Янгиликлар Янгиликлар Энса нега оғрийди?

Энса нега оғрийди?


 

«Энсам тинмай оғрийди, оғриқ бўйнимга ҳам беради, бош мияга қарши ҳеч кандай дори наф бермаяпти», деб шикоят қилишади баъзи беморлар. Энса соҳасидаги оғриқни бош мия касалликлари билан боғлаш ҳар доим ҳам ҳақиқатга тўғри келавермайди. Чунки бошнинг энса соҳасини юқори бўйин умуртқаларидан чиқувчи нервлар бошқаради. Демак, энса соҳасидаги оғриқлар, (айниқса, санчувчи) ва увишишларга шикоят қилган беморда бўйин умуртқаси касалликларини ҳам излаш керак. Булар бўйин остеохондрози, бўйин радикулити, бўйин умуртқалари диск чурраси, энса-бўйин соҳаси нервлари шамоллаши ва ҳ.к.

Бемор энса соҳасидаги ачиштирувчи ва санчувчи оғриқлардан ташқари, бўйин умуртқаларининг «қотиб қолиши», қулоқда шовқин ва унинг битиб қолиши, бош айланиши, юрганда гандираклаб кетиш каби ҳолатлардан ҳам шикоят қилади. Уларда иккала елкани кўтара олмаслик, юрак соҳасида санчувчи оғриқлар, қўл бармоқларининг увишиб қолиши каби белгилар ҳам кузатилади.

Ташхис қандай қўйилади? Авваламбор, бўйин соҳаси рақамли рентген, компьютер томография ёки магнитли-резонанс томография ёрдамида текширилади. Бўйин умуртқалари орасидан ўтувчи қон томирларни текшириш учун ультратовуш усуллардан (доплерография ёки дуплекс) фойдаланилади.

Ташхис қўйиш ва даволашда қандай хатоларга йўл қўйилади? Энса соҳасидаги оғриқлар сабаби фақат бош мияда деб ўйлашади ва шу боис фақат бошни текширишади. Демоқчиманки, бош мия КТ ёки МРТ қилинади, унинг қон томирлари текширилади, ЭЭГ қилинади. Бунинг натижасида энг кўп тарқалган ташхислардан бири қўйилади, яъни «бош мияда қон айланиши бузилган», «мия пардалари шамоллаган», «миянинг ички босими ошган». Бунинг оқибатида аслида зарур бўлмаган дори-дармонлар тавсия этилади ва кўзланган натижага эришилмайди. Аслида эса беморда бўйин умуртқалари патологияси бўлиши мумкин.

Нима қилиш керак? Энса соҳасида оғриқ, бош айланиши ва қулоғида шовқин бўлган беморда бош мияни текшириш билан бир қаторда бўйин умуртқаларини ҳам текшириш керак.

Даволаш муолажаси қандай ўтказилади? Ташхис аниқлангач невропатолог даволаш муолажаларини олиб боради. Бунинг учун яллиғланиш ва остеохондрозга қарши дори воситалари, физиотерапевтик муолажалар, дорилар электрофорези, игна билан даволаш ва фақат врач томонидан ўтказиладиган махсус даволаш усуллари қўлланилади. Эслатиб ўтаман, мануал терапия каби муолажалардан эҳтиёт бўлиш зарур. Бўйин умуртқаларини рентген қилмасдан туриб мануал терапия ўтказиш асло мумкин эмас.

Яна кандай касалликларда энса оғрийди? Мигрен касаллигида (энса мигрени), насл сурувчи бош оғриқларда, артериал қон босим ошганида, бўйин-энса суяк битишмалари патологиясида, кам ҳолларда энса соҳаси ўсмаларида. Агар энса соҳасидаги оғриқлар тўсатдан тана ҳарорати кўтарилиш билан бошланса, зудлик билан врач кўригини ташкил қилиш зарур.

Профессор Зарифбой Ибодуллаев



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив