Янгиликлар Янгиликлар НЕВРАСТЕНИЯ ВА ҲОМИЛАДОРЛИК ҲАҚИДА НИМАЛАРНИ БИЛАСИЗ?

НЕВРАСТЕНИЯ ВА ҲОМИЛАДОРЛИК ҲАҚИДА НИМАЛАРНИ БИЛАСИЗ?


 

  1. Неврастения – қандай касаллик?

Жавоб: Неврастения (юн. neuron – нерв, аstenia – заифлик) асаб заифлиги деган маънони англатади. Неврастения – нерв системасининг функционал касаллиги ҳисобланади, яъни бу касалликда мия тўқималари зарарланмайди, уларнинг функцияси вақтинча издан чиқади, холос. Неврастения – неврознинг бир тури ҳисобланади. Неврознинг тури кўп. Масалан, истерия, миядан кетмайдиган фикрлар неврози ва ҳ.к.

  1. Қандай омиллар бу касалликни юзага келтиради?

Жавоб: Асосан, доимий  стресс ва руҳиятни чарчатувчи турли психоген омиллар неврастенияга олиб келади. Дам олмай ишлаш, руҳий ва ақлий зўриқишлар (қониқтирилмаган ақлий зўриқишлар), узоқ давом этадиган ойилавий мажоралар, ишдаги доимий зиддиятли ҳолатлар ва ҳ.к. Неврастениянинг сабабларини кетма-кет санайвериш мумкин. Умумлаштириб айтадиган бўлсак, мия фаолиятига салбий таъсир кўрсатувчи ҳар қандай психоген омиллар неврастения ривожланишига туртки бўлади.

Неврастения нафақат жаҳлдор, балки ўта андишали одамларда ҳам ривожланади. Андишали одам жанжал чиққанда ҳиссиётга зўр бермасликка ва ўзини бошқариб туришга ҳаракат қилади, бировнинг кўнглини оғритиб қўймай, дейди. Бу ҳолатлар ҳам неврастения шаклланишига туртки бўлади. Шунингдек, узоқ давом этувчи оғир касалликлар ҳам неврастенияга олиб келиши мумкин.

  1. Неврастения билан ҳомиладорлик орасида қандай боғлиқлик бор?

Жавоб: Ҳомиладорлик даврида инжиқлик, тез асабийлашиш, дарров  ҳафа бўлиб йиғлаб юбориш, кайфият паст бўлиб юриш каби ҳолатларни кўп кузатиш мумкин. Нима учун шундай бўлади? Ахир мен аёлимга жуда яхши муносабатда бўламанку? Шунда ҳам асабий бўлиб қолган, деган гапларни эшитамиз. Албатта, ҳомиладорлик даврида неврастения ривожланишига сабабчи бўлувчи омиллар – бу организмда кислород, йод, магний, фосфор ва кальций ҳамда бошқа микроэлементларга (лецитин, фолат кислотаси, глутамин кислотаси) талабнинг ошишидир. Ҳомиладорлик даврида мия фаолияти учун зарур бўлган ушбу моддаларни бир хил меъёрда таъминлаб туриш анча мушкул.  Шу боис ҳам ҳомиладорлик даврида “сабабсиз” неврастенияни кўп кузатамиз. Демоқчиманки, оилада психологик муҳит яхши, бироқ ҳомиладор аёлда неврастения бор. Шунинг учун ҳам ҳомиладор аёлнинг овқатланиш рационига ҳам катта эътибор қаратиш лозим.

  1. Ҳомиладорлик даврида бу касаллик қандай кечади?

Жавоб: Бошқаларда қандай кечса худди шундай кечади. Тез асабийлашиш, жаҳлдорлик, уйқу бузилиши, бош оғриғи, бош айланиши, умумий ҳолсизлик, юрак уриб кетиши, кўп терлаш, паришонхотирлик, каби белгилар кўп кузатилади.

  1. Неврастениянинг ҳомилага таъсири борми?

Жавоб:  Албатта таъсири бор. Доимий невроз ҳолатида юрган ҳомиладор онадан кечалари ухламай йиғлаб чиқадиган инжиқ бола туғилади. Бундай ҳолатларда “бола худди санга ўхшаган нервный” қабилидаги айбловлар бошланиб кетади. Хатто эмизикли онани ҳам асраб-авайлаш керак. Чунки доимий невроз ҳолатидан юрган она сутидан адреналин ажралиб сут орқали болага ўтади ва бу ҳам болани доимий йиғлоқи ва инжиқ қилиб қўяди. Ўзингиз бир тасаввур қилинг 3 ёшгача болага “адреналин” эмизилса, оқибати нима бўлади? Ёш ота-она ўзаро жанжаллашавериб ўзларининг зурриётини “адреналин” билан заҳарлаб юришдан эҳтиёт бўлишлари керак. Яхшиям неврастения ўтиб кетувчи касаллик?

  1. Туғруқдан кейин ҳам бу касаллик давом этадими?

Жавоб:  Агар юқорида зикр қилинган психоген омиллар давом этаверса, неврастения ҳам давом этаверади. Мен ТV га берган интервьюимда “Неврастения ҳам юқумли касаллик, оилада биров ушбу касаллик билан оғриса, бу касаллик белгиларини оиланинг бошқа аъзоларида ҳам учратасиз” деб айтган эдим. Албатта, бу образли ўхшатиш. Биз ҳаммамиз биламиз, оилада ким “нервный” бўлса, қолганлар ҳам шундай бўлиши эҳтимоли жуда юқори.

  1. Неврастенияда қандай даво чоралари олиб борилади?

Жавоб: Неврастенияда даволаш муддати ва натижаси кўпроқ унинг тўғри олиб борилишига боғлиқ. Даволашни бошлашдан олдин неврастенияга олиб келувчи сабаблар аниқланиши ва улар бартараф этилиши керак. Асосий сабаблар бартараф қилинганда, аксарият беморларда даволашни давом эттиришга ҳожат ҳам қолмайди, улар тузалиб кетишади. Лекин баъзи ҳолларда неврастениянинг сабабини аниқлаш ва уни бартараф этиш анча мушкул. Беморнинг оилавий аҳволи ва ишлаш шароити билан танишиб, унга дам олиб ишлаш, эрталабки ва кечқурунги сайрлар, витамин ва минералларга бой овқатлар истъемол қилиш, театр ва киноларга бориб туриш тавсия этилади. Бу тавсиялар ҳомиладор аёлларга ҳам тааллуқли.

  1. Неврастения онадан болага ўтадими?

Жавоб:  Бу саволга юқорида жавоб бериб ўтдим. Бироқ неврастения руҳий касаллик эмас ва наслдан-наслга ўтмайди.

  1. Неврастениянинг умумий даволаш чоралари қандай?

Жавоб: Неврастенияни тиббий психолог даволайди. Ҳар қандай вазиятда ҳам неврастенияни даволаш мумкин. Албатта бу иш билан тиббий психологлар шуғулланишади. Шу йил август ойидан бошлаб барча даволаш-профилактика муассасаларида тиббий психологлар фаолият кўрсатиб бошлашади. Бу борада Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буйруғи чиққан. Неврастенияда тинчлантирувчи дориларга ружу қўймаслик керак. Ривожланган давлатларда неврозларни даволаш билан неврологлар эмас, асосан тиббий психологлар ва психотерапевтлар шуғулланишади. Худди психосоматик синдромларни даволашда ишлатиладиган психодинамик терапия неврозларни даволашда кенг қўлланилади. Фрейд назариясининг яратилишига ҳам неврозларни даволашга уриниш туртки бўлган.

Тошкент тиббиёт академияси профессори,

нейропсихолог Зарифбой Ибодуллаев



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив