Нерв системаси ҳақида умумий маълумот
Нерв системаси мураккаб тузилишга эга бўлиб, организмнинг ҳар бир фаолиятини бошқаради, назоратда ушлайди ва ташқи дунё билан боғлайди. Умумлаштириб оладиган бўлсак, нерв системаси қуйидаги 2 вазифани бажаради: 1) организмни ташқи муҳит билан боғлайди; 2) ички аъзолар фаолиятини бошқариб туради, яъни гомеостазни таъминлайди.
Нерв системаси организмни сезги аъзолари орқали ташқи муҳит билан боғлайди. Организмнинг 5 та сезги аъзоси фарқ қилинади: 1) Умумий сезги, яъни оғриқ, ҳарорат ва силаш орқали ташқи дунёдан маълумот олиб туради; 2) кўрув сезгиси орқали атроф-муҳитни кўради; 3) эшитув аъзолари орқали турли хил товушлар ва инсонлар нутқини эшитади; 4) ҳид билиш орқали ҳидларни сезади; 5) таъм билиш орқали таъмларни сезади.
Нерв системаси (шу ерда алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз: нерв системасини «нерв тизими» деб таржима қилиш мумкин эмас, чунки «тизим» ва «система» бошқа-бошқа маънони англатади) сезги аъзолари орқали ташқи сигналларни қабул қилмай қўйса, организм фаолияти издан чиқади ёҳуд буткул тўхтаб қолади. Комадан кейин ривожланган децеребрацион ва декортикацион ригидлик ёки апаллик синдром бунга мисол бўла олади. Демак, сезги аъзолари – нерв системаси дарвозаси демакдир.
Мутлақ эшитмайдиган ёки кўрмайдиган бўлиб туғилганларда нерв системаси фаолият кўрсатадику, деган савол туғилади. Агар бола баъзи сезги аъзолари нуқсони билан туғилса, онтогенетик ривожланиш даврида нерв системаси бошқа сезги аъзоларини фаоллаштириб юборади. Масалан, кўзи кўрмайдиганларда эшитиш ва тактил сезгилар фаоллашади, эшитмайдиганларда эса кўриш зийраклашади. Бундай болалар махсус мактабларда ўқитилади ва кўп ютуқларга эришади ҳам.
Машхур нейрофизиолог И.П. Павлов (1849-1936) 5 та сезги аъзосини бирламчи сигнал системаси деб атаган. Бирламчи сигнал системаси ҳайвонларда ҳам мавжуд. Улар ҳам кўради, эшитади, оғриқ сезади, таъм билади ва ҳид сезади. Яшаш тарзидан келиб чиқиб, турли ҳайвонларда сезги аъзолари турлича ривожланган. Масалан, қушларда кўриш, балиқларда эшитиш, типратиканда ҳид билиш ва ҳ.к
Ҳайвонда ҳиссиёт бўладими? Албатта. Масалан, кучукни эркалатса, у ҳурсанд бўлиб думини ликиллатади, жаҳлини чиқарса тишини ғижирлатади. Бироқ ҳайвонда онг бўлмайди. Ҳайвон – онгиз жонзот. Чунки уларда иккиламчи сигнал системаси йўқ. И.П. Павлов нутқ ва у билан боғлиқ олий руҳий функцияларни иккиламчи сигнал системасига киритган. Иккиламчи сигнал системаси фақат инсонлар учун хос.
Онг – бу объектив борлиқнинг инсон миясида субъектив акс этиши. Инсон мияси атрофдаги барча объект ва ҳодисаларни идрок қилиш хусусиятига эга. Масалан, осмондаги ой – объект, унинг номи эса субъект. Олдимизда турган ноутбук – объект, унинг номи эса субъект ва ҳ.к.
Нерв системаси марказий нерв системаси (МНС) ва периферик нерв системасига (ПНС) ажратилади. МНС га бош мия ва орқа мия киради, ПНС га эса краниал ва спинал нервлар ҳамда уларнинг тармоқлари киради. Шунингдек, вегетатив нерв системаси (ВНС) ҳам фарқланади. ВНС автоном тарзда фаолият кўрсатгани учун, унинг иккинчи номи – автоном нерв системаси. Вегетатив нерв системаси ўз навбатида симпатик ва парасимпатик нерв системаларига ажратилади.
ВНС нинг вазифаси ички аъзолар фаолиятини бошқариб туриш, яъни гомеостазни таъминлашдир. Нима учун ВНС МНС дан алоҳида ажратиб ўрганилади ва унга «автоном» деб ном берилган? Чунки, ВНС МНС томондан бошқарилмайди ва ўзи ҳолис тарзда ишлайди. Образли қилиб айтганда, бош мия тунги уйқуга кетиб орқа мия ҳам ором олаётганда, юрак уришдан, томирларда эса қон айланишдан тўхтамайди, нафас олаверамиз ва тўқималар кислород билан таъминланаверади, эндокрин безлар гормонларни ишлаб чиқариб ички аъзоларга юбораверади, тўқималарда моддалар алмашинуви тўхтамайди ва ҳ.к. Демак, МНС дан фарқли ўлароқ, ВНС туну-кун ишлайди ва унинг уйқуга кетиши – ўлим демакдир. Нерв системаси ҳақида умумлаштирилган қисқача маълумот шулардан иборат. Бошқа тафсилотлар кейинги мавзуларда кетма-кет баён этилади.