Мезотемпорал эпилепсия
Эпилептоген ўчоқ чакка бўлагининг медиал юзаси, яъни гиппокамп, амигдалиум, парагиппокампал пушталарида жойлашса, мезотемпорал эпилепсия ривожланади. Лимбик система таркибига кирувчи ушбу тузилмалар вегетатив функцияларни таъминлаб беришда марказий аҳамиятга эга. Шу боис, мезотемпорал эпилепсия ранг-баранг вегетатив пароксизмлар билан намоён бўлади. Мезотемпорал эпилепсия жуда кўп ҳолларда қуйидаги вегетатив ауралар билан бошланади: эпигастрал соҳада тўсатдан пайдо бўлган ғалати бир ёқимсиз сезги бир неча сония ичида юқорига кўтарилиб беморнинг бўғзига келиб “тиқилади”, кўнгли айниб кекира бошлайди ёки қайт қилиб юборади, юзи қизиб кетади ва гиперемия пайдо бўлади. Мезотемпорал эпилепсияда эпигастрал соҳада хуружсимон ёқимсиз сезгилар шу қадар кўп кузатиладики, буни ҳатто эпигастрал аура деб ҳам аташади.
Қорачиқларнинг тўсатдан кенгайиб қўрқув ва хавотир пайдо бўлиши ҳамда ваҳима босиши – ушбу эпилепсия учун жуда хос белгилар. Бу пайтда тахикардия вужудга келади, нафас олиш тезлашади, ҳидлов ва таъм билиш галлюцинациялари рўй беради. Хуруж пайтида беморнинг ҳуши тўла йўқолмайди, балки у сомнолент ҳолатга тушади. Ушбу ҳолат бир неча сониядан бир неча соатгача давом этади. Баъзида соноленция 2–3 кунлаб сақланади. Тўсатдан бошланган мураккаб фокал хуружлар қанча вақт давом этишидан қатъи назар, улар аста-секин камая боради. Баъзида синкопал хуружлар, яъни қисқа давом этувчи ҳушдан кетишлар рўй беради. Бу пайтда бемор йиқилиб тушади, бироқ эпилепсияга хос мотор хуружлар кузатилмайди.
Чакка эпилепсияси билан боғлиқ автоматизмлар баъзида соатлаб давом этади ва бу вақтда қилинган ҳаракатлар беморнинг эсида қолмайди. Чунки бу автоматизмлар енгил сомноленция ҳолатида рўй беради. Масалан, бемор уйдан чиқиб кетиб, шаҳарни 2–3 соат мобайнида айланиб юради ва уйга келиб ухлаб қолади. Уйғонганидан кейин қаерга бориб келгани ҳақида сўралса: “Ҳеч қаёққа! Уйда ухлаб ётувдим-ку” дейди ёки бўлган воқеалар тушида рўй бергандек туюлади.
Мезотемпорал эпилепсия хуружи пайтида деярли барча турдаги вегетатив бузилишларни кузатиш мумкин. Улар юрак қон-томир, эндокрин, нафас олиш, ошқозон-ичак ва сийдик ажратиш системалари дисфункцияси билан намоён бўлади. Вегетатив-висцерал бузилишларнинг қай тарзда вужудга келиши беморнинг қайси вегетатив тип, яъни симпатик ёки парасимпатик типга алоқадорлигига кўп жиҳатдан боғлиқ.
Медиобазал тузилмалар нафақат вегетатив, балки психик функцияларнинг шаклланишида ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳам, мезотемпорал эпилепсияда руҳий пароксизмлар кўп кузатилади. Қўрқув ва хавотир хуружларидан ташқари, dйjа vu (аввал кўрган) ёки jamais vu (ҳеч қачон кўрмаган) феномени пайдо бўлади.
Узоқроқ чўзилган хуружлар пайтида турли хил автоматизмлар рўй бериб туради. Орал автоматизмлар, асосан, юзини бужмайтириш, тили ва лаблари билан турли ҳаракатлар қилиб юбориш билан кечади. Баъзида бемор “қўрққан” кўзларини катта очиб бир нуқтага тикилиб қолади. Бу ҳолат худди абсансни эслатади. Бироқ бу абсанс эмас, балки псевдоабсансдир. Псевдоабсанслар абсансларга қараганда узоқроқ давом этади. Абсанслар бир неча сония давом этса, псевдоабсанслар бир неча дақиқага чўзилади. Абсансларда тўла амнезия, псевдоабсансларда эса қисман амнезия кузатилади. Абсанслар, кўпинча, эрталаб пайдо бўлса, псевдоабсанслар ҳар қандай вақтда ҳам кузатилаверади. Абсансларда аура бўлмайди, псевдоабсанслар, кўпинча ауралар билан бошланади. Абсанслар, асосан, болалар ва ўсмирларда кузатилади, псевдоабсанслар эса турли ёшда ҳам учрайверади. ЭЭГ ҳам уларни фарқлашга ёрдам беради. Абсанслар учун частотаси 3 Гц бўлган симметрик типдаги пик-тўлқинли эпилептик фаоллик хос. Псевдоабсансда аниқ ифодаланган эпилептик фаоллик бўлмайди.
Мезотемпорал эпилепсия аниқланган беморларнинг кўпчилиги эрта болалик даврида атипик фебрил хуружлар ва турли хил перинатал касалликлар билан оғриган бўлади. МРТ текширувларида чакка бўлагининг медиал қисми, айниқса, гиппокампда склеротик ўчоқлар аниқланади. Мезотемпорал эпилепсияда фокал хуружларнинг иккиламчи-тарқалган хуружларга ўтиб кетиши кўп кузатилади. Бундай пайтларда тоник-клоник хуружлар билан бошланувчи катта эпилептик хуружлар ривожланган бўлади. Умуман олганда, эпилепоген ўчоқларнинг чакка пўстлоғида жойлашуви деярли ҳар доим катта эпилептик хуружлар ривожланиши хавфини уйғотади.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b.
©Z. Ibodullayev. Epilepsiya. Qo`llanma., Toshkent, 2018., 128 b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi
©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича