштиришга уринмайди. “Ҳозир қаерда ётибсиз” деб сўралса, у “Мен шифохонада даволаяпман” деб жавоб беради ёки “Тошкентда даволаняпман”, дейди. Ваҳоланки, бу пайтда у ўз уйида ёки ўзи яшаётган вилоят шифохонасида даволанаётган бўлади.
       Аксарият ҳолларда бемор жуда сўзамол, маслаҳатгўй бўлиб қолади, зарур бўлмаган масалалар устида сўз очади ва яқинлари ёки уни кўргани келган бегона одамларни соатлаб ёнида олиб ўтиради. Эртаси куни бемордан “Кеча ёнингизга ким келди”, деб сўралса, унинг кимлиги ва қачон келганини унутиб қўяди ёки “Бир ой олдин келди”, деб жавоб беради. Демак, ЎЯШ инсультида вақт ва маконни тўғри баҳолаш ҳам бузилади. 
       Баъзан бемор овқатланмоқчи бўлса, қошиқни соғлом қўли билан ҳам косага тўғри олиб бора олмайди, оғзини топа олмайди, овқатни ёқасига тўкиб юборади ва натижада овқат ейишдан бош тортади, унга ўз-ўзидан йиғи келади. Буни зўраки йиғи дейишади ва бу ҳолат арзимаган нарсага кулиш билан алмашиниб туради, яъни беморга салбий воқеалар ҳақида гапирсангиз, дарров йиғлаб юборади, бироз ҳазил қўшиб гапирсангиз, кулиб юборади. Бу ҳолат такрорий инсультлар учун хос, масалан, бир йил олдин ЧЯШ, яқинда эса ЎЯШ да кузатилган инсультларда зўраки йиғлаш ва кулиш симптомлари ривожланади. 
       Беморда ўз танасини идрок қилишнинг бузилиши атроф-муҳитни идрок қила олмаслик билан биргаликда намоён бўлади. Масалан, бемор уйдан чиқиб кетиб, ўз уйини тўғри топиб кела олмайди, кўчанинг бошқа томонига кетиб қолади, аввал таниш бўлган дўкон ёки бозор қайси томонда жойлашганлигини адаштиради. У вилоятлараро қатновчи автобус ҳайдовчиси бўлса-да, Самарқанд ёки Фарғона Тошкентга нисбатан қайси томонда жойлашганини чалкаштиради ва ҳ.к. Бундай ҳолатлар ҳар доим ҳам бўлавермайди, фақат ЎЯШ нинг катта қисмини эгаллаган инсультларда рўй беради. 
       Умумлаштириб айтадиган бўлсак, ЎЯШ инсультига хос психоэмоционал пассивлик ҳаракат функциялари тикланишига салбий таъсир этиб соғайиш даври чўзилишига сабабчи бўлади.


Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b. 
           © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; 
               ©asab.cc



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича