Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси АПАТИЯ – БУ ДЕПРЕССИЯМИ?

АПАТИЯ – БУ ДЕПРЕССИЯМИ?


Апатия – бу депрессия эмас. Апатия – бу ҳамма нарсага бефарқлик билан намоён бўлувчи руҳий ҳолат. Апатия депрессияга жуда ўхшаб кетганлиги боис у ҳақда ҳам тўхталиб ўтишни мақсад қилдик. Апатияда бемор ҳеч нарсага қизиқмайди, бирор бир ишда иштирок этмайди ёки ёқар-ёқмас қатнашади, атрофда бўлаётган воқеаларга ўта бефарқ бўлади. Депрессияга жуда ўхшаб кетадиган ушбу ҳолат ҳиссий реакциялар сўниши билан намоён бўлади. Бундай беморни кўрган врачлар баъзида адашиб “депрессия” ташхисини қўйишади. 
      
Апатия ҳар кимда турлича намоён бўлади. Масалан, оила аъзоларидан, ишдан ёки раҳбариятдан кўнгли совиган одам ҳам баъзида апатияга тушади. Бу оддий апатия бўлиб, вазият ўзгарса, тез ўтиб кетади. Ўзида қандайдир касаллик аниқланиб қолса ҳам одам апатияга тушиши мумкин. Мабодо заҳм, ОИТС, сил ёки бошқа бир жиддий касалликлар аниқланиб қолса, одам апатияга тушади. Бу ҳолат кейинчалик депрессияга айланиши мумкин.
      
Шунингдек, бош мия касалликларида, яъни энцефалопатия, инсулт, паркинсонизм, бош мия жароҳатларида ҳам бемор апатияга тушади. Агар апатия ирода сўниши билан намоён бўлса, апатоабулик синдром ҳақида сўз боради. Бу ҳолат, айниқса, бош миянинг пешона бўлаги зарарланиши учун хос. Ҳар ҳолда, апатия депрессияга қараганда енгил психологик бузилиш. 
      
Апатияда депрессиядаги каби кучли психик бузилишлар кузатилмайди. Масалан, фикрлар карахтлиги бўлмайди, ўз жонига қасд қилишга уринишлар кузатилмайди ва антидепрессантлар ҳам тавсия этилмайди. Вазият яхши томонга ўзгарса ёки апатияга олиб келган касалликдан бемор халос бўлса, апатия тезда барҳам топади. Апатияда психотерапия юқори даражада самарали бўлади.


Manba: © Z. Ibodullayev. Asab va ruhiyat., 4-nashr. Ilmiy-ommabop risola. T, 311 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi;   
            © asab.cc

Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича