НЕВРАСТЕНИЯ


Неврастения (юн. neuron – нерв, astenia – заифлик) асаб заифлиги деган маънони англатади. Неврастения асабнинг ортиқча зўриқишидан келиб чиқади. Тез асабийлашадиган одамлар неврастенияга тез чалинишади. Ақлий ва жисмоний меҳнатнинг номутаносиблиги ҳам неврастения келиб чиқишига сабаб бўлади. Доимий ҳиссий зўриқишлар, яқин кишисидан жудо бўлиш, оила ва ишхонадаги келишмовчиликлар, доимий қўрқув ва хавотир неврастения ривожланишига туртки бўлади. Неврастениянинг оила аъзоларида учраши унинг ривожланишида наслий омилларнинг аҳамиятини ҳам кўрсатиб беради. Ёш болаларда неврастения ривожланишига уни ўраб турган муҳит, айниқса, ота-она орасидаги жанжаллар сабабчи бўлади. Бо­лалик даврида олинган руҳий жароҳатлар ҳам бундан мустасно эмас.

Неврастения нафақат жаҳлдор одамлар, балки ўта андишали одамларда ҳам ривожланади. Андишали одам жанжал чиққанда ҳиссиётга зўр бермасликка ва ўзини бошқариб туришга ҳаракат қилади, бировнинг кўнглини оғритиб қўймай дейди. Бу ҳолатлар ҳам невроз шаклланишига туртки бўлади. Шунингдек, витаминлар етишмовчилиги, камқонлик, сурункали ва оғир касалликлар ҳам неврастенияга олиб келиши мумкин.

Неврастениянинг клиникаси турли-туман бўлиб, улар ичида тез-тез асабийлашиш, жаҳлдорлик, уйқу бузилиши, бош оғриши, бош айланиши, умумий ҳолсизлик, юрак уриб кетиши, паришонхотирлик, ақлий ва жисмоний меҳнат фаолиятининг пасайиши каби симптомлар кўп учрайди.

Неврастенияда даволаш муддати ва натижаси кўпроқ унинг тўғри олиб борилишига боғлиқ. Даволашни бошлашдан олдин неврастенияга олиб келувчи сабаблар аниқланиши ва улар иложи борича бартараф этилиши керак. Асосий сабаблар бартараф қилинганда аксарият беморларда даволашни давом эттиришга ҳожат ҳам қолмайди, улар тузалиб кетишади. Лекин баъ­зи ҳолларда неврастениянинг сабабини аниқлаш ва уни бартараф этиш анча мушкул.

Беморнинг оилавий аҳволи ва ишлаш шароити билан танишиб, унга дам олиб ишлаш, иш соатларини қисқартириш, овқатланиш тартибига риоя қилиш, театр ва киноларга бориб туриш тавсия этилади.

Неврастенияда беморларни даволаш учун жуда кўп дори-дармонлар бўлиб, уларни танлашга индивидуал ёндашиш керак. Бу мақсадда турли транквилизаторлар, седатив дорилар ва психостимуляторлардан фойдаланилади. Дориларнинг аксарияти седатив таъсирга эга бўлганлиги боис, уларни ишлаб юрган беморларга тавсия қилиб бўлмайди. Ривожланган давлатларда неврозни даволаш билан неврологлар эмас, асосан психологлар (психоаналитиклар) шуғулланишади. Худди психосоматик синдромларни даволашда ишлатиладиган психодинамик терапия неврозни даволашда кенг қўлланилади. Фрейд назариясининг яратилишига ҳам неврозни даволашга уриниш туртки бўлган. Шунингдек, беморга умумий массаж, игна билан даволаш, эрталабки бадантарбия ва спортнинг ўзига маъқул турлари билан шуғулланиш тавсия этилади. Йилда бир марта сиҳатгоҳларда дам олиб туриш ҳам ўта фойдалидир.

Профессор Зарифбой Ибодуллаев



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича