КОМА ВА ОНА МЕҲРИ
Комага тушган бемор парвариши ўта мураккаб жараён бўлиб, оила аъзоларидан жуда катта чидам ва сабрни талаб қилади. Мен узоқ йиллар комада ётган қизини жуда катта меҳр ва умид билан парвариш қилган битта онани яхши биламан (бундайлар кўп, албатта). Ҳар гал ушбу хонадонга ташриф буюрганимда, у ердаги ажойиб бир вазият мени ўзига ром қиларди. Умуман тилсиз ва унсиз ётган бу қизнинг бадани шу қадар тоза, сочлари чиройли қилиб ўриб таралган, тирноқлари текис олинган бўларди. Қизнинг бадани илиқ ва ундан ёқимли ҳид таралиб турарди. Ҳар гал онанинг менга умидли кўзлари билан қарашини кўриб, эзилиб кетардим. У ҳар доим мени кулиб кутиб оларди. “Зарифбой, ука, охирги умидим Сиздан” дерди. Уни юртимиздаги барча невролог-профессорлар кўрган ва даволашга уринишган, бироқ касаллик оғирлиги сабабли натижа бўлмаганди. Менинг ҳам қўлимдан ҳеч нарса келмасди. Тиббиёт юз ўгирган бу қиздан Она ҳали умидини узмаган эди.
Она мени тез-тез чақирарди, келиб туринг, дерди. Мен ҳар гал “Энди келмай қўя қолай, барибир фойдаси йўқ” дегим келарди-ю, бироқ қандайдир куч мени ўша хонадонга боришга ундарди. Бу куч – Она меҳри эди. Мен бундай Онага йўқ дея олмасдим. Унинг учун ушбу хонадонга тинмай боришга тайёр эдим. Менинг ташрифларим Она дардини енгиллаштирарди, бироқ ҳар гал мен бу хонадондан оғир ҳис билан уйга қайтардим. Чунки мен унинг қизига ёрдам бера олмаслигимни билардим. Орадан бир неча ойлар ўтиб, Она мендан хабар олмай қўйди...
Manba: © Z. Ibodullayev. Asab va ruhiyat., 4-nashr. Ilmiy-ommabop risola. T, 311 b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi
© asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича