Янгиликлар Янгиликлар ЯНГИ КИТОБ МУБОРАК!

ЯНГИ КИТОБ МУБОРАК!


 

 Куни кеча бир нечта дарсликлар муаллифи, профессор Зарифбой Ибодуллаевнинг умумий амалиёт врачлари учун мўлжалланган “Неврология” номли йирик китоби нашрдан чиқди. Бу устоз учун ҳам, уларнинг асарларини интиқлик билан кутаётган биз шогирдлар учун ҳам жуда катта қувонарли воқеа.. Мен ҳам шогирд, ҳам ёш журналист сифатида Зарифбой Ражабовичдан интервью олишга ошиқдим.


Савол: Устоз! Ушбу китобни яратиш ғояси Сизда қачон пайдо бўлган. Нима учун ушбу неврология китобингиз “Умумий амалиёт врачлари” учун деб аталган.

Жавоб: Бундан 10 йиллар олдин “Неврологик синдромлар” номли китоб ёзиш ғояси пайдо бўлувди. Ўша пайтлари, мана ҳозир ҳам умумий амалиёт врачларини ўз она тилимизда зарур ўқув адабиётлари билан таъминлаш масаласи кўтарилган. Мен Европа ва АҚШ мамлакатлари ўқув адабиётлари билан танишиб чиқдим. Уларда бу йўналиш жуда яхши ривожланган. Шу боис узоқ ўйлаб ўтирмасдан янги ёзадиган китобимга “Неврология. Умумий амалиёт врачлари” учун деб ном бердим.

Савол: Устоз! Неврология – бу ўта қийин йўналиш. Бу китобни умумий амалиёт врачлари ўзлаштиришда қийналишмасмикан.

Жавоб: Мени ҳам шу савол қизиқтирган. Мен китоб ёзсам, ўзимни талаба ёки оддий врач ўрнига қўйиб кўраман. Ҳали неврологиядан ҳеч нарсани билмайдиган талаба Сиз ёзган китобни қўлига олсаю, унга тушунмай яна токчага қўйиб қўйса. Бу жуда ёмон. Масалан, “Асаб касалликлари” дарслигимда бор-йўғи 7 бетдан иборат “Сирингомиелия” қисмини бир ой ёзганман. Демоқчиманки, қайта-қайта тўғирлайвериб, қайта ёзавериб бир ой вақтим кетган. Сўнгра китобга киритганман.

Савол: Шунинг учун ҳам 8 йил умрингизни бахшида қилган “Асаб касалликлари” дарслигингиз “Йилнинг энг яхши дарслиги” совринини қўлга киритган.

Жавоб: Тўғрисини айтсам, мен учун энг катта мукофот – бу ёзган китобларимнинг талабага ёқиши. Диссертация бошқа, дарслик бошқа. Диссертация мураккаб илмий жумлалардан иборат бўлиши мумкин, бироқ дарсликда бундай жумлалар асло бўлмаслиги керак. Дарсликда келтирилган мураккаб маълумотларнинг албатта изоҳи бўлиши керак.

Савол: Рафиқангиз невропатологлар. Улар билан суҳбатлашганимда ўша “Асаб касалликлари” китобингизни ёзаётганингизда тайёр бобларни аёлингизга ўқитиб кўраркансиз. Агар улар “Менга тушунарли” деса, китобга киритаркансиз. Шу ростми?

Жавоб: Рост. Биласизми неврологиядан жуда машҳур китоблар бўлган. Булар Х.Г. Ходос ва Триумфов китоблари. Бу китобларни 40 йилдан буён қайта-қайта чоп қилишяпти. Ҳатто академиклар бу китобларга сўз боши ёзишяпти. Иккаласи ҳам оддий профессор бўлишган. Ходос умуман Москвада яшамаган. У ҳар доим Иркутскда яшаган ва ўша ердаги тиббиёт институтида ишлаган. Кўз олдингизга келтиринг. Москва эмас, Ленинград эмас, узоқ Сибирдаги кичик бир шаҳарлик оддий профессор ёзган китоб собиқ иттифоқда жуда машҳур бўлиб кетди. Бўлмаса, ўша пайтлари Москвалик олимлар томонидан жуда кўп дарсликлар яратилган. Бироқ уларнинг бирортаси Х.Г. Ходос ёзган дарсликдек машҳур бўлмаган. Ҳар қандай дарсликнинг узоқ умр кўришини таъминлайдиган омил – бу талаба! Агар талабага ёқмаса, ҳар қандай дарслик ҳатто иккинчи нашрни кўрмай йўқ бўлади. Рафиқам оддий доктор бўлганлиги учун ёзганларимни унга ўқитардим. Тўғрисини айт, оддий доктор сифатида ёзганларим сенга маъқулми, тушунмаган жойларингни чизиб ташла дердим. Ҳақиқатан бўяб ташланган матнларим кўп бўлган. Демак, дарслик ёзаётганда ҳар қандай тақризчи профессордан оддий врач ёки талабанинг ёрдами катта бўлиши мумкин.

Савол: Тушунарли.Сизнинг фарзандларингиз ҳам тиббиёт академияси талабаси. Демак, ҳозирги китобни тайёрлашда улардан фойдаланган бўлсангиз керак…

Жавоб: Албатта. Айниқса қизим инглиз тилини яхши билгани учун хориж адабиётларидан фойдаланишда кўп ёрдамлашди, психологик тестларни тартибга келтирди, нейроанатомия қисмига материалларни танлашда кўп ёрдам берди. Ёзган мавзуларимни унга ўқитиб турдим. Қизим ўзбек тилининг изоҳли луғатини ҳам яхши билгани учун китобни чоп қилишдан олдин унга икки маротаба ўқитиб чиқдим.

Савол: Зарифбой Ражабович! УАШ учун ёзган ушбу китобингиз 3 қисмдан иборат экан..

Жавоб: Мен бу китобни иложи борича соддалаштирдим. Масалан, китобнинг 1-қисми “УАШ фаолиятида неврологик текширувлар” деб аталади. Унда неврологик беморда анамнез йиғиш қандай бўлади, агар бирор-бир тушунарсиз неврологик синдром аниқланиб қолса, УАШ қандай йўл тутиши керак, объектив текширувларда нималарга эътибор қаратиш лозим каби ҳолатларнинг барчасини оддий қилиб ёритишга ҳаракат қилдим. Айниқса, неврологик статусни текширишнинг ҳар бир турига изоҳли расмлар қўйдим. Бу расмларнинг ҳаммаси “Ҳусусий клиника” да олинган. Бунинг учун у ердаги шогирдларимга ҳам чуқур миннатдорчилик билдираман.

Савол: Китобнинг 2-қисми асосан “Неврологик синдромлар ва касалликлар” га бағишланган экан.

Жавоб: Албатта. Бу китобнинг асосий қисми. Чунки 2-қисмда УАШ амалиётида учрайдиган деярли барча неврологик синдромлар ва касалликлар қисқа баён қилинган. Бунда асосан касаллик этиологияси, диагностикаси ва даволаш усулларини ёритганман. Патогенез ҳақида маълумот бермаганман.

Савол: Устоз нима учун китобнинг 3-қисмида “Инструментал текширув усуллари” ёритилган.

Жавоб: Кўп ҳолларда УАШ асаб касалликлари билан оғриган беморни қандай текширувга юбориш зарурлигида иккиланиб қолади. Шу боис 3-қисмни тўлалигича инструментал текширув усулларига бағишладим. Ушбу кичкина бобда турли текширувларга кўрсатмалар, монелик қилувчи ҳолатлар ва баъзи текширувларни ўтказиш қоидалари келтирилган.

Савол: Устоз, зарварақларда “Тез тиббий ёрдам” га оид материалларни расмларда келтириб ўтганингиз ҳам китобга ҳусн берибди, ҳам барчага тушунарли қилиб ёритибсиз…

Жавоб: Бу ғояни менга қизим берди. Дада, тез тиббий ёрдамнинг оддий усулларини ҳам китобингизда келтирсангиз зўр бўларди, деди. Иккаламиз, интернетдан ва махсус китоблардан роса расмлар излаганмиз. Бу ишимиз китобнинг чоп этилишини нақ 2 ойга чўзиб юборди.


Устоз! Ўйлайманки, бу асарингиз ҳам аввалгилари каби талаба ва ўқитувчилар орасида қўлма-қўл бўлиб кетади. Сизни кириб келаётган янги йил билан чин юракдан табриклайман. Сиз тайёрлаган ушбу китоб нафақат УАШ лар учун, балки тиббиёт институтларининг юқори курс талабалари, айниқса бўлажак неврологлар учун янги йил туҳфаси бўлди. Сизга мустаҳкам соғлиқ ва ижодий зафарлар тилайман.

Полвонов Расулбек



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив