КАМ УХЛАШНИНГ ОҚИБАТИ ЁМОНМИ?
“Инсон миясига роҳат бағишловчи энг кучли малҳам – бу уйқу”, – деган эди Ибн Сино. Ҳақиқатан, ҳаёт ташвишлари ёки қандайдир сабаб орқали ухламай ишлайдиган ёки кам ухлаб кўп ишлайдиганларда ақлий ва руҳий фаолият сустлашиб боради. Бу нималар билан намоён бўлади? Келинг, кам ухлайдиган шофёрлар кўп автоҳалокат сабабчиси бўлиши ҳақида гапирмай қўя қолайлик. Ҳозир катта даргоҳларда ишлайдиганлар ҳақида сўзлаша қолайлик. Ухламасдан тинмай ишлаш ҳеч қачон иш унумдорлигини оширмайди. Мия барибир ўз аламини олади.
Савол: Қандай қилиб?
Жавоб: Иш унумдорлигини пасайтириб.
Етарли даражада ухламайдиган инсонлар бировлар гапини эшитиб туради, бироқ уни мияси қабул қилмайди, унинг касбий иш фаолияти ҳам сустлашади, миясига янги ғоялар келмайди ёки аввалдан мавжуд бўлган ғояларни ҳаётга татбиқ қила олмайди ва ҳ.к. Бундайлар қоғозбозликдан нарига ўтмайди, улар жаҳлдор ва қўл остида ишлайдиганларга қўрс бўлиб қолишади. Ишда кофе ичиб тетик юришга ҳаракат қилишади-ю, янада мия ва юракка зарар қилиб қўйишади. Айниқса, 40 ёшдан ошганлар кунига 6 соат ухламаса, юрак-қон томир касалликларига дучор бўлишлари мумкин.
Мендан умуман ухламайдиган одамлар ва ҳар доим тетик юрадиганлар бўлади-ку, деб сўрашади. Улар ҳақиқатан ҳам ҳеч қачон чарчамайди, мияси жуда ўткир бўлади, иш унумдорлиги пасаймайди ва ўта қудратли инсон бўлишади. Биз биладиган машҳур ҳоқонлар ана шундай одамлар бўлишган. Бундай ҳолат генетика билан боғлиқ бўлиб, ундайлар миллиондан бир учрайди ва уларни “қуёшли одамлар” деб аташади.
Профессор Зарифбой Ибодуллаев