ИДРОК
Сезги негизида идрок шаклланади. Сезги бизни ўраб турган муҳитдаги нарса ва ҳодисаларнинг айрим хусусиятларини акс эттирса, идрок эса хилма-хил хоссаларни тартибга солиб, бирлаштириб онгимизда намоён этади, нарса ва ҳодисаларнинг яхлит образини яратади. Идрок сезгига қараганда мураккаб жараён. Идрок қилиш одамнинг касби, ҳаёт тажрибаси, билими ва эҳтиёжига боғлиқ. Ривожланиш жараёнида кишининг идрок қилиш қобилияти такомиллашиб, сараланиб боради. Нарса ва ҳодисаларни идрок қилиш одамнинг дунёқарашига ҳам боғлиқ: бир хил нарса ёки воқеани икки киши бир хил идрок қилмаслиги мумкин. Болаларда сезиш идрок қилишдан устун туради. Чунки уларда миянинг баъзи тузилмалари тўла шаклланмаганлиги сабабли нарса ва ҳодисаларнинг яхлит образини яратиш қобилияти сустроқ. Инсоннинг бутун умри мобайнида идрок қилиш жараёни ўзгариб боради.
Идрокнинг асосий хусусияти унинг яхлитлигидир. Масалан, минбарда нутқ сўзлаётган одамни идрок қилар эканмиз, нотиқнинг кийим-боши, минбарда ўзини тутиши, кимлиги, қанча вақтдан буён маъруза қилаётганлиги ва қачон тугатиши ва ҳоказоларни умумлаштириб, у одамнинг онгимизда яхлит образини яратамиз, яъни идрок қиламиз. Бирор нарса ва ҳодисани ёки одамларни идрок қилишда аввалги тажрибамиз муҳим аҳамият касб этади, яъни тажриба идрок этишни осонлаштиради. Масалан, биз ҳайвонот боғига борганимизда, аввал кўрмаган ҳайвон ёки қушларга синчковлик билан назар ташлаймиз, уларнинг барча хусусиятларини ўрганиб идрок қиламиз. Кейинги гал борганимизда эса уларни идрок қилишимиз анча осонлашади.
Идрок қилиш эҳтиёж, майл ва истакларга ҳам узвий боғлиқ. Ҳар қандай идрок саралаш босқичини ўтайди. Масалан, биз ўзимиз учун аҳамиятсиз бўлган нарсани идрок қилмаймиз (уни сезиб турсакда). Шу ўринда идрокнинг индивидуаллигини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Ҳар бир киши нарсаларнинг ўзига керакли хусусиятларини ёки ўзи тушунган жиҳатларини идрок қилади. Бунда идрокнинг индивидуал хусусиятлари унинг мақсадга йўналтирилганлиги, ҳиссийлиги ва барқарорлигида ўз аксини топади. Идрок қилишда кузатувчанликнинг аҳамияти ҳам жуда катта. Одам ўзи кузатмаган нарсалар, воқеалар ва ҳодисаларни идрок қилмайди. Демак, идрок сезгидан фарқли ўлароқ, фаол ва онгли жараёндир. Идрок қилишда инсон тафаккури ҳам муҳим аҳамиятга эга, масалан, тафаккури бузилган ёки ақли заиф одамда идрок қилиш ҳам суст бўлади.
Нарса ва ҳодисаларни сезиш каби, уларни тасаввур қилиш ҳам идрок жараёни учун зарур воситалардан биридир. Авваллари идрок қилинган образларни онгимизда жонлантириш, яъни қайта тиклаш тасаввур деб аталади. Тасаввур бизнинг онгимизда тўсатдан пайдо бўлиши ҳам мумкин. Тасаввур ўта индивидуал бўлиб, одамнинг шахсига боғлиқ. Одамнинг касб-корига қараб бировда кўрув, бошқаларда эса эшитув аъзолари орқали тасаввур қилиш яхши ривожланган бўлади.
Масалан, рассомларда кўрув тасаввури кучли ривожланган. Уларнинг баъзилари аввал кўрган нарсасини фикрида тўлалигича қайта тиклай олади. Бу ҳодисага эйдетизм деб аталади. Бастакорларда эса эшитув тасаввури яхши ривожланган бўлади. Худди шу қобилият Бах ва Моцартда ўта кучли бўлган.
Идрок бузилишлари
Идрок бузилиши айрим асаб ва руҳий касалликларда кузатилади. Буларга галлюцинациялар, иллюзиялар ва психосенсор бузилишлар киради. Галлюцинация деб, аслида бемор олдида мавжуд бўлмаган объект ва ҳодисаларни идрок қилишга айтилади. Галлюцинациялар бош мия пўстлоғида инерт қўзғалишнинг пайдо бўлиши ва унинг доминантлик вазифасини бажариб туриши билан тушунтирилади. Инерт қўзғалиш бош мия пўстлоғининг умумий тормозланиши оқибатида юзага келади. Бош мияда моддалар алмашинуви бузилиши ҳам галлюцинацияга олиб келиши мумкин. Кўриш, эшитиш, ҳид ва таъм билиш ҳамда умумий сезги билан боғлиқ бўлган галлюцинациялар фарқланади.
Галлюцинациялар сохта тасаввур ҳисобланади. Чунки улар атроф-муҳитда мавжуд бўлмаса ҳам бемор хаёлида пайдо бўлаверади. Баъзан беморга ўзи идрок қилаётган нарса, ҳодисалар ҳақиқатан ҳам бордек туюлади. Ўзи ҳам бунга ишонади. Галлюцинациялар шизофрения касаллигида кўп кузатилади. Невроз билан хасталанган ва тез-тез аффект ҳолатига тушиб турадиган беморларда ҳам галлюцинациялар бўлиб туради. Галлюцинациялар соғлом одамда ҳам кузатилиши мумкин. Масалан, саҳрода адашиб қолиб бир ўзи кетаётган одамга сув, қишлоқ, дарахтзор ёки у томонга юриб келаётган одам кўринади. Кўрув галлюцинациясида беморнинг кўз олдида аслида йўқ бўлган нарсалар намоён бўлади. Нарсалар ё катта (макропсия), ё кичик, (микропсия) бундан ташқари, бу нарсаларнинг шакли ҳам қийшиқ ва ноаниқ бўлиб кўринади. Галлюцинациялар нафақат психоз ёки неврозларда, балки бош мия пўстлоғини таъсирлантирувчи органик касалликларда (масалан, ўсмаларда) ҳам кузатилиб, муҳим диагностик аҳамиятга эга.
Эшитиш галлюцинациялари ҳам турли-туман бўлади. Эшитиш галлюцинацияси деб, аслида йўқ бўлган товушлар (гап, сўз)нинг бемор қулоғига эшитилишига айтилади. Товушлар жарангдор, бўғиқ, узоқ ёки яқиндан, пастдан ёки тепадан келгандек бўлиб туюлади. Шунга яраша бемор бошини товуш келган томонга буради ёки юриб боради. Вербал галлюцинациялар, айниқса, бемор учун хавфлидир. Ҳар томондан келувчи овозлар беморга таҳдид солувчи, буйруқ берувчи тарзда бўлиб, беморни юриб бораётган автомобил тагига ташлашни, томдан сакрашни, ўзига ёки бировга пичоқ санчишни, севимли фарзандини ўлдиришни буюради. Булар императив галлюцинациялардир. Бундай овозлар ҳадеб такрорланаверса, бемор уни бажариб қўйиши мумкин. Бу овозлар таниш ёки нотаниш одамнинг, аёл ёки эркак кишининг овози сифатида намоён бўлади. Овозлар бир марта пайдо бўлиб, тўхтаб ҳам қолади. Беморнинг қилган ишларини маъқулловчи ёки танқид қилувчи овозлар ҳам эшитилади.
Тактил галлюцинацияларда бемор худди терисида бирор нарса ўрмалаб юргандек уст-бошини қоқаверади. Ҳид ва таъм билиш галлюцинацияларида бемор бадбўй нарсалар ҳиди ва таъмини сезади. Гипногогик галлюцинациялар бемор кўзини юмиб ухламоқчи бўлганда кузатилади. Бунда унинг кўз олдида ҳар хил қўрқинчли нарсалар, ҳайвонлар, ёмон одамлар пайдо бўлади. Кўзини очса йўқолади. Бу ҳолат қўрқоқ болаларда кўп учрайди.
Иллюзия деб, атроф-муҳитда аслида мавжуд бўлган нарса ва ҳодисаларни янглиш идрок қилишга айтилади. Демак, галлюцинациядан фарқли ўлароқ, иллюзияда идрок этилаётган нарсалар мавжуд, лекин улар нотўғри қабул қилинади. Масалан, ерга тушиб ётган қора чопон узоқдан худди ухлаб ётган итдек, дўппи эса мушукдек, қоронғи хонада михга илинган палто худди ўғри тургандек туюлади. Иллюзиялар ҳам, худди галлюцинациялар сингари кўрув, эшитув, ҳид ва таъм билиш турларига бўлинади. Иллюзиялар соғлом одамларда ҳам учраб туради. Масалан, қурилиш бўлаётган жойда ёғочлар узоқдан худди эгри жойлашгандек, эшик ва деразалар қийшиқ қўйилгандек, девордаги чизиқлар эгри чизилгандек бўлиб кўринади. Баъзан, қурувчи буларнинг тўғрилигини махсус электрон приборлар ёки дастгоҳлар орқали текшириб кўради. Иллюзиялар невроз ва психозларда кўп кузатилади.
Вербал иллюзияларда бир нечта одамнинг суҳбати бемор учун унинг устидан ғийбат қилаётгандек ёки фитна уюштириш учун режа тузилаётгандек эшитилади. Иллюзиялар шизофрения касаллиги хуруж қилганда, делириоз ва онейроид ҳолатлар билан кечувчи касалликларда кўп кузатилади.
Психосенсор бузилишлар. Психосенсор бузилишларга деперсонализация, дереализация, анозогнозиялар киради. Деперсонализация синдромида бемор ўз шахсини янглиш идрок этади, яъни унинг танаси иккига бўлингандек, гўё бири ўзига бўйсунмаётгандек ва бошқа одамнинг танасидек ҳис қилади. Уларда тана тузилишини тўғри идрок қилиш ҳам бузилади: қўли ёки оёғи катталашиб кетгандек, бировнинг қўлидек, ётган пайтлари ёнида қўл эмас, худди ёғоч ётгандек туюлади. Беморга «ахир бу қўлингиз-ку, ёғоч бунақа бўлмайди-ку, деса, тўғри, лекин мен қўлимни худди ёғочдек ҳис қиляпман», дейди. Демак, уларда танқидий фикр сақланган бўлади. Деперсонализация синдроми бош миянинг ўнг ярим шари (ўнақайларда) зарарланганда кузатилади.
Дереализация – беморлар борлиқдаги нарсалар ва вазиятни танийдилар, бироқ бу вазият уларга бошқача туюлади. Атроф-муҳитдаги ҳамма нарса ноаниқ, бегона, тушунарсиз, гўёки парда билан ўралгандек гўё, ўзи яшаётган жой ва у ердаги таниш одамларни ҳам бегонадек ҳис қилади. Деперсонализация ва дереализация шизофрения, эпилепсия касалликларида, депрессив ҳолатларда кўп учрайди.
Анозогнозиялар. Анозогнозия ўз касаллиги белгиларини англамаслик, деган маънони билдиради. Бош мия ўнг ярим шарининг париетал соҳаси зарарланганда кузатиладиган бу ҳолатда бемор ўз танасидаги камчиликларни идрок қилмайди, яъни инкор қилади. Чап томони ишламай ётган бўлса-да, мен ҳозир юриб келдим, деб уқтиради.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y;
©asab.cc)
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича