АПРАКСИЯ
Апраксия – мақсадга йўналтирилган ихтиёрий ҳаракатларни бажара олмаслик. Қўлларда фалажлик бўлмаса-да, бемор бирор бир мақсадни кўзлаган ҳаракатларни бажара олмайди. Масалан, бемор гугурт қутиларидан уйчалар, гугурт чўпларидан квадрат, ромб, учбурчак ясай олмайди. Кийиниш, тугмасини тақиш, овқатни қошиқда оғзигача олиб келиш каби мақсадга йўналтирилган оддий ҳаракатлар мушкул бўлиб қолади.
Апраксия таснифи 1905 йили Х. Липманн томонидан таклиф қилинган бўлиб, ҳозирги кунгача баъзи давлатларда қўллаб келинади. У апраксиянинг 3 турини ажратган: 1) идеатор апраксия – ҳаракат тўғрисидаги ғоянинг бузилиши, парчаланиши; 2) кинетик апраксия – ҳаракатнинг кинетик механизми бузилиши; 3) идеомотор апраксия – ҳаракат қилиш ҳақидаги мақсадни ҳаракатни бажариш марказига узатишнинг бузилиши.
Идеатор апраксияни Липманн бош миянинг диффуз зарарланиши билан боғлаган бўлса, кинетик апраксияни премотор соҳанинг пастки қисми зарарланиши билан, идеомотор апраксияни эса тепа бўлаги зарарланиши билан боғлаган (1-расм).
Кўпчилик муаллифлар орал, бармоқлар, тана ва кийиниш апраксияси турларини фарқ қилишади. А.Р. Лурия апраксиянинг 4 хил турини ажратиб ўрганди: 1) кинестетик апраксия; 2) фазовий апраксия ёки апрактоагнозия; 3) кинетик апраксия; 4) регулятор (префронтал) апраксия.
1. Кинестетик апраксия бош мия чап ярим шарининг пастки париетал соҳалари зарарланганда кузатилади. Бунда фалажликлар бўлмаса-да, ҳаракатнинг кинестетик механизмлари издан чиқади. Бемор пиёлага чойнинг қандай қуйилиши ёки шакар қошиқ билан қандай олинади-ю, пиёлага солиб қандай эритилишини зарур нарсаларсиз кўрсатиб бера олмайди. Бундай пайтларда фазовий ҳаракатлар сақланган бўлади, лекин ҳаракат жараёнининг проприоретсептив (кинестетик) механизми ишламайди. Шунинг учун кинестетик апраксияни текширганда, беморнинг кўзи юмилган ҳолатда бўлиши керак. Чап ярим шар зарарланганда, кинестетик апраксия икки томонлама, ўнг ярим шар зарарланганда, бир томонда, яъни фақат чап қўлда кузатилади.
2. Фазовий апраксия ёки апрактоагнозия ҳаракатнинг фазовий тасаввури, яъни «юқори-қуйи», «чап-ўнг» каби томонларни фарқлашнинг бузилиши оқибатида ривожланади. Аксарият ҳолларда фазовий апраксия кўрув агнозиясисиз кузатилади. Агар оптик-фазовий агнозия фазовий апраксия билан бирга учраса, унда тўла апрактоагнозия ривожланади. Беморда ҳолат апраксияси, кийиниш ва ётадиган жойни тартибга келтириш апраксияси ҳам кузатилади. Уларга кўрув назорати ёрдам бермайди. Ҳаракатларни бажаришда беморнинг кўзи очиқ ҳолатда ёки ёпиқ ҳолатда бўлиши аҳамиятли эмас. Бемор оддий шакллар – айлана, квадрат, учбурчакни чиза олмайди. Апрактоагнозия чап ярим шарнинг тепа-энса бўлаклари, аниқроғи, 19- ва 39-майдонлар зарарланганда ёки иккала ярим шарнинг оксипитопариетал соҳалари зарарланганда кузатилади.
2-расм. Оптик-фазовий апраксияни текшириш (Хед синамаси). Синовчи синалувчининг рўпарасига ўтириб олади ва қуйидаги кўрсатмани беради: “Мен ўнг қўлим билан нима қилсам, сен ҳам ўнг қўлинг билан шуни қиласан. Чап қўлим билан нима қилсам, сен ҳам чап қўлинг билан шуни қиласан”. Ҳар бир синама бажарилганидан сўнг қўл эркин ҳолатга келтирилади.Сўнгра худди шу синамалар вербал кўрсатма орқали бажарилади: “Ўнг қўлингни кўтар”, “Чап қўлинг билан ўнг қулоғингни ушла” ва ҳ.к.
3-расм. Конструктив праксис. Синалувчидан геометрик фигураларни худди шундай жойлашувда чизиб чиқиш сўралади. Шакли ҳам, катта-кичиклиги ҳам шундай бўлиши керак.
4-расм Фазовий праксис. Синалувчидан ўнг қўл билан чап кўзни, чап қўл билан ўнг қулоқни кўрсатиш сўралади (Хед синамаси).
5-расм. Конструктив праксис. Гугурт чўпидан хар хил шакллар ясаш сўралади (вербал топшириқ ва кўрсатма орқали). 6-расм. Конструктив праксис. Нусха кўчириш: а-оригинал расмлар; б-бемор кўчирган нусхалар.
6-расм. Конструктив праксис. Нусха кўчириш: а-оригинал расмлар; б-бемор кўчирган нусхалар.
1) Кинетик (динамик) апракцияда бемор чизиш, ёзиш ёки бармоғи билан буйруқ бериш каби оддий ҳаракатларни бажара олмайди. Кинетик апракция премотор соҳа (6-8-майдонлар) зарарланганда учрайди. Бу апракция учун ҳаракат персеверациялари, яъни бир ҳаракатда тўхтаб қолиб уни ҳадеб такрорлайвериш хос. Текшириш усуллари тепада батафсил келтирилган.
2) Регулятор (префронтал) апракция чап пешона бўлагининг префронтал соҳаси зарарланганда кузатилади. Мушаклар тонуси ва кучи сақланган бўлади, лекин ҳаракат дастури бузилади, ҳар қандай ҳаракатнинг бажарилишини онгли тарзда назорат қилиб бўлмай қолади. Бемор биринчи ҳаракатдан иккинчисига бемалол ўта олмайди. Масалан, квадратни чизиб, кетидан учбурчакни чизиш талаб қилинса, бемор учбурчак ўрнига квадрат чизиб қўяди.
Manba: © Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y;
© asab.cc