ЭПИЛЕПСИЯДА ҚОВУРИЛГАН ГЎШТЛИ ОВҚАТЛАР АФЗАЛЛИГИ ЁКИ КЕТОГЕН ПАРҲЕЗ
Эпилепсия билан касалланганлар овқат рационида қовурилган гўштли овқатлар кўп бўлиши, углеводлар эса кам бўлиши керак. Чунки организмга тушган қовурилган гўштли маҳсулотлар парчаланганда кетон таначалари ажралиб чиқади ва бош миядаги эпилептоген ўчоқларни сўндиради. Шу боис Ҳалқаро эпилептологлар ассоциацияси томонидан эпилепсияда кетоген парҳез тартиб-қоидалари ишлаб чиқилган ва даволаш стандартида ўрин олган. Демак, юрак-қон томир касалликларида истъемол қилиш мумкин бўлмаган қовурилган гўштли овқатлар, эпилепсияда тавсия этилади.
Углеводлар (шакар) ёки таркибида углеводни кўп сақловчи озиқ-овқатлар, яъни турли хил ширин пишириқлар, асал, гуруч, картошка эпилепсияда жуда кам истъемол қилиниши керак. Углеводларнинг кўп миқдорда организмга тушиши эпилептоген ўчоқларда нейронал фаолликни оширади ва эпилептик хуружлар қўзғалишига туртки бўлади. Шу боис ҳам таркибида глюкоза сақловчи ҳар қандай озиқ-овқат маҳсулотларини эпилепсияда кескин чегаралаш зарур.
Кетоген парҳез, айниқса, болалик ва ўсмирлик даврида учрайдиган эпилепсияда самаралидир. Боланинг овқат рационида ҳар қандай гўштли маҳсулотлар (айниқса, қовурилган ёғли гўштлар), жигар, тухум кўп бўлиши лозим. Шунингдек, сут, сариёғ, пишлоқ, ёнғоқ, мева-сабзавотлар ва кўкатлар ҳам кўп тановвул қилиниши лозим. Кетоген парҳез катталарга ҳам қўлланилади. Махсус диетология адабиётларида болалар ва катта ёшдагилар учун тузилган кетоген парҳез турлари мавжуд. Шуларга албатта амал қилиш талаб этилади. Чунки қовурилиган гўштли овқатларни ортиқча суистъемол қилиш беморнинг семириб кетишига олиб келади. Шунингдек, кетаоген парҳез жигар ва буйракнинг сурункали касалликлари ҳамда юрак-қон томир касалликларида мумкин эмас.
Зарифбой Ибодуллаев