Тепа бўлаги (lobus parietalis)
Тепа бўлаги (lobus parietalis). Марказий эгатдан орқа томонда жойлашган. Sulcus centralis тепа бўлагининг олдинги, sulcus lateralis эса пастки чегарасини ҳосил қилади. Марказий эгат билан орқа марказий эгат (sulcus postcentrаlis) орасида орқа марказий пушта (gyrus postcentrаlis) жойлашган. Тепа бўлагида горизонтал жойлашиб ўтган эгат интрапариетал эгат (sulcus intraparietalis) номини олган. Бу эгат тепа бўлагини юқори (lobus parietalis superior) ва пастки (lobus parietalis inferior) париетал бўлакларга ажратади.
Пастки париетал бўлак ўз навбатида иккита пуштага бўлинган. Улардан бири – чегара усти пуштаси (gyrus supramarginalis), иккинчиси – бурчак пушта (gyrus angularis). Gyrus supramarginalis Силвий эгатининг орқа учини ўраб турса, gyrus angularis юқори чакка эгатининг орқа учини ёпиб туради.
Ташқи капсула
Ташқи капсула (capsula externa) – қобиқ (putamen) ва тўсиқ (сlaustrum) орасида зич жойлашиб ўтган ассоциатив толалардан иборат нозик тузилма. Унинг ички деворини putamen, ташқи деворини claustrum ҳосил қилади.
Тепа бўлаги зарарланиши симптомлари
Орқа марказий пушта тўла зарарланса, қарама-қарши томонда гемианестезия, қисман зарарланса, моноанестезия ривожланади. Унинг устки қисми зарарланса – оёқда, ўрта қисми зарарланса – тана ва қўлда, пастки қисми зарарланса – юзда сезги бузилишлари аниқланади. Бу соҳалар қўзғатилса, қарама-қарши томонда Жексон типидаги сенсор хуружлар рўй беради.
Юқори париетал пушта зарарланса, тана схемаси бузилиши (соматоагнозия) синдроми шаклланади. Анозогнозия, аутотопагнозия ва псевдополимелия ушбу синдромнинг асосий белгилари ҳисобланади. Анозогнозия – ўз касаллигини инкор қилиш. Масалан, бемор бир томони фалажланган бўлса-да, оёқ-қўлим ишлаяпти, дейди. Аутотопагнозия – ўз тана қисмларини танимаслик, қўли ва оёғининг қандай жойлашганини нотўғри айтиш. Бемор – “бу менинг қўлим эмас, бошқанинг қўли, ёнимдаги ёғоч, мушук ва ҳ.к.” деб айтади ва ўзи ҳам шунга ишонади. Псевдополимелия – ортиқча қўл ва оёқлари бордек туюлиши. Ушбу бузилишлар кўпроқ субдоминант, яъни ўнг яримшар зарарланиши учун хос.
Шунингдек, проприорецептив афферентация бузилиши сабабли қарама-қарши томондаги қўлда “афферент парез” ривожланади. Бунга Форстер синдроми дейилади.
Пастки париетал пушта зарарланса, астереогнозия (тактильная агнозия) оптик-фазовий агнозия, кинестетик (идеатор) апраксия, афферент мотор афазия, аграфия, алексия, бармоқлар агнозияси, акалькулия, ривожланади. Шу соҳадаги орқа адверсив майдон қўзғатилса, кўз ва бош қарама-қарши томонга буралиб эпилептик хуружлар рўй беради.