АПНОЭ
Апноэ – ухлаб ётган одамда 10 сония мобайнида нафас тўхташи билан намоён бўлувчи ҳолат. Уйқу пайтидаги апноэ (УПА) сабаблари бир қанча. Улар лимбико-ретикуляр комплекс дисфункциясини юзага келтирувчи патологик ҳолатлар, яъни сурункали алкоголизм, гиёҳвандлик, гипотиреоз, семизлик, нафас олиш маркази фаолиятини сусайтирувчи дорилар, токсинлар, метаболитлар ва ҳ.к. УПА, шунингдек, юқори нафас йўллари касалликлари, яъни бурун бўшлиғидаги тўсиқлар, сурункали ринит, этмоидит, тонзиллит, фарингит, ларингит, бронхитда ҳам кузатилади. Бу ҳолат болаларда кўпроқ учрайди.
УПА клиникаси қуйидаги симптомлардан иборат: нафас олиш ритми бузилишидан ташқари, чуқур-чуқур шовқинли нафас олиб ухлаш, кучли хуррак отиш, уйқу пайтидаги безовталиклар ва тез-тез уйғониб кетиш рўй беради. Бу ҳолат, албатта бош мияда веноз қон айланиш системасида турғун ҳолатларни юзага келтиради, ликвор айланишига салбий таъсир кўрсатади. Бундай одамлар эрталаб боши оғир бўлиб, юз-кўзлари бироз шишиб, уйқудан қониқмай уйғонишади. Кундуз куни эснаб ланж бўлиб юришади. Ҳадеб эснайвериш – мияда гипоксия белгисидир. УПА ва тинмай хуррак отиш ишемик гипоксия ва сурункали цереброваскуляр бузилишларни кучайтиради. Айниқса, артериал гипертензия, атеросклероз, юрак аритмияси, юрак клапанлари етишмовчилиги билан оғриган беморда УПА пайтида ишемик инсулт рўй бериши ёки ЮИК қўзғаши мумкин. Спиртли ичимликларни истеъмол қилиб маст ҳолатда ухлаб қолганда тунда рўй берадиган ишемик инсултлар кўпинча УПА пайтида кузатилади. Чунки алкогол нафақат гиперкоагуляция, гипоксия ва ишемия ҳолати, балки нафас олишда иштирок этувчи юқори нафас мускуллари тонусини ҳам пасайтиради. Шу сабабли маст ҳолатда ухлаб қолганларда хуррак отиш кучайиб кетади. Демак, УПА ва тинмай хуррак отишни ишемик инсултга олиб келувчи хатарли омиллар сирасига киритиш мумкин.
УПА ни бартараф этиш бир қатор тадбирларни амалга оширишдан бошланади. Дастлаб касаллик сабаби аниқланади. Юқори нафас йўллари касалликлари аниқланса, улар бартараф этилади. Спиртли ичимликларни истеъмол қилиш тўхтатилади, ортиқча тана вазни меъёрга келтирилади, юрак-қон томир касалликлари даволанади ва ҳ.к. Шунингдек, нафас олиш фаолиятига салбий таъсир кўрсатувчи дориларни қабул қилиш чекланади. Агар болалик давридаёқ юқори нафас йўли касалликлари бартараф этилмаса, бола нимжон бўлиб ўсади.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y;
©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича