НАФАС ЕТИШМОВЧИЛИГИ


Нафас етишмовчилиги (dyspnoe) – нафас олиш ритми ва частотасининг бузилиши сабабли юзага келган бўғилиш ҳолати.

Этиологияси ва патогенези. Нафас олиш маркази мия устунида жойлашган. Турли касалликлар, яъни ўсма, инсулт, абсцесс, КЦЖ ушбу марказни силжитиб ёки эзиб қўяди. Бунинг натижасида нафас олишнинг марказий типда бузилиши кузатилади. Шунингдек, кучли интоксикация ва метаболик бузилишлар (алкоголизм, уремия, гипогликемия, гипергликемия, кетоацидоз, наркотик моддалар) ҳам нафас олиш маркази фаолиятини сўндириб нафас етишмовчилигига сабабчи бўлади. Ҳар қандай коматоз ҳолатлар ривожланаётганда албатта нафас олиш бузилади. Шунингдек, миастения, Гийен-Барре синдроми, орқа миянинг бўйин ва кўкрак қисми ўсмалари, диафрагмал нерв патологияси ҳам нафас олиш бузилиши билан намоён бўлади.

Катта дозада қилинган наркотик дорилар ва миорелаксантлар ҳам нафас олиш маркази фаолиятини сўндиришини эсда тутиш лозим. Ис гази билан заҳарланишлар ҳам марказий ва аралаш типдаги нафас етишмовчилигига олиб келади. Нафас етишмовчилиги, албатта, юқори нафас йўллари ва ўпка касалликларида ҳам кўп учрайди. Кўкрак қафасининг ҳар қандай, айниқса юрак-қон томир касалликлари нафас олиш бузилишлари билан намоён бўлади. Нафас етишмовчилиги психоген этиологияли ҳам бўлиб, бу ҳолатни психоген астма деб аташади. Психоген астма ёшлар орасида кўп учрайди.

Клиникаси. Марказий типдаги нафас етишмовчилигида нафас олиш ритми, частотаси ва чуқурлиги турли даражада бузилади. Нафас олиш типига қараб баъзида команинг этиологиясини аниқлаб олиш мумкин. Масалан, кетоацидотик комада Куссмаул нафаси кузатилади. Куссмаул нафаси – чуқур-чуқур нафас олиш ва қисқа нафас чиқаришдан иборат ўта шовқинли нафас. Куссмаул нафаси ацидоз ва ўткир гипоксия сабабли нафас олиш марказининг кучли қўзғалиши ҳисобига юзага келади. Куссмаул нафаси геморрагик инсултнинг ўткир даври, уремик ва жигар комалари, этил спиртидан ўткир заҳарланишларда кўп учрайди.

Чейн-Стокс нафаси – аритмик типдаги нафас олиш бўлиб, нафас олишлар орасида 5–10 сониялик апноэ кузатилади. Апноэ, яъни нафас олишдан тўхташ даври ўзгариб туради. Чейн-Стокс нафаси мия устунидаги  нафас олиш маркази қўзғалувчанлигининг ўта пасайиши ҳисобига юзага келади. Чейн-Стокс нафаси вертебробазиляр инсулт (эмболиялар), субтенториал ўсмалар, миокард инфаркти, кетоацидоз, менингит, энцефалит, уремия, бош мия жароҳатлари ва турли интоксикацияларда пайдо бўлади. Чейн-Стокс нафаси вужудга келиши – ёмон прогностик кўрсаткич. Чунки, у нафас олиш маркази фаолияти пасайганлигидан далолат беради. Ўта оғир ҳолатларда брадипноэ ривожланади ва кома ўлим билан тугалланади. Бунинг олдини олиш учун бемор сунъий нафас олдириш системасига уланади.

Ўпка касалликлари билан боғлиқ нафас етишмовчилиги бронхлар обструкцияси, бронхоспазм, зотилжам, пневмосклероз, эмфизема каби патологик ҳолатлар ва касалликларда ривожланади. Бундай ҳолатларда нафас олиш ва чиқариш каби нормал физиологик жараёнлар издан чиқади. Клиник белгилари кучли цианоз, бўйин томирлари бўртиб туриши, ўпка экскурсияси бузилиши, барабан таёқчалари, харсиллаб нафас олишлар, экспиратор ва инспиратор типдаги нафас олиш бузилишлари билан намоён бўлади. Бронхиал астмада ўпкада хуштаксимон товушлар эшитилади. Жисмоний ҳаракатларда нафас етишмовчилиги ва цианоз кучайиб кетади. Албатта, шу ҳолатларни юзага келтирган асосий касаллик белгилари ҳам аниқланади. Кўкрак қафаси рентгенографияси ташхисга аниқлик киритади.

Кардиоген типдаги нафас етишмовчилиги юракнинг чап бўлаги етишмовчилигида ривожланади. Бунинг натижасида юракдан қон отилиб чиқиши сустлашади ва ўпкада қон турғунлиги рўй беради. Ўпка веналарида қон оқишининг кескин сустлашуви кислород ва СО2 алмашинувини издан чиқаради.  Организмда гипоксик жараёнлар ривожланади. Айниқса, бош мия гипоксияга жуда сезгирдир. Бу эса қўшимча равишда марказий типдаги ҳаво етишмовчилигини юзага келтиради. Кардиоген типдаги нафас етишмовчилигида ҳар қандай жисмоний ҳаракат нафас олиш жараёнини янада оғирлаштиради: бемор тез-тез ва чуқур нафас ола бошлайди. Горизонтал ҳолатда нафас етишмовчилиги кучайиб кетганлиги сабабли, бемор ўтиришга ҳаракат қилади. Ўтирганда нафас олиш бироз енгиллашади. Бундай беморлар ўтирган ҳолатда ухлашга ҳаракат қилишади. Уларда акроцианоз, шишлар ва оёқ-қўлларнинг совуқ қотиши ҳам кузатилади. Ўпкани аускультация қилганда турли пуфаксимон хириллашлар эшитилади.

Кўкрак қафасида жойлашган турли касалликлар, яъни плеврал бўшлиққа катта миқдорда суюқлик тўпланиши, йирингли плевритлар, гидроторакс, кўкрак қафаси шаклини ўзгартирувчи кифосколиозлар, умуртқа поғонасининг травматик жароҳатлари ҳам худди юрак-ўпка етишмовчилигига ўхшаш нафас олиш ритми бузилишларини юзага келтиради. Бундай ҳолатларда брадипноэ, тахипноэ каби ҳолатлар ривожланади. 

Тиббий ёрдам кўрсатиш усуллари. Авваломбор нафас етишмовчилиги этиологияси бартараф этилади. Нафас олиш маркази фаолияти сўниши билан боғлиқ ҳолатларда нафас аналептиклари қилинади. Кордиамин 5 мл в/и га, 20 % ли 2 мл кофеин-бензоат натрий т/о га қилинади. Опиатлар билан заҳарланганда уларнинг антидоди налоксон (0,5 %  2 мл) в/и, м/и ёки т/о га қилинади. Венага қилинаётган дорилар 40 % ли 10 мл глюкоза эритмасига қўшиб юборилиши мумкин.

Кардиоген типдаги нафас етишмовчилигида юрак гликозидлари ва сийдик ҳайлдовчи дорилар қилинади. Юрак гликозидларидан 0,05 % ли 0,5 мл строфантин ёки 0,06 % ли 1 мл коргликон 40 % ли 10 мл глюкоза эритмасида в/и га юборилади. Диуретиклардан 40 мг лазикс (фуросемид) в/и га қилинади. Кислород ингаляцияси ҳам берилиши мумкин.

Ўпка касалликлари сабабли ривожланган нафас етишмовчилигида бронхларни кенгайтирувчи дорилар, яъни 2,4 % ли 10 мл эуфиллин в/и га, 5 % ли 1 мл эфедрин гидрохлорид т/о га, теофиллин 1 табл. кунига 2-3 маҳал ичишга берилади. Шунингдек, малғамни юмшатувчи дорилар ҳам тавсия этилади. Бу муолажалар асосий касалликни даволовчи дорилар билан биргаликда олиб борилади.

Психоген типдаги нафас етишмовчилигида бемор тез-тез нафас олади, бўғилиб кетаётганлигига шикоят қилаверади, ўлим қўрқуви юзага келади. Унинг хатти-ҳаракатларида невротик ҳулқ-атвор шундоқ кўзга ташланиб туради. Бундай беморларни руҳан тинчлантирса, плацеботерапия усулларини қўлласа ёки тинчлантирувчи дорилар берса, нафас олиши яна нормал ҳолатга қайтади. Агар врач психотерапия усулини муваффақиятсиз амалга оширса, беморда ятропатия ривожланиб ҳаво етишмовчилиги янада авж олади.

Эслатма. Ҳар қандай типдаги нафас етишмовчилигида этиологик омил бартараф қилиниши керак.

Профессор Зарифбой Ибодуллаев



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича