Нейропсихолог, тиббиёт фанлари доктори, профессор Зарифбой Ибодуллаевга “Сиҳат-саломатлик” журнали мухбирининг саволлари:
- “Китоб – офтоб” дейдилар. Инсоннинг маънавий оламига оламжаҳон нур олиб кириши кўзда тутилиб, шу ҳикмат айтилган бўлса керак. Бу ҳақда Сиз нима дейсиз?
Жавоб: Албатта! Образли қилиб айтганда, осмонда инсонларга нур сочиб тургувчи қуёш бўлса, ерда – китобдир. Биз нафақат дунёни, балки ўзимизни ҳам китоб орқали англаймиз. “Китоб-офтоб” деган нақл шу боис юзага келган бўлса ажаб эмас. Баъзан одамларни билолмай қолдим, кимга ишонишингни билмайсан, улар билан қандай йўл тутишни ҳам билмай бошим гаранг дегувчи ҳаётдан норози оҳангдаги ибораларни эшитиб қоламан. Бундай муаммолар ечими ҳам китобда. Китоб инсонга беғараз ёрдам беради, эвазига ҳеч нарса сўрамайди, китоб инсонни илми қилади, эвазига ҳеч нарса сўрамайди, китоб сизнинг ҳавфсизлигингизни таъминлайди ва ҳ.к. Китоб – индамас дўст ҳамдир. Бошқа дўстлардан фарқли ўлароқ, китоб ҳеч қачон дўстликка ҳиёнат қилмайди. Бундай ўхшатишларни жуда кўплаб келтириш мумкин. Шунинг учун ҳам мен китобни нондек азиз деб биламан.
- Кўп китоб ўқийдиган кишининг давралардаги суҳбати ўта мазмунли кечади. Шу жараёнда у даврадошларида яхши таассурот қолдириб, ўзи ҳам иззат-обрўга эга бўлади. Бундай давраларда бўлганингизда ҳаёлингиздан нималар кечган?
Жавоб: Ҳалқимиз орасида кийимингга қараб кутиб олишади, ақлингга қараб кузатиб қўйишади, деган нақл бор. Илмли одамнинг душмани кўп бўлиши мумкин, бироқ ўша одамлар ҳам бундай одамни ич-ичидан тан олади, хатто унга ўзи ўхшамаганидан азият чекади. Илмли одам ҳақиқатан ҳам ҳар қандай даврани мазмунли қила олади, атрофидагиларни ўзига ром қилиб яхши таасурот қолдиради. Бир эътибор қилингга, Сукрот ёки Конфуций даврида ҳозирги кундагидек техника бўлмаган. Дунё сўз орқали бошқарилган. Нафақат оддий одамлар, балки шохлар ҳам доноларга эргашган. Техника ҳайратомуз даврга етган ҳозирги даврда ҳам ҳалқ доноларга эргашади, давлат раҳбарлари ҳам уларга қулоқ тутади. Кўрдингизми, илм ҳар қандай замонда ҳам қадрланган. Ҳатто бирор бир давлатни босиб олган шоҳлар ҳам илмлиларга тегмаган, балки уларни ўзи билан олиб кетган. Президентимиз ҳар доим айтадилар: “Нимаики қилсак, илмга асосланган бўлсин: ҳоҳ бу қишлоқ ҳўжалиги бўлсин, ҳох у давлат қурилиши бўлсин, ҳамма ишимиз илмга асослансин”
- Китоб дўконлари пештахталари лиқ тўла. Демак, бугунги тезкор ва сершитоб даврда вақтни яхши китоблар ўқишга сарфлаш керакка ўхшайди. Танлаб ўқишнинг айнан айни вақти келди, шундайми?
Жавоб: Албатта! Мен бировга китобни зўрлаб ўқитишга қаршиман. Шундай шароит яратиш керакки, одамнинг ўзи китоб ўқишга мажбур бўлсин, уни қийнаётган муаммога ечимни китоб ўқиб топсин. Менинг отам “Тил ва адабиёт” дан оддий мактабда дарс берганлар ва ўта зиёли одам бўлганлар, бизнинг уйдаги китоблар сони иккита мактабдаги китоблардан кўп эди. Отам деярли ҳамма журналларга обуна бўлганлар. Биз камбағал яшаганмиз, оилада 8 нафар фарзанд бўлган. Отам янги китоб бўлса, дарров сотиб олардилар. Бизнинг уйда ҳамма китоб ўқирди. Отам китоб ўқи демаганлар, бироқ ўзлари ўқиган асарларни шунақа қизиқарли қилиб айтиб бошлардиларки, кейин қолган қисмини қизиқиб ўзимиз ўқишга киришиб кетардик. Отам “Болага овқатни зўрлаб едириб бўлмайди, китобни зўрлаб ўқитиб бўлмайди” деб айтадиганлари эсимда. Фақат қизиқтириш, қизиқтириш ва яна қизиқтириш, дер эдилар. Қизиқтириш йўлини ҳар бир ота она ёки ўқитувчи ўзи ўйлаб топиши керак.
- Айтайлик, шифокорлардан “Қандай бадиий китоб ўқияпсиз?” деб сўралса аксарияти “вақт тополмаяпман” дейишади. Ахир шифокор китоб ўқиса унинг сўз бойлиги ортади, бемор билан чиройли сўзлашишга одатланади, қалбида эзгулик илдиз отади. Бу фикрларга қўшилган ҳолда, Сизнинг мулоҳазаларингиз қандай?
Жавоб: Мен китоб ўқимайдиган шифокорни тасаввур қила олмайман. Оддий шифокор ҳам китоб ўқишга мажбур бўладиган ҳолатлар жуда кўп. Масалан, ҳозиргина ёнингизга кам учрайдиган наслий касаллик билан бемор келди. Дейлик, ташхис қўйишда қийналиб қолдингиз. Беморни қон анализларига юбориб, шифокор дарров қўлига китоб олиб ўша касалликка оид маълумотларни китобдан ўқиб кўриши керак. Шифокорларимиз битта нарсани эсларида тутишлари керак: Агар бошқа касб эгаси китоб ўқиса, ўзининг илми ошади, агар шифокор китоб ўқиса, кимнингдир ҳаёти сақланиб қолади ёки ўша инсон дарддан халос бўлади. Кўрдингизми, шифокорнинг китоб билан дўстлашиши нақадар муҳим.
- Сиз “Маданият ва маърифат” каналида Нодир Жонузоқнинг “Оғир ҳолатга тушиб қолсангиз кимга маслаҳат соласиз, кимга мурожаат қиласиз” деган саволига: “Ҳеч қандай муболағасиз айта оламан: Китобга” деб жавоб бергансиз. Айтингчи, Сиз ўзингизни яхши китобхон деб ҳисоблайсизми?
Жавоб: Албатта! Мен бир кун ҳам ўзимни китобсиз тасаввур қила олмайман. Ўзим ҳам бир нечта китоблар ёзганман. Хатто бир неча йил олдина китоб ҳақида шеър ҳам битганман. Келинг Сизлар чоп қила қолинглар шу шеърни:
Китоб
Зиё бераман деб дунёга келдинг,
Кўзларига суриб ўқишди сени.
Ҳақиқатни сўзлаб бошлаганингда,
Гулханларга отиб ёқишди сени.
Тилсиз, унсиз бўлганинг билан,
Ичинг тўла маънодир сенинг.
Агар сен ҳам бўлмаганингда,
Бўлурми ҳайвондан фарқи одамнинг.
Дунё тургунча тургин илойим,
Жахолатдан асраб одамларни сен.
Зиё таратишда тинмагин сира,
Биздан кейин ҳам яшавергин сен.
6. Ҳозирги пайтда китобхонлик кенг тарғиб қилинмоқда. Сизнинг оилангизда китобга муносабат қандай?
Жавоб: Оиламиздагиларнинг барчасини китобхон деб айта олмайман. Тўғрисини айтсам, фарзандларимдан биттаси китобга қизиқмайди (майли отини айтмай қўя қолай, ҳафа бўлмасин). Лекин бу фарзандим ҳам ўта ориятли, тарбияли, дастурхон атрофида айтиладиган турли ўгитларга, ҳикояларга жуда қизиқади, тинглайди. Ишонаманки, албатта у ҳам китоб офтоб эканлигини англаб етади. Ахир Эйнштейн ҳам сал кеч бўлса-да, китобга қайтганку!