НЕЙРОПСИХОЛОГИЯ АСОСЛАРИ
Нейропсихология тарихи
Нейропсихология тарихига назар ташлайдиган бўлсак, у бош мия катта ярим шарлари пўстлоғида олий руҳий функциялар марказларини аниқлашга уринишлардан бошланган. 1836 йили Франциянинг кичик бир шаҳрида тиббий жамият йиғилишларидан бирида оддий врач Марк Дакс жамият раисидан ўзининг кузатувлари тўғрисида маълумот беришга рухсат сўрайди. Унинг нутқида қуйидаги жумлалар бор эди: «Мен бош миянинг чап ярим шари зарарланган беморларнинг барчасида нутқ бузилишларини кузатдим, лекин ўнг ярим шар зарарланган беморларнинг бирортасида ҳам нутқ бузилиши учрамади. Демак, айнан бош миянинг чап ярим шари нутқ учун масъул, яъни у ерда нутқ марказлари жойлашган». Бу пайтгача нутқ учун бош миянинг иккала ярим шари ҳам жавоб беради, деб фараз қилинарди. Лекин у ўз мулоҳазаларини анатомик текширувлар билан тасдиқламаган (бунга имконият бўлсада) ва чоп қилдирмаган. Шунинг учун ҳам М. Дакснинг оғзаки айтган маълумотига ўша куни олимлар эътибор ҳам қилмади ва ушбу тўғри фикр тез орада унутилди.
Пол Брок
(1824–1880)
1861 йили ёш француз олими антрополог Пол Брок нутқи бузилган ва тананинг ўнг томони фалажланган беморни кузатади. Бу бемор тез орада вафот этади. Унинг бош мияси очиб текширилганда, чап ярим шарнинг пастки пешона пуштасининг орқа қисмида инфаркт ўчоғи аниқланади (бу соҳа кейинчалик Брок маркази деб атала бошланди). Ушбу беморнинг мияси ҳанузгача Париждаги тиббиёт музейида сақланади. Бемор атрофдагиларнинг гапига тушунсада, ўзи гапира олмасди, фақат “та-та-та” деган товуш чиқарарди холос. Нутқ бузилишининг бу тури кейинчалик «мотор афазия» деб ном олди. Ўша даврдан бошлаб бош мияда турли марказларни излаш катта қизиқиш билан бошланиб кетади. Бироз вақт ўтмай, немис психиатри К.Вернике 1874 йили чап чакка бўлагининг устки пуштаси зарарланганда ҳам нутқ бузилишини кузатиб, сенсор нутқ марказини аниқлайди.
1876 йили Ферриер чакка бўлагида эшитув марказини, 1881 йили Мунк итларнинг бош миянинг энса қисми олиб ташланганда «нарсаларни кўрсада, танимаслигини», ўша йили Экснер ўрта пешона пуштасининг орқа қисми зарарланганда ёзиш бузилишини аниқлайдилар.
Албатта, бу кашфиётлар ўша даврдаги олимларни ҳайратга солади, яъни улар бош мияда турли марказлар, ҳатто онг, хотира, тафаккур марказларини излай бошлашади. Шу даврдан бошлаб фанда «локализационизм» деган йўналиш юзага келади. “Локализация” ибораси французчада «жой» деган маънони англатади.
1870 йили Финкелнбург локализациончиларга қарши чиқиб, бош мия пўстлоғи зарарланганда «асимболия» ривожланади, холос, дейди. Унинг фикрича, символларни ишлатиш қобилияти бузилиши натижасида нутқ фаолияти, нарсаларни таниш ва турли онгли ҳаракатларни бажариш бузилар экан. Локализациончилар нуқтаи назарини 1864–1874 йиллари ўзининг кузатувларига асосланиб, машҳур инглиз неврологи Д. Жексон танқид қилади. Д. Жексон, асосан, нутқнинг динамик томонлари билан қизиқди. У «бош мияда нутқ бузилишига сабабчи бўлган зарарланишни жойлаштириш» ва «нутқнинг ўзини жойлаштириш» икки хил нарса, деган эди.
Д. Жексон (1835–1911)
Д. Жексон афазияда нутқ функциясининг тўла йўқолмаслигига эътибор қаратади. Афазия кузатилган беморда мақсадга йўналтирилган нутқ бузилиши мумкин, бироқ ҳиссий нутқ сақланиб қолади, деб фикр юритади у. Масалан, бирон бир сўзни бемор аффект ҳолатида айтиб юбориши, лекин ихтиёрий ҳолда эса гапира олмаслиги мумкин. Д. Жексон «нутқини йўқотган» одам «сўзлардан ҳам жудо» бўлган дегани эмас, чунки сўзнинг англанмаган қисми ҳам мавжуддир, дейди. Шунинг учун «нутқидан жудо» бўлган беморнинг фикрлаш жараёни бироз пасайса-да, ҳали фикр юритишга қобилиятли. Д. Жексон мақсадга йўналтирилган нутқ бош миянинг чап ярим шари билан, ҳиссий нутқ эса ўнг ярим шар фаолияти билан боғлиқ, деб айтган.
Д. Жексон биринчилардан бўлиб, МНС функцияларининг мураккаб тузилиши тўғрисидаги ғояни илгари сурди. Унинг фикрига кўра, ҳар бир функция 3 босқичдан иборат: «қуйи» (орқа мия, мия устуни), «ўрта» (бош мия пўстлоғининг ҳаракат ва сезги марказлари) ва «олий» (бош миянинг пешона бўлаги). «Олий» марказлар зарарланганда нафақат патологик симптомлар пайдо бўлади, балки ижобий ўзгаришлар ҳам кузатилади: «қуйи» марказлар «олий» марказлар назоратидан халос бўлиб, ўз фаолиятини кучайтиради. Бунга марказий пирамидал йўллар зарарланганда спинал рефлексларнинг кучайишини мисол қилиб кўрсатади. Агар афазияда сўзлаш, ўқиш ва ёзиш қобилиятларининг бузилиши салбий аломатлар бўлса, ҳиссий нутқ сақланиб қолиши ва бировнинг сўзига тушуниш ижобий хислатлардир, деган эди Д. Жексон. У 1868 йили афазия нафақат бош миянинг чап ярим шари, балки ўнг ярим шари зарарланганда ҳам кузатилишини эълон қилган. Бу беморлар чапақай бўлган. Д. Жексоннинг бу хулосалари бош миянинг функционал асимметриясини ўрганишга туртки бўлди. Кейинчалик бош мия катта ярим шарлари пўстлоғида бир қанча марказлар кашф қилинди. Шунинг учун олимлар Д.Жексонни “миянинг функционал асимметрияси” ҳақидаги таълимотни биринчи бўлиб илгари сурган, деб ҳисоблашади.
Нейропсихология фани ҳақида тушунча
Нейропсихология – бош миянинг локал ва диффуз зарарланишларида олий руҳий функцияларни ўрганувчи фан. Албатта, бу фан олий руҳий функцияларнинг онтогенезда шаклланиш босқичларини миянинг морфофункционал системаларига боғлаб ўрганади. Нейропсихология неврология, психология ва физиология негизида шаклланди.
Дастлаб нейропсихологияда қўлланиладиган асосий атамалар ва иборалар ҳақида тўхталиб ўтамиз.
- Функционал система – турли хил онгли фаолият учун масъул бўлган афферент ва эфферент системалардан иборат морфофункционал тузилма.
- Нейропсихологик симптом – бош миянинг локал зарарланишларида пайдо бўладиган олий руҳий функциянинг бузилиши.
- Бирламчи нейропсихологик симптом – аниқ бир психологик функцияга жавоб берувчи марказнинг бевосита зарарланиши сабабли юзага келган симптом.
- Иккиламчи нейропсихологик симптом – бирламчи нейропсихологик симптом пайдо бўлганлиги сабабли юзага келган бошқа олий руҳий функциянинг бузилиши.
- Нейропсихологик синдром – келиб чиқиш механизми бир-бирига боғлиқ бўлган бир нечта нейропсихологик симптомлар йиғиндиси.
- Нейропсихологик фактор – нейропсихологик синдромни юзага келтирувчи этиологик омил.
- Синдром анализи (фактор анализи) – морфофункционал тузилмалар зарарланиши сабабли юзага келган нейропсихологик бузилишларни аниқлаш усули.
- Нейропсихологик ташхис – бош миянинг локал ва диффуз зарарланишларида топик ташхисни аниқлаш мақсадида ўтказиладиган нейропсихологик текширувлар натижасида олинган хулоса.
- Олий руҳий функциялар локализацияси – бош миянинг маълум бир соҳасини аниқ бир олий руҳий функцияга масъуллигини кўрсатиб берувчи тушунча.
- Яримшарлараро функционал асимметрия – бош миянинг чап ва ўнг ярим шарларида функцияларнинг асимметрик тарзда жойлашуви.
- Яримшарлараро муносабатлар – маълум бир функцияларни бажаришда иккала ярим шарнинг ўзаро иштирокини кўрсатиб берувчи ибора.
Параллел тарзда бу таълимотга мутлақ тескари бўлган йўналиш, яъни эквипотентциализм (антилокализационизм) таълимоти ҳам пайдо бўлди. Эквипотенциалистлар ҳар бир олий руҳий функция учун бош мия пўстлоғининг барча қисмлари жавоб беради, уларни бир жойда жойлаштириш нотўғри, деган назарияни илгари суришди. Ушбу таълимотнинг асосчилари П. Флуранс, Ф. Холтс, К. Лешли эди.
Кейинчалик бу иккала таълимот ҳам инқирозга учради. Нима учун? Биринчидан, пўстлоқнинг локал зарарланишларида ҳар доим ҳам нейропсихологик бузилишлар юзага келавермади. Иккинчидан, юзага келган нейропсихологик бузилишлар регрессга учраганда ҳам локал бузилишлар сақланиб қолаверди. Бу, албатта, қизиқарли феномен эди.
Ушбу иккала таълимотни ўзаро солиштириб мукаммал ўрганишга уринишлар ва клиникада қўлга киритилган янги маълумотлар олий руҳий функцияларнинг систем динамик жойлашиш қонуни яратилишига туртки бўлди. ОРФ пўстлоқнинг тор бир соҳасида жойлашиши мумкин эмас, балки унинг ҳар бири учун ўзаро фаолият кўрсатувчи функционал системалар жавобгардир, яъни ҳар бир олий руҳий функциянинг таъминланишида бош мия катта ярим шарлари пўстлоғининг турли қисмлари ўз ҳиссасини қўшади.
Бош мия катта ярим шарлари пўстлоғи
Бош мия катта ярим шарлари пўстлоғи (кейинчалик пўстлоқ) ҳам филогенетик, ҳам онтогенетик жиҳатдан кейин пайдо бўлган тузилмадир. Пўстлоқнинг асосий вазифаларидан бири – инсоннинг руҳий фаолиятини бошқариш. Бир сўз билан айтганда, пўстлоқ онгли фаолиятга масъул. Пўстлоқ кулранг тусга эга бўлиб, ўртача 14 млрд. нерв хужайраси, яъни нейронлардан ташкил топган. Пўстлоқ қалинлиги – 3-4 мм.
Пўстлоқ ғадир-будур тузилишга эга бўлиб, унда пушталар ва эгатчалар фарқ қилинади. Пўстлоқ 6 қаватдан иборат: 1 – молекуляр қават; 2 – ташқи донадор қават; 3 – кичик пирамидал хужайралар қавати; 4 – ички донадор қават; 5 – катта пирамидал хужайралар қавати; 6 – полиморф хужайралар қавати.
Пўстлоқ нейронлараро алоқаларнинг жуда кўплиги билан ажралиб туради. Бола дунёга келгандан то 18 ёшга тўлгунга қадар ушбу алоқалар сони кўпайиб боради.
Бирламчи, иккиламчи ва учламчи майдонлар. Пўстлоқда бирламчи, иккиламчи ва учламчи майдонлар фарқ қилинади (3.1-расм).
1-расм (а, б, в). Пўстлоқда жойлашган проекцион, проекцион-ассоциатив ва ассоциатив майдонлар: a – бирламчи майдонлар; б – иккиламчи майдонлар; в – учламчи майдонлар
Бирламчи майдонлар проекцион типдаги хужайралардан иборат бўлиб, пўстлоқ марказларини периферия билан боғлайди. Масалан, олдинги ва орқа марказий пушта нейронлари, энса соҳасида жойлашган кўрув маркази, чакка соҳасида жойлашган эшитув маркази бирламчи майдонларга киради (1-жадвал).
1-жадвал
Пўстлоқ майдонлари | Бродманн майдонлари |
Бирламчи майдонлар (проекцион соҳалар) | 3 – орқа марказий пушта 4 – олдинги марказий пушта 17 – бирламчи кўрув соҳаси 41 – бирламчи эшитув соҳаси |
Иккиламчи майдонлар (проекцион-ассоциатив соҳалар) | 1, 2 ва 5-майдонлар – тери-кинестетик анализатори; 18 ва 19 – кўрув гностик марказлари 22 ва 42 – эшитув анализатори; 6 ва 8-майдонлар (премотор соҳа) – ҳаракат анализатори |
Учламчи майдонлар (ассоциатив марказлар) | Пешона соҳасида – 9, 10, 11, 45, 46, 47; Чакка соҳасида – 21 ва 31 майдонлар; Пастки париетал пушта – 39 ва 40 майдонлар |
Барча бирламчи майдонларни топик тамойил асосида тавсифлаш мумкин. Чунки ушбу марказлар аниқ бир функцияни бажаришга ихтисослашган ва периферия билан боғланган. Масалан, кўрув аппаратидан келувчи сигналлар 17-майдонга, эшитув аппаратидан 41-майдонга, умумий сезгидан келувчи сигналлар 3-майдонга келади. Ҳаракат билан боғлиқ йўллар эса 4-майдондан бошланади. Умуман олганда, бирламчи майдонлар зарарланиши нейропсихологик симптомлар эмас, балки неврологик симптомлар билан намоён бўлади. Бундай бузилишлар неврологик текширувлар ёрдамида дарров аниқланади. Бунга мисол қилиб гемипарез, гемианестезия, кортикал кўрликларни мисол қилиб кўрсатиш мумкин.
Иккиламчи майдонлар бирламчи майдонлар ёнида жойлашган бўлиб, проекцион-ассоциатив ҳужайралардан иборат. Бирламчи майдонларга келиб тушган сигналлар иккиламчи майдонларга узатилади ва бу ерда улар мураккаб анализ ва синтез қилинади. Масалан, 17-майдон предметни кўради, бироқ унинг нималигини танимайди, 18 ва 19-майдонлар эса предметни танийди. Шунинг учун ҳам 17-майдон зарарланса, кортикал кўрлик пайдо бўлади. 18 ва 19-майдонлар зарарланса, кўрув агнозияси ривожланади. Демак, 17-майдон обьектни кўриш учун жавобгар бўлса, 18-майдон обьектни таниш (билиш) учун жавобгар.
Учламчи майдонлар фақат ассоциатив нейронлардан иборат бўлиб, пўстлоқда бир неча анализаторлар билан чегарадош соҳаларда жойлашган. Учламчи майдонлар пўстлоқнинг деярли ярмини эгаллаган бўлиб, турли функционал системаларни бир-бири билан боғлаб туради. Учламчи майдонлар жойлашган соҳаларни пўстлоқнинг ассоциатив соҳалари деб аташади. Улар калта ўсимтали юлдузсимон хужайралардан иборат. Ассоциатив соҳалар пўстлоқнинг темпорал, париетал ва оксипитал бўлаклари чегарасида (ТПО соҳаси) ҳамда префронтал соҳада жойлашган. Фақат инсон учун хос бўлган ўта мураккаб интеллектуал операциялар айнан учламчи майдонлар фаолияти билан боғлиқ. Бунга нутқ ва у билан боғлиқ бўлган онгли фаолиятни мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Бирламчи ва иккиламчи майдонлар ҳайвонларда ҳам бўлади. Бироқ учламчи майдон уларда йўқ.
Ўтказувчи йўллар. Аввал айтиб ўтганимиздек, бош мия катта ярим шарларининг оқ моддаси ўтказувчи йўллардан иборат. Ўтказувчи йўллар 3 турга ажратиб ўрганилади:
- Ассоциатив – битта ярим шарнинг турли соҳаларини бир-бири билан боғловчи йўллар. Уларнинг аксарияти равоқсимон калта йўллар.
- Комиссурал – иккала ярим шарни бир-бири билан боғловчи йўллар (corpus callosum);
- Проекцион – бош мия катта ярим шарларини МНС нинг пастки тузилмалари билан боғловчи йўллар (пирамидал йўллар, сезги йўллари ва ҳ.к).
Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y;
©asab.cc)
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича