Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси МИЯНИНГ ФУНКЦИОНАЛ БЛОКЛАРИ

МИЯНИНГ ФУНКЦИОНАЛ БЛОКЛАРИ


А.Р. Лурия бош мияда 3 та функционал блокни ажратиб ўрганди. 
  1. Биринчи функционал блок. Биринчи блок нейронлари носпецифик хужайралардан иборат бўлиб, турли модалликдаги сигналларни қабул қилиб, қайта ишлов бериб, уларни иккинчи функционал блок марказларига узатади. Носпецифик хужайралар ҳам лимбик, хам ретикуляр формацияда мавжуд. Бу тизимни ягона ном билан, яъни лимбико-ретикуляр комплекс деб аташади. ЛРК дан иборат биринчи блокнинг асосий вазифаси –  организмнинг умумий тонусини таъминлаб бериш (1-расм). 
 
 

   1-расм. (а, б, в). Бош миянинг функционал блоклари (А.Р. Лурия, 1973): 
А – биринчи функционал блок; Б – иккинчи функционал блок; В – учинчи функционал блок. 
       Биринчи блокнинг носпецифик системаси фаоллаштирувчи ва тормозловчи хужайралар тизимидан иборат. Бу хужайралар калта ўсимтали аксонлар ёрдамида бир-бири билан боғланган бўлиб, ретикуляр формацияни ҳосил қилади. РФ нинг юқорига, яъни пўтслоқ томон йўналувчи йўллари, ҳамда пастга орқа миянинг мотор хужайралари томон йўналувчи йўллари мавжуд. Агар пўстлоқ ва спинал нейронлар фаолияти сустлашиб кетса, РФ нинг фаоллаштирувчи тизими ишга тушади. Агарда пўстлоқ ва спинал нейронлар фаолияти ошиб кетса, уларни тормозловчи тизим ишга тушади. Шу йўл билан МНС нинг бир маромда ишлаши таъминланади.
Биринчи блок зарарланса барча психик функциялар сустлашади. Бемор уйқу ҳолатига (сомноленция) тушиб қолади. Диққат, хотира ва онг фаолияти пасаяди, сустлашади. Биринчи блок модал-носпецифик хужайралардан иборат бўлганлиги боис, барча турдаги хотира жараёнлари, яъни ҳид билиш, таъм билиш, эшитиш, кўриш ва ҳаракат каби хотиралар издан чиқади.
      Биринчи блокка кирувчи лимбик система хужайралари (Папец айланаси) эмоционал реакциялар ва мотивациянинг анатомик субстрати ҳам ҳисобланади. Шунингдек, лимбик система гомеостазни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади, яъни турли нейрогуморал механизмлар орқали ички аъзолар фаолиятини бошқариб туради. Шу боис ҳам бу тизим зарарланганда онгнинг умумий бузилиши, ҳиссий реакциялар тўмтоқлиги, фобия ва турли вегетатив-висцерал бузилишлар юзага келади.
  1. Иккинчи функционал блок. Иккинчи функционал блокка бош мия катта ярим шарларининг энса, чакка ва тепа бўлаклари киради (расмларга каранг). Ушбу блок тузилмалари перифериядан келувчи экстротсептив сигналларни анализ ва синтез қилишдан иборат. Агарда биринчи блок нейронлари носпецифик сигналларни қабул қилувчи хужайралардан иборат бўлса, иккинчи блок нейронлари юқори даражада модал-специфик хусусиятга эга. Масалан, энса бўлагининг 17-майдон хужайралари фақат оптик сигналларни (кўрув анализатори), тепа бўлагининг 3-майдон хужайралари фақат умумий сезги билан боғлиқ сигналларни (сезги анализатори), чакка бўлагининг 41-майдон нейронлари фақат эшитув нейронларидан келувчи сигналларни (эшитув анализатори) қабул қилади. 
     Иерархик тузилишга эга 2-блок бирламчи (проекцион), иккиламчи (проекцион-ассоциатив) ва учламчи (ассоциатив) майдонлардан иборат. Бирламчи майдон айнан ўзи учун йўналтирилган ташқи сигналларни қабул қилади ва уни бўлакларга бўлиб (анализ), иккиламчи, яъни проекцион-ассоциатив соҳаларга юборади. Бу ерда оддий сигналлардан мураккаб образлар яратиш, яъни синтез босқичи бошланади. Қайта ишловлардан ўтган бу сигналлар учламчи, яъни ассоциатив соҳа хужайраларига узатилади. Бу нейронларда бошқа анализаторлар иштирокида инсоннинг онгли фаолиятини таъминлаб берувчи мураккаб функционал системалар шаклланади. Иккинчи блокнинг энса соҳаси оптик-гностик функциялар, тепа соҳаси соматосенсор анализ, чакка соҳаси эшитиш анализатори билан боғлиқ функциялар учун жавоб беради.
       Иккинчи функционал блокда орқа ассоциатив соҳа, яъни ТРО (temporo-parieto-occipitalis) соҳаси мавжуд. ТРО чакка бўлагининг орқа қисми, энса бўлагининг олдинги қисми ва тепа бўлаги соҳаларидан иборат соҳадир. ТРО 37, 39 ва 40-майдонлардан иборат. ТРО – турли тоифадаги анализаторлар туташган ва мураккаб супермодал интегратив функцияларни бажарадиган ассоциатив хужайралар тўпламидан иборат соҳа. ТРО – онтогенетик ривожланиш даврида кеч шаклланади (12-18 ёшларда).
  1. Учинчи функционал блок. Учинчи блокнинг анатомик тузилмаси – бу пешона бўлагининг конвекситал юзасидир. Пешона бўлагининг конвекситал юзаси катта ярим шарларнинг деярли 25 % ини ташкил қилади. Пешона бўлагининг медиобазал тузилмалари биринчи функционал блокка киришини эсда тутинг. Демак, 3-блокнинг анатомик тузилмалари – булар олдинги марказий пушта (4-майдон), премотор соҳа (6 ва 8-майдон), префронтал соҳа (9, 10, 11, 44, 45,46, 47-майдонлар).
      Префронтал соҳа 1-блок, яъни энергетик блокдан бевосита “зарядланиб” туради. Бу эса 3-блокнинг фаол ишлашини таъминлайди. Акс ҳолда интеллектуал фаолият сустлашиб қоларди.
       Шундай қилиб, биринчи, иккинчи ва учинчи блокларнинг ҳамкорликдаги фаолияти ҳам элементар, ҳам олий руҳий функцияларни бошқаришда асосий аҳамиятга эга. Бу жараёнлар бошқарилишида нутқ функциясини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Нутқ – фақат инсонлар учун хос бўлган олий руҳий функция.

Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b. 
              ©Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. Darslik., 2-nashr., T.; 2021., 960b. 
              ©Z. Ibodullayev. Umumiy nevrologiya. Darslik. T.; 2021., 312b. 
           © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; ©asab.cc


Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича