ҒАЛТАК НЕРВ НЕВРОПАТИЯСИ
Ғалтак нерв fissura orbitalis superior орқали кўз косасига кириб, кўзни пастга ва бироз ташқарига бурувчи мускулни (m. obliquus superior) иннервация қилади. Ғалтак нерв зарарланганда енгил қўшилувчи ғилайлик кузатилади, яъни кўз бироз тепага ва ичкарига қараб қолади. Бемор пастга қараганда диплопия кузатилади, яъни оёқ остига қараб зинапоядан тушаётганда оёқлари тўртта бўлиб кўринади. Ғалтак нервнинг алоҳида зарарланиши жуда кам учрайди.
УЗОҚЛАШТИРУВЧИ НЕРВ НЕВРОПАТИЯСИ
Узоқлаштирувчи нерв fissura orbitalis superior орқали кўз косасига киради ва кўзнинг ташқи мускули – m. rectus lateralisни иннервация қилади. Узоқлаштирувчи нерв зарарланса, қўшилувчи ғилайлик пайдо бўлади ва бемор кўзини ташқарига буришга қийналади ёки бура олмайди. Бемор кўзини ташқарига бурмоқчи бўлса, диплопия пайдо бўлади ёки кучаяди.
Узоқлаштирувчи нерв зарарланишини билиб олиш мураккаб эмас. Барча қийинчиликлар ушбу нервнинг зарарланишини юзага келтирувчи касалликларни аниқлаш билан боғлиқ. Узоқлаштирувчи нерв кўзни ҳаракатлантирувчи бошқа нервларга қараганда узун бўлганлиги боис мия асосида жойлашган турли хил патологик жараёнларда кўп зарарланади. Шунинг учун ҳам бу нервнинг топографик аҳамияти жуда катта.
Узоқлаштирувчи нерв зарарланиши билан кечадиган патологик ҳолатлар ва касалликлар ҳақида тўхталиб ўтамиз.
Ишемик инфаркт. Варолий кўпригининг пастки базал қисми инфарктида VI нерв аксони ва VII нерв ядроси ҳамда шу ердан ўтувчи пирамидал йўллар зарарланади. Бунда альтернирлашган Фовилл синдроми ривожланади, яъни зарарланган томонда қўшилувчи ғилайлик ва мимик мускулларнинг периферик фалажлиги, қарама-қарши томонда марказий гемипарез пайдо бўлади. Варолий кўприги асосида жойлашган a.basilaris аневризмасида ҳам VI нерв зарарланиши мумкин.
Бирламчи ва метастатик ўсмалар. Варолий кўпригининг бирламчи ўсмалари, асосан, глиомалар бўлиб, уларнинг аксарияти VI нерв ядросидан ўсади. Бу соҳанинг метастатик ўсмалари эса кўпинча бурун-ҳалқум бўшлиғининг хавфли ўсмалари метастазидир. Маълумки, VI нерв аксони кўприк билан узунчоқ мия пирамидаси орасидан чиқади ва қаттиқ пардани тешиб, каверноз синус (sinus cavernosus) ичига киради. Шу боис мия пардаси ва каверноз синус ўсмаларида VI нерв кўп зарарланади. Бу соҳада менингиома, саркома, хондрома, хордома, эпидермоид кисталар, туберкулема, сифилома ва лимфомалар кўп учрайди. Демак, қўшилувчи ғилайлик ва кўзни ташқарига бура олмаслик ушбу касалликларнинг клиник симптоми бўлиши мумкин. Бу эса беморни жиддийроқ текширишни талаб этади.
Бош мия жароҳатлари. Кўпинча бош мия жароҳатларидан сўнг VI нерв зарарланиши кузатилади. Бу эса чакка суяги пирамидасининг жароҳатланиши билан боғлиқ.
Субарахноидал қон қуйилиш. Субарахноидал қон қуйилишда узоқлаштирувчи нерв патологияси кузатилиши мумкин. Бунинг сабаби – нервнинг субарахноидал бўшлиқда тўпланган қон билан босилиб қолишидир.
Каверноз синус тромбози. Юз-кўз соҳаси фурункули, йирингли гайморит ва бурун бўшлиғи ярачалари каверноз синус тромбози каби асоратларни бериши мумкин. Каверноз синус ичидан VI нерв ўтганлиги боис ушбу синус тромбозида бу нерв деярли ҳар доим зарарланади.
Каверноз синус соҳаси аневризмаси. Каверноз синус ичида ички уйқу артерияси ва VI нерв ёнма-ён жойлашган. Шу боис, ички уйқу артериясининг каверноз қисми аневризмасида ушбу нерв зарарланиши кўп учрайди.
Чакка суяги пирамидасининг диффуз яллиғланиши. Ушбу патология VI, VII, VIII нервлар ва баъзан V нервнинг зарарланиши билан намоён бўлади. Қулоқ чакка соҳасида кучли оғриқлар ҳам кузатилади.
Мияча-кўприк бурчаги касалликлари. Бу соҳада VIII нерв невриномаси, менингиома, эпидермоид киста, метастатик ўсмалар ва яллиғланиш касалликлари кўп учрайди. Ушбу касалликларда мияча-кўприк бурчагидан ўтувчи краниал нервлар, яъни V, VII ва VIII нервлар билан биргаликда VI нерв ҳам зарарланиши мумкин. Шунингдек, бу соҳага яқин жойлашган олдинги пастки мияча артерияси аневризмаси ҳам VI нерв зарарланишига сабаб бўлади.
Сфеноидал ёриқ (кўз косасининг устки ёриғи) синдроми. Ушбу ёриқдан ўтувчи III, IV ва VI нервлар ҳамда V нервнинг биринчи шохчаси зарарланиши симптомлари билан намоён бўлади.
Тарқоқ склероз. Тарқоқ склерозда ҳам узоқлаштирувчи нерв мононевропатияси кузатилади.
Вернике энцефалопатияси. Сурункали ичкиликбозликда тиамин етишмовчилиги сабабли ҳам узоқлаштирувчи нерв невропатияси ривожланади.
Токсик таъсирлар ва метаболик бузилишлар. Узоқлаштирувчи нерв худди бошқа краниал нервлар каби турли хил токсик таъсирлар ва метаболик бузилишлар оқибатида ҳам зарарланиши мумкин. Турли дорилар ва кимёвий воситалар билан заҳарланиш, уремия, диабет, эклампсия каби бир қатор касалликлар узоқлаштирувчи нерв зарарланишига олиб келади.
Мебиус синдроми. VI ва VII нерв ядроларининг туғма бўлмаслиги (аплазия) сабабли юзага келган патологик ҳолатга Мебиус синдроми дейилади. Бу нуқсон билан туғилганларда кўзни ҳаракатлантирувчи нервлар патологияси мимик мускуллар фалажи билан биргаликда намоён бўлади. Мебиус синдроми бола туғилган заҳоти аниқланади. Бошқа краниал нервлар ҳам зарарланиши мумкин.
Псевдоневропатия. Миастения, миопатия ва гипертиреозда кўзни ташқарига бурувчи мускул зарарланиши мумкин. Бунда узоқлаштирувчи нерв зарарланмаган бўлади.
Узоқлаштирувчи нервнинг идиопатик невропатияси. Баъзи ҳолларда (20 %) узоқлаштирувчи нерв невропатиясининг сабаби аниқланмай қолади. Бундай ҳолатлар идиопатик невропатия деб юритилади.
Профессор Зарифбой Ибодуллаев