Янгиликлар Мақолалар Тиббий психолог – У ким?

Тиббий психолог – У ким?


Тошкент тиббиёт академиясида 2013-2014 ўқув йилидан бошлаб “Тиббиёт психологияси” фанидан магистратура ва клиник ординатура йўналиши фаолият кўрсата бошлади. Магистратурада ўқиш муддати 3 йил, клиник ординатурада – 2 йил. Ушбу йўналишга ҳужжат топширганлар орасида бир қатор саволлар пайдо бўлди. “Тиббий психолог – ўзи ким, у қандай мутахассис ва қаерда ишлайди”. Бу ерда шу каби саволларга жавоб берилади.


Савол: Тиббий психолог – у ким? Уларни қаерда тайрлашади?

Жавоб: Тиббий психолог – психология бўйича махсус тайёргарликка эга врач. Тиббий психолог бўлиш учун аввал тиббиёт институтларининг даволаш йўналишлари бўйича факультетларни тугатиш лозим. Сўнгра талаба “Тиббий психология” бўйича 3 йиллик магистратурада тахсил олиши лозим.


Савол: Тиббиёт психологияси бўйича магистратурани тугатганлар қандай дипломга эга бўлишади ва  улар ким бўлиб қаерда ишлашади?

Жавоб: Уларнинг магистрлик дипломига “Тиббий психолог” деб ёзилган бўлади. Улар “Тиббий психология” бўйича мутахассис бўлишади ва Республикамизнинг барча шифохоналари ҳамда илмий марказларда “врач-психотерапевт”, “врач-нейропсихолог”, “врач-психоневролог” бўлиб фаолият кўрсатишади. Магистратурани аъло баҳоларга тугатганлар ва хориж тилларини мукаммал биладиганлар “Тиббий психология” бўйича очиладиган кафедралар, илмий лабораториялар ва психосоматик бўлимларда фаолият кўрсатишади.


Савол: Психосоматик бўлимлар қаерларда очилади ва у ерда қандай беморлар даволанишади?

Жавоб: Яқин келажакда Тошкент шахридаги илмий-тиббий марказлар, тиббиёт институтлари клиникалари ва вилоят клиник шифохоналарида “психосоматик бўлимлар” очилиши режалаштирилган.  Бунинг учун “Тиббий психология” бўйича магистратура ва клиник ординатурани тугатган мутахассислар етарли бўлиши лозим. Бу бўлимларда психосоматик бузилишлар билан беморлар даволанишади. Турли касалликлар билан психологик ёрдамга муҳтож бўлган беморлар ҳам психосоматик бўлимларда даволанишади.


Савол: Психосоматик бузилишларга нималар киради?

Жавоб: Кучли ёки доимий руҳий жароҳатлар сабабли инсон организмида турли хил касалликлар ривожланади. Масалан, психоген хусусиятга эга цефалгиялар, кардиалгиялар, қўзғалган ичак синдроми, псевдоревматизм, психоген типдаги сексуал бузилишлар, функционал типдаги урологик касалликлар ва ҳ.к. Уларни тиббий психолог даволайди.


Савол: Психосоматик бузилишлар кўп учрайдими?

Жавоб: Барча касалликларнинг 70 % – булар психосоматик бузилишлардир. Шунинг учун ҳам ривожланган хориж давлатларининг тиббиёт марказларида фаолият кўрсатувчи тиббий психологлар сони врачлар сонидан деярли 2 баробар кўп. Бу мамлакатларда бемор нимага шикоят қилишидан қатъий назар тиббий психолог кўригидан ўтади. Сўнгра уни бошқа врачларга юборишади. Тиббий психолог ҳам худди невропатолог ва психиатр каби юқори малакали врач ҳисобланади. Шу боис уларни магистратура ва клиник ординатура орқали тайёрлашади.


Савол: Депрессия ва психозларни (руҳий қўзғалишлар) тиббий психолог даволашга ҳақлими?

Жавоб: Авваллари бундай беморларни психиатрлар даволашган. Энди уларни тиббий психологлар ҳам даволашади. Тиббий психолог руҳий касалликлар шифохонасида ва психоневрологик диспансерларда психиатрлар билан ҳамкорликда ишлайди. Тиббий психологлар наркологик диспансерларда ҳам мустақил равишда фаолият кўрсатишади. Депрессия билан касалланган бемоларни даволаш эса уларнинг бевосита бурчидир.


Савол: Тиббий психолог бош миянинг оғир яллиғланиш касалликларини ўтказган беморларни даволашга ҳақлими?

Жавоб: Албатта ҳақли. Чунки менингит, менингоэнцефалит ва энцефалит каби оғир касалликларда нафақат ҳаракат ва сезги бузилишлари, балки олий руҳий функциялар бузилишлари ҳам кузатилади. Нутқ, хотира, тафаккур, ҳиссиёт ва ҳулқ-атвор бузилишлари ушбу касалликларда жуда кўп учрайди. Ушбу бузилишларни ривожланган ҳориж давлатларида невропатологлар эмас, балки тиббий психологлар (нейропсихологлар) даволашади. Тиббий психолог фармакологик даволаш усуллари билан бир қаторда психотерапия усулларини ҳам қўллайди.


Савол: Инсульт касаллигичи?

Жавоб: Кўпчилик инсульт касаллигини фақат невропатолог даволайди деб ўйлашади. Бу фикр қисман тўғри холос. Инсульт билан касалланган беморни бир нечта мутахассис кўрикдан ўтказади ва даволайди. Инсульт энди ривожланган пайтда уни невропатолог, реаниматолог, ангиохирург ёки нейрохирург даволайди. Агар инсульт хушнинг бузилиши билан намоён бўлса, бемор реанимация бўлимига ётқизилади. Агар инсульт бўйин қон томирлари тромбози сабабли ривожланса, бемор ангиохирургия (ангионеврологлар) бўлимида операция қилинади. Агар мияга қон қуйилса, бемор зудлик билан нейрохирургия бўлимига олиб борилади ва операция қилинади.
Ушбу мутахассислар ёрдамидан сўнг бемор бутунлай тузалгунга қадар, уни невропатолог ва тиббий психолог кузатувга олади. Невропатолог ҳаракат ва сезги бузилишларини тиклаш билан шуғулланса, тиббий психолог (нейропсихолог) олий руҳий функциялар, яъни нутқ, хотира, тафаккур ва ҳиссиёт бузилишларини бартараф этиш билан шуғулланади. Агар мия инсультида ҳаракат ва сезги бузилишлари 30 % га яқин бўлса, олий руҳий функциялар бузилиши 70 % дан ошади. Бу дегани мия инсультини ўтказган бемор 70 % вақтини тиббий психолог (нейропсихолог) билан ўтказади. Тиббий психолог беморга невропатолог тавсия этадиган барча дори-дармонларни ўзи мустақил равишда тавсия этишга тўла ҳақлидир. Шу билан бирга у нейропсихологик диагностика ва нейропсихореабилитация муолажаларини кенг қўллайди. Албатта беморни қайта ҳаётга қайтаришда реабилитолог вазифаси ҳам жуда катта.


Савол: Нейропсихолог ким? Уларни қаерда тайёрлашади?

Жавоб: Нейропсихолог – неврология ва психология илмини чуқур биладиган мутахассис. Нейропсихологлар тиббий (клиник) психология кафедраларида етишиб чиқишади. Психологиянинг бошқа йўналишларидан фарқли ўлароқ, уларга неврология илмидан чуқур сабоқ берилади. Чунки неврологияни билмасдан туриб, нейропсихолог бўлиб бўлмайди. Нейропсихологнинг амалий тиббиётдаги асосий қуроли – бу психологик усуллардир. Бизнинг Республикада ҳам эндиликда нейропсихологларни “Тиббий психология” орқали тайёрлаш йўлга қўйилди. Тиббий психология бўйича магистратура учун тайёрланган Давлат таълим стандартида “Нейропсихология” мавзулари акс эттирилган ва бу фанни ўргатишга катта соат ажратилган.


Савол: Тиббий психолог анксиолитик, транквилизатор ва седатив дорилардан ташқари бошқа дориларни ҳам мустақил равишда ёзишга ҳақлими?

Жавоб: Тиббий психологлар авваломбор врач эканликларини унутмаслик лозим. Улар ҳар қандай тоифага кирувчи дори-дармонларни беморларга мустақил равишда тавсия этишга тўла ҳақлидир. Чунки организмда рўй берадиган ҳар қандай касалликлар психоген бузилишларни келтириб чиқариши мумкин. Шундай экан тиббий психолог асосий сабабни бартараф этиш учун зарур бўлган дори воситаларини (масалан, антибиотиклар, аналгетиклар, метаболиклар, гормонал дорилар, витаминлар ва ҳ.к.) ўзи мустақил равишда тавсия эта олади. Тиббий психологнинг врачдан фарқи шундаки, у психология илмини ҳам чуқур билади ва психодиагностика, психопрофилактика, психогигиена, психотерапия ва психореабитилация усулларини кенг қўллайди.


Савол: Тиббий психолог беморни КТ, МРТ, ултратовуш ва лаборатория текширувларига мустақил равишда юборишга ҳақлими?

Жавоб: Албатта ҳақли! Тўғри ташхис қўйиш учун зарур бўлган ҳар қандай диагностика усулларига беморни тиббий психологнинг ўзи юбориши зарур. Масалан, бемордаги психоз (руҳий қўзғалиш) жигар зарарланиши сабабли ривожланди дейлик. Бундай беморни кўрган тиббий психолог жигарни ультратовуш усули билан текширишга юборади, қонда ферментлар миқдорини аниқлайди ва ҳ.к. Шу йўл билан у психоз сабабини излаб топади ва уни бартараф этади. Агар беморга жигар фаолиятини яхшиловчи дорилар берилмаса, психозни ҳам бартараф этиб бўлмайди. Табиийки бу ерда терапевт ва инфекционист ёрдами ҳам керак бўлади.


Савол: Психиатрнинг тиббий психологдан фарқи нимада?

Жавоб: Психиатр шахснинг кескин ўзгариши билан намоён бўлувчи руҳий бузилишларни даволайди. Масалан, шизофрения ва суицид билан намоён бўлувчи руҳий касалликлар бунга мисол бўла олади. Бундай беморлар ўзига ва атрофдагилар ҳаётига ҳавф солишади. Психологик усулларни чуқур ўзлаштирган психиатрлар ҳам психиатр, ҳам тиббий психолог бўлиб ишлашлари мумкин. Психиатрия тиббий психологияга жуда яқин фандир. Авваллари тиббий психологларни психиатрлар тайёрлашган. Ҳозирда тиббий психологларни тиббий психологларнинг ўзлари тайёрлашади. Тиббий психология физиология, неврология, психиатрия ва клиник фармакология негизида шаклланган фандир. Албатта тиббий психологиянинг илдизи умумий психологияга бориб тақалишини ҳам эсда тутиш лозим.


Савол: Психоневрологлар ҳақида ҳам маълумот берсангиз.

Жавоб: Психоневрологлар – ҳулқ-атворнинг турли даражада бузилишлари билан намоён бўлувчи касалликларни даволовчи врач. Масалан, невроз, истерия, психоз, фобия, депрессия ва ҳ.к. Демак, бироз енгил ифодаланган руҳий бузилишларни психоневрологлар даволашади. Психиатрия бўйича махсус курсларни ва магистратурани тугатган мутахассислар психоневролог бўлиб ишлашади. Улар асосан психоневрологик диспансерларда ишлашади. Эндиликда тиббий психология бўйича магистратурани тугатганларга ҳам психоневрологик диспансерларда  психоневролог бўлиб ишлаши мумкин.


Савол: Тиббий психологлар консультатив поликлиникаларда ҳам ишлашадими?

Жавоб: Албатта! Худди невропатолог, кардиолог ва эндокринолог каби тиббий психолог кабинетлари ҳам консултатив поликлиникаларда мавжуд бўлади. Улар бошқа врачлар билан бир қаторда беморларни кўрикдан ўтказишади, уларга ташхис қўйишади ва даволашади.


Савол: Психотерапевтлар кимлар? Уларни ким тайёрлайди?

Жавоб: Психотерапевтлар – беморларни даволашда психологик усулларни кенг қўлловчи врачлар. Демак, психотерапевт – у врач. Бундай касб эгалари тиббий психология бўйича магистратурани тугатганлар орасидан етишиб чиқади. Бироқ бир неча йил терапевт бўлиб ишлаб, сўнгра махсус психология курсларида (масалан, врачлар малакасини ошириш институтида) таълим олган мутахассислар ҳам врач-психотерапевт бўлиб ишлашга ҳақлидир. Шунингдек, тиббиётга алоқаси бўлмаган олий таълим муассасаларида амалий психология йўналишини тугатганлар ҳам соғлиқни сақлаш тизимида психотерапевт бўлиб ишлашлари мумкин. Бироқ, уларга тиббий амалиёт билан шуғулланишга рухсат берилмайди. Улар фақат психотерапия билан шуғулланишади. Бу касб эгаларига муваффақият тилаймиз.


Энди тиббий психология бўйича бошқа соҳа мутахассислари ва мутасадди ходимларнинг фикрларини келтириб ўтамиз.


Каримов Ш.И., Тошкент тиббиёт академияси ректори, академик.

Тошкент тиббиёт академияси ва Тошкент педиатрия тиббиёт институтларида тиббий психология бўйича магистратура ва клиник ординатура йўналишларининг очилиши айни муддао бўлди. Чунки бундай мутахассислар бизнинг Республикамизга ҳам жуда зарур. Биз бу соҳани танлаган талабаларни энг яхши клиник базаларда ўқитамиз, Тошкент шаҳрида жойлашган нуфузли илмий-тиббий марказларда ва йирик клиник шифохоналарда малакавий амалиётни ўташларига барча шароитларни яратиб берамиз. Хориж тилларини мукаммал биладиган талабаларни “Тиббий психология” йўналиши бўйича магистратурада ўқиш даврида ривожланган Осиё давлатлари, Европа ва АҚШ да бир неча ойлик ўқишларига имконият яратиб берилади. Энг асосийси тилни ва фанни мукаммал биладиган иқтидорли талабаларни Тошкент тиббиёт академиясида педагог бўлиб ишга қабул қилиш ҳақида қарор қабул қилинган. Бундай талабалар 3-курсда танлаб олинади ва педагоглар заҳирасига рўйхатга киритилади.


Қурбонов Р.Д., Кардиология Илмий маркази директори, профессор.

Бизнинг  марказга психоген хусусиятга эга кардиоваскуляр бузилишлар билан беморлар жуда кўп мурожаат қилишади. Улар тиббий-психологик ёрдамга муҳтождир. Шу боис Тошкент тиббиёт академияси билан шартнома туздик. Унга мувофиқ магистратурани тамомлаган ва хориж тилларини мукаммал биладиган магистларни ишга қабул қиламиз. Магистратурада ўқиш мобайнида талабаларга илмий марказда беморлар билан ишлаш учун шароитлар яратиб берамиз. Тиббий психологиядан билим, малака ва хориж тиллари бўйича замонавий стандартларга жавоб берадиган мутахассислар сони етарли бўлган тақдирда бизнинг марказда психосоматик тиббиёт бўлими ва психофизиология бўйича махсус лаборатория очиш масаласини кўриб чиқамиз.


 

Хаджибаев А.М., Республика шошилинч тиббий ёрдам Маркази директори, профессор.

Марказнинг қабул бўлимига шошилинч тарзда мурожаат қилаётган беморларнинг деярли ярми тиббий-психологик ёрдамга муҳтож беморлар. Уларни албатта тиббий психолог қабул қилиши ва малакали тиббий-психологик ёрдам кўрсатиши зарур. Шу боис шошилинч тиббий ёрдам системасида бошқа тор доирадаги мутахассислар билан бир қаторда тиббий психологлар ҳам фаолият кўрсатишлари зарур. Бу система хориж давлатларида жуда яхши йўлга қўйилган. Шунингдек, марказимизнинг неврология, токсикология, педиатрия каби бўлимларида режали тарзда даволанаётган беморларнинг аксарияти тиббий-психологик ёрдамга муҳтождир. Биз Тошкент тиббиёт академияси билан тузган шартномада магистр ва клиник ординаторларга малакавий амалиёт ўтишларига шароит яратиб бериш ва келгусида уларни иш билан таъминлаш масаласи кўтарилган.


Акилов Ф.А. Урология Илмий маркази директори, профессор.

Бизнинг марказда даволанаётган беморлар орасида тиббий-психологик ёрдам кўрсатилиши зарур бўлганлар жуда кўп. Айниқса сурункали буйрак етишмовчиликлари, жинсий аъзолар аномалиялари, бепуштлик, эректил дисфункция каби касалликлар аниқланган беморларнинг барчаси тиббий-психологик ёрдамга миуҳтождир. Тошкент тиббиёт академияси билан тузилган шартномада тиббий психология бўйича таҳсил олаётган магистрлар ва клиник ординаторларнинг бизнинг марказда малакавий амалиёт ўтишга шароитлар яратиб берилади. Юқори даражада малакага эга бўлган, хориж тилларини мукаммал биладиган ва урология фанига ҳам қизиқадиган тиббий психологлар билан ҳамкорликда ишлашга тайёрмиз.


Нажмутдинова Д.К., Акушерлик ва гинекология Илмий маркази директори, профессор.

Ривожланган хориж давлатларида туғруққа олиб кириладиган ҳар қандай аёлни тиббий психолог албатта кўрикдан ўтказади. Ҳомиладорликнинг дастлабки кунларидан бошлаб гинеколог билан биргаликда тиббий психолог ҳомиладор аёлни доимий кузатувга олади. Айниқса туғруқдан кейин кузатиладиган реактив невроз ва психоз ҳолатларини психиатр эмас, айнан тиббий психолог бартараф этади. Демак, аёлларга тиббий-психологик ёрдам туғруққача бўлган даврда ҳам, туғруқдан кейинги даврга ҳам ўта зарур. Шунингдек, энди оила қурган ёшларга оилавий психолог сифатида ҳам доимий психологик консультация ва психотерапевтик ёрдамни тиббий психологлар (психотерапевтлар) кўрсатади. Биз келажакда марказимизда тиббий психологлар фаолият кўрсатишини режалаштирмоқдамиз.


Кариев Ғ.М., Республика Нейрохирургия Илмий маркази директори, профессор.

Бош миянинг ҳар қандай локал зарарланишларида (ўсма, травма, инсульт, абсцесс) афазия, агнозия, апраксия каби нейропсихологик бузилишлар ривожланади. Бундай беморларнинг барчасини операциягача бўлган даврда ҳам, операциядан кейин ҳам нейропсихолог кўрикдан ўтказиши лозим. Тошкент тиббиёт академиясида тиббий психология бўйича магистратура йўналишида нейропсихологларни ҳам тайёрлаш йўлга қўйилгани айни муддао бўлган. Маълумки, нейропсихология фанининг шаклланишида акад. А.Р. Луриянинг Н.Н. Бурденко номидаги Нейрохирургия Илмий текшириш институтидаги илмий-тадқиқот ишлари жуда катта туртки бўлган. Маълумки, барча ривожланган ҳориж давлатларининг нейрохирургия илмий марказларида нейропсихологлар ҳам фаолият кўрсатишади. Тошкент тиббиёт академияси билан тузилган шартномада Нейрохирургия Илмий марказида магистрлар ва клиник ординаторларга тиббий психология (нейропсихология) бўйича малакавий амалиёт ўтишлари учун шароит яратиб берилади.


Отабеков Н.С., Республика ОИТС га қарши кураш маркази директори, профессор.

Мана бир неча йилдирки, бизнинг марказ ўз кучига таяниб беморларга психотерапевтик ёрдам кўрсатиб келмоқда. Бизга юқори малакали тиббий психологлар жуда зарур. Тиббий психология бўйича магистратура ва клиник ординатурани тугатган иқтидорли ёшларни биз иш билан таъминлашга тайёрмиз. Ваҳоланки, ОИТС қарши кураш маркази ва унинг филиалларини тиббий психологларсиз тасаввур қилиш қийин.


Биз бу ерда Республикамизнинг йирик илмий-тиббий марказлари директорларининг тиббий психологияга оид фикрларини ҳам келтириб ўтдик. Тиббий психологлар, шунингдек, фтизиатрия, дерматовенерология, хирургия каби илмий марказларга ҳам ўта зарур мутахассислардир. Яқин келажакда аксарият илмий-тиббий марказларда тиббий психолог штати очилади ва улар беморларга тиббий-психологик ёрдам кўрсатишади. Тиббий психологлар мудофа вазирлиги ва ички ишлар вазирлигига тегишли шифохоналарда ҳам фаолият кўрсатишади. Чунки фавқулоддаги вазиятларда беморларга зудлик билан ҳамда махсус режа асосида юқори малакали тиббий-психологик ёрдамни айнан тиббий психолог кўрсата олади.

Зарифбой Ибодуллаев,
Тошкент тиббиёт академияси
Асаб касалликлари кафедраси профессори



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Мақолалар" бўлими бўйича