ДИСТИМИЯ – БУ КАЙФИЯТ БУЗИЛИШИМИ?
Ҳа, кайфиятнинг турғун бузилишига дистимия деб айтилади. Грекчадан dis – бузилиш, timos – кайфият дегани. Дистимия узоқ давом этса-да, депрессияга ўхшаб оғир кечмайди. Дистимия, асосан ўсмирларда учрайди.
Дистимия учун қуйидаги белгилар хос:
- иштаҳа пасайиб кетиши ёки керагидан ортиқ овқат еб юбориш;
- ўзига ишонч йўқлиги;
- уйқусизлик ёки ҳадеб ухлайвериш;
- умумий қувват ва ишчанликнинг сўниши;
- фикрини бир жойга жамлай олмаслик;
- озгина танбеҳ берса, кўзига ёш келиши;
- ёш бўлса-да, сексуал ҳаётга қизиқмаслик ва ундан қониқиш олмаслик;
- кундалик юмушларни охирига етказмай ташлаб қўйиш;
- умидсизлик ва мақсадсиз яшаш;
- ёқимсиз воқеаларни эслаб, хаёлга ботиб юриш;
- одамларга қўшилмай ёлғизликни маъқул кўриш, жамиятдан қочиш;
- камгаплик;
- психологик ступорга тушиб туриш.
Эслаб қолинг! Дистимия – бу депрессия эмас. Агар синчковлик билан текширмаса, ташхис қўйишда адашиб қолиш мумкин. Агар депрессияда антидепрессантлар тавсия этиш зарурати туғилса, дистимияда психотерапия жуда зўр ёрдам беради ва антидепрессантлар ёзиш шарт эмас.
Кайфият бузилиши билан кечадиган яна бир ҳолат бор ва бу ҳолат циклотимиядир. Циклотимия – бу кайфиятнинг ўз-ўзидан тушиб ва кўтарилиб кетиши билан намоён бўладиган руҳий ҳолат. Кайфияти тушиб кетса, юқорида кўрсатилган белгилар пайдо бўлади, кўтарилиб кетса, эйфория ҳолатида юради, яъни қувноқ ва чаққон бўлиб қолади. Бундайларни циклотимик шахс деб аташади ва ёшлар орасида кўп учрайди.
Manba: © Z. Ibodullayev. Asab va ruhiyat., 4-nashr. Ilmiy-ommabop risola. T, 311 b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi
© asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича