Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси КОМАНИНГ ОҒИР АСОРАТЛАРИ

КОМАНИНГ ОҒИР АСОРАТЛАРИ


Декортикация, децеребрация, апаллик синдром ва сурункали вегетатив ҳолатлар команинг оғир асоратларидир. Кейинги давр – бу ўлим.
Декортикацион ригидлик (декортикация). Бош мия катта ярим шарлари чуқур жойлашган тузилмаларининг икки томонлама зарарланиши сабабли кортикоспинал йўллар фаолияти издан чиқади. Бунинг натижасида иккала қўл тирсак бўғимидан букилиб танага ёпишиб қолади, бармоқлар ҳам букилиб мушт ҳолатида бўлади, иккала оёқ эса чўзилиб пронасия ҳолатида қотиб қолади. Бу ҳолат декортикацион ригидлик деб аталади.
Децеребрацион ригидлик (децеребрация). Тана, қўл ва оёқлардаги ёзувчи мускуллар тонусининг кескин ошиши ва букувчи мускуллар тонусининг пасайиши билан намоён бўлади. Бунинг натижасида бош орқага қайрилиб, оёқ-қўллар чўзилиб, пронация ҳолатида қотиб қолади. Қотиб қолган оёқ-қўлларни букиб бўлмайди. Децеребрацион ригидлик бош мия катта ярим шарлари ва мия устунидаги ўтказувчи йўлларнинг иккала томонда зарарланиши сабабли ривожланади. Мускуллар тонусини бошқаришда иштирок этувчи спинал марказларнинг церебрал марказлар таъсиридан чиқиб кетиши сабабли «децеребрация» атамаси қўлланилган.
Апаллик синдром. Бош мия катта ярим шарлари пўстлоғининг катта соҳалари нейронлари ҳалок бўлганда ривожланади. Апаллик синдром, одатда, тез шаклланади ва унинг сабаблари оғир кечувчи инсулт, бош миянинг оғир жароҳатлари, заҳарланишлар ва ҳ.к. Бу синдром 1940-йили Эрнст Кречмер томонидан ёзилган. Клиник белгилари: ҳеч қандай ихтиёрий ҳаракат кузатилмайди, бемор гапирмайди, хотира йўқолган, эмоционал реакциялар сўнган бўлади. Ютиш бузилади, мускуллар тонуси ошади. Бемор кўзларини очиб-юмиши мумкин, бироқ кўз олмалари ҳаракатлари чегараланган бўлади. Оғриқли таъсирларга оёқ-қўлларининг хаотик ҳаракати билан жавоб беради. Уйқу ва тетиклик режими издан чиқади. Нафас олиш ва юрак-қон томир фаолиятида оғир бузилишлар аниқланмайди. Апаллик синдром – бу тотал апраксия ва агнозиянинг биргаликда намоён бўлиши.
Сурункали вегетатив ҳолат. Бу ҳолат бош мия катта ярим шарлари ва мия устуни тузилмалари орасидаги кучли морфофункционал узилишлар сабабли рўй беради. Узоқ вақт (3–5 ҳафта) комада ётган бемор ҳушига келади ва унда фақат мия устуни функциялари, яъни вегетатив функциялар сақланиб қолади. Бемор бир ҳушига келиб, бир ҳушидан кетиб (сопор) туради. Тахикардия, артериал гипертензия, тахипноэ, гипертермия (40–41°С), танада дистрофик ўзгаришлар пайдо бўлади, яъни ётоқ яралар тез ривожланади. Шунинг учун ҳам диффуз аксонал шикастланишда бу синдром кўп учрайди. Бош мия катта ярим шарлари функциялари, яъни нутқ, диққат, хотира, идрок ва тафаккур доираси кескин бузилади. Бу ҳолат бир неча кундан бир неча ойгача давом этади. Вегетатив ҳолат прогностик жиҳатдан оғир ҳисобланади ва у апаллик синдром белгиларига ўхшаб кетади.

Manba:  ©Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b.
              ©Z. Ibodullayev. Nevrologiya. Qo`llanma., Toshkent, 2017., 404 b.
              ©Z. Ibodullayev. Insult va koma, Toshkent, 2013., 193 b.
              © Ibodullayev ensiklopediyasi ©asab.cc



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича