Мураккаб абсанслар


Мураккаб абсансларда ҳушнинг йўқолиши турли хил, яъни миоклоник, тоник, атоник ва вегетатив компонентлар билан биргаликда намоён бўлади. Мураккаб абсанслар оддий абсансларга қараганда бироз мураккаб кечади, ҳушни йўқотиш узоқроқ (20-30 сония) давом этади, йиқилиб тушишлар кўп бўлади. Ҳеч қандай аурасиз намоён бўлувчи бундай хуружлар сабабли бемор кўп тан жароҳатлари олади. Шунингдек, мураккаб абсанслар турли хил автоматизмлар билан намоён бўлади, яъни бемор ўзича нималарнидир гапиради, мимик мускуллари билан қандайдир имоишоралар қилади, қўл-оёқлари билан шарт бўлмаган турли ҳаракатларни бажаради. Автоматизмлар пайтида беморнинг ҳуши карахт ҳолатда бўлади, нималар қилаётганини ўзи билмайди ва эслаб ҳам қолмайди. Мураккаб абсанслар ичида энг кўп учрайдигани миоклоник ва тоник абсанслардир.
  Мураккаб абсансларнинг қуйидаги турлари фарқланади:
  • миоклоник
  • тоник
  • атоник
  • вегетатив
Миоклоник абсанслар – миоклониялар билан намоён бўлувчи абсанслар. Миоклониялар, асосан, юз, бош, елка ва қўлларда, кам ҳолларда оёқ ва гавда мускулларида кузатилади. Бу титрашлар худди миоклоник гиперкинезларни эслатади, бироқ улардан фарқли ўлароқ, ҳушнинг йўқолиши билан кечади. Миоклоник абсанслар ЮМЭ да кўп учрайди.
      Тоник абсанслар – мускулларнинг тоник қисқариши билан намоён бўлувчи абсанслар. Тоник абсансларда кўз олмаси юқори ёки ён томонга кетиб қолади, бош орқа ёки ён томонга қайрилиб кетади, қўл-оёқ мускулларида тоник қисқаришлар кузатилади. Мускулларнинг тоник қисқариши енгил тарзда ҳам, оғир кўринишда ҳам рўй беради. Баъзида тоник абсанслар пайтида гавда бирдан букилади ва бемор олдинга қараб йиқилади. Тоник абсанслар Леннокс-Гасто синдроми ва БАЭ да кўп учрайди.
      Атоник абсанслар – мускуллар атонияси билан намоён бўлувчи абсанслар. Мускуллар атонияси бўйин мускулларида кузатилса, беморнинг боши бир неча сония олдинга осилиб қолади, қўлларда кузатилса, қўли қимирламай қолади ёки қўлидаги нарса тушиб кетади, оёқларда кузатилса, йиқилиб тушади. Атоник хуружлар сабабли йиқилиб тушган бемор яна ўрнидан туриб юриб кетади. Абсанслар типик ва атипик турларга, асосан, ЭЭГ кўрсаткичларига қараб ажратилади. Типик абсансларда ЭЭГ да абсанс учун хос бўлган типик ўзгаришлар, яъни частотаси 3 Гц бўлган пик-тўлқинли комплекслар аниқланади. Атоник абсанслар, кўпинча, атипик абсанслар сирасига киритилади. Атоник (атипик) абсанслар Леннокс-Гасто синдромида кўп учрайди.
      Вегетатив абсанслар – вегетатив симптомлар билан намоён бўлувчи абсанслар. Бу пайтда беморнинг ранги оқариб ёки қизариб кетади, мидриаз кузатилади, сийиб юборади. Абсанс хуружи ўтгач, бу симптомлар яна йўқолади.
Мураккаб абсансларни баъзида мураккаб фокал хуружлардан фарқлаш қийин. Бунинг учун хуружлар кечишини диққат билан назорат қилиш ва ўрганиш лозим. Бунинг ҳар доим ҳам имкони бўлавермайди. Мураккаб фокал хуружлар, кўпинча, ауралар билан бошланади, абсансларга қараганда узоқ­роқ давом этади, симптоматик эпилепсия кўринишида кўп учрайди, катта ёшда ҳам рўй беради, хуруждан сўнг карахтлик кузатилади. 
Мураккаб абсанслар эса, асосан, идиопатик эпилепсия кўринишида намоён бўлади, аурасиз бошланади, катта тутқаноқ хуружлари кузатилмайди, катта ёшда деярли учрамайди. Фокал хуружлардан фарқли ўлароқ, абсансларда галлюсинасиялар кузатилмайди. Абсансларда, одатда, тез ёрдам кўрсатиш талаб этилмайди. Баъзи абсанслар (масалан, БАЭ) даволаш муолажаларини ўтказмаса ҳам ўтиб кетади. Аммо битта беморнинг ўзида абсанслар, фокал ва тарқалган хуружлар биргаликда намоён бўлиши мумкин. Бунга мисол Леннокс-Гасто синдроми.
        Баъзида абсанслар тўхтамасдан кетма-кет такрорланади. Буни абсанслар статуси деб аташади. Абсанслар статуси кун бўйи давом этиши ва беморни ҳолдан тойдириши мумкин. Натижада беморнинг оғзидан сўлак оқаверади, гипомимия пайдо бўлади ва ҳуши қочиб, карахт ҳолатга тушади. Бундай пайтларда беморни клиникага ётқизиш зарур.

Manba: © Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b. 
             © Z. Ibodullayev. Epilepsiya. Qo`llanma. Toshkent, 2018., 128 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi
              © asab.cc


Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича