Шифохона синдроми деган касаллик ҳам бўладими?
Ҳа, бўлади. Шифохона синдроми – узоқ муддат ва жуда кўп маротаба шифохонада даволаниб юрадиган беморларда ривожланадиган психосоматик бузилишлар мажмуаси. “Шифохона синдроми” ибораси 1945 йили психоаналитик Рене Шпиц томонидан таклиф қилинган. Тез-тез касалланадиган ва кўп вақтини шифохонада ўтказадиган болалардаги ҳулқ-атвор ўзгаришлари ва психосоматик бузилишларни кузатган олим ушбу синдромни таклиф қилган. Демак, бу синдром дастлаб болаларга нисбатан қўлланилган ва уларда ўрганилган. Сўнгра унинг белгиларини катта ёшдагиларда ўрганиб бошлашган. Меланхолик типдаги шахслар бу синдромга мойил бўлишади.
Асосий сабаблари нима?
Сурункали касалликлар, узоқ муддат шифохонада қолиб кетиш ёки тез-тез шифохонага тушиб туриш, касаллик сабабли уйдан ва ташқи дунёдан ажралиб қолиш, руҳий касалликлар билан касалланиш, уйдагилардан меҳр кўрмаслик, касаллик сабабли ўлиб қолишдан қўрқишлар ва ҳ.к.
Ушбу синдром катталарда турли кўринишда намоён бўлади. Бундай беморлар оиласидан деярли узилиб қолади. Шифохонада яшаш уларнинг ҳаёт тарзига айланади. Баъзи беморларни қандай уколлар олаётганлиги, ташхис натижаси, даволаш самараси ҳам қизиқтирмай қўяди. Улар шифохона шароитига кўникиб қолишади. Улар, одатда, шикоятчи бўлишмайди. Аксинча, улар уйдагилари билан чиқишмайди, тиббий ходимлар билан эса дўстлашиб қолишади.
Шифохона синдроми руҳий касалликлар билан оғриган беморлар орасида кенг тарқалгандир. Одатда, бундай беморлар руҳий касалликлар стационарида бир неча ойлаб ётишади. Бундай беморларнинг яқин қариндошлари ҳам унинг шифохонада юришини афзал кўришади. Даволаш муддати тугаб шифохонадан чиққан беморлар бир-икки кун ўтгач уйдаги жанжалнинг асосий сабабчисига айланишади ва улар яна шифохонага юборилади. Руҳий беморлар учун ўзининг уйи ва яқинлари бегонадек бўлиб қолади. Айниқса, бу ҳолатни биз бир неча йиллардан буён руҳий касаллик билан оғриган беморларда кузатамиз. Шу боис иккала томонга ҳам беморнинг руҳий шифохонада яшаши мақбул ҳисобланади. Шифохона синдромида беморлар шифохонада даволанмайди, улар у ерда яшашади, деб бежиз айтишмайди докторлар.
Давоси қандай?
Авваломбор беморни самарали даволаш ва шифохонадан сўнг реабилитация ёки соғломлаштириш марказларига юбориш зарур. Бунда психореабилитация жуда катта аҳамиятга эга ва бу муолажани албатта тиббий психолог ўтказади. Уларни оила ва ижтимои ҳаётдан узиб қўймаслик керак. Яқин қариндошларнинг катта эътибори ўта зарур. Сиҳатгоҳларда мусиқатерапия, даволаш гимнастикаси, физиотерапевтик муолажалар, психотерапия, спортнинг кичик турлари, яъни стол тенниси, шахмат ва кичик-кичик мусобақалар ўтказиб туриш ўта муҳим. Сурункали беморларда шифохона синдроми ривожланмаслиги учун уларни фақат дори-дармонга боғлаб қўймаслик керак. Касаллик тури қандай бўлишидан қатъий назар ҳар бир бемор психологик суҳбатдан ўтиб туриши зарур. Фақат психотерапевт беморнинг ички дунёсини мукаммал ўргана олади ва унинг муаммоларига ечим топади.
Профессор Зарифбой Ибодуллаев