Ипохондрия қандай касаллик?
Ипохондрия – бу неврознинг энг инжиқ тури бўлиб, бундай шахслар жуда эзма, тез ва доимо хафа бўлиб юрадиган, ўзига ҳам, докторларга ҳам, яқинларига ҳам ишонмайдиган ва миясини бемаъни фикрлар чулғаб олган одамлардир. Улар «Мен ҳеч қачон тузалмайман», деб ўйлашади, олган даволаш муолажаларидан норози бўлиб юришади, қандайдир антиқа даволаш усулларини излашади ва уларни ўзида синаб ҳам кўришади. Доимий қўрқув (худди юрак тўхтаб қоладигандек), оғир касалликни ўзида излаш, ўлиб қолиш каби хаёллар уларнинг доимий ҳамроҳидир. Ипохондрияга чалинган беморнинг хаёл сурмаган куни йўқ: у кечаси хаёл билан ухлайди, эрталаб ҳам хаёллар билан уйғонади.
Ҳамма гап шундаки, бу хаёллар фақат ўзининг дарди ёки кимдандир хафа бўлгани билан боғлиқ. Агар унинг қайсидир аъзосида касаллик белгилари аниқланса, уни ҳадеб ўйлайверади, даволаш натижасида бу касаллик ўтиб кетган бўлса ҳам қайта-қайта текширувлардан ўтаверади. Бундай шахслар врач қўйган ташхисга ва текширув натижаларига гумон билан қарашади. Улар тузалгунча ўзларининг яқинларини касал қилиб қўйишади. Айниқса, бундай шахсларнинг яқинлари, фарзандлари ундан кўп азият чекишади. Улар яқинларига «Мени яхши докторга кўрсатмаяпсизлар, дардимни ҳеч ким топа олмаяпти» каби шикоятлар билан арз қилиб юришади.
Ипохондрияга, кўпинча, аёллар мойил бўлишади. Агарда эркаклар ипохондрияга чалинса, уларнинг характери аёлсифат бўлиб қолади. Бу дунёда ипохондрияга қарши дори ишлаб чиқилмаган. Чунки ипохондрия касаллик эмас, балки хулқ-атворнинг ёмон бир кўринишидир. Агар бу сатрларни ўқиётган одамда ҳақиқатан ҳам ипохондрия бўлса, ушбу сатрларнинг ўзиёқ уни бу қийноқдан халос этиши табиий. Чунки ипохондрияга чалинган одам ўзида бўлаётган ҳолатнинг сир-асроридан воқиф бўлса, у албатта тузалиб кетади.
Профессор Зарифбой Ибодуллаев