БУЮК ФРЕЙД ВА УНИНГ ПСИХОАНАЛИЗ ТАЪЛИМОТИ
БУЮК ФРЕЙД ВА УНИНГ ПСИХОАНАЛИЗ ТАЪЛИМОТИ
Фрейдни ўқитиш ғояси қачон пайдо бўлди?
Мен “Асаб ва руҳият” номли китобимда шу давргача (ўйлайманки, бундан кейин ҳам) ўзининг психоанализ таълимоти билан билан бутун дунё илм аҳлини ҳайратга солиб келаётган буюк мутафаккир олим Зигмунд Фрейд ҳақида қисқача маълумот бераётганимдан ҳурсандман. Менинг мақсадим бу олим ҳақида китоб ёзиш эди. Бу фикр 1997 йили қўлимга “Психология бессознательного” китоби тушиб қолгандан сўнг пайдо бўлганди. Зигмунд Фрейднинг психоанализ таълимотини ўқидиму, у мени ўзига ром этди. Унинг ишларини ўзбек тилига таржима қилиб кичикроқ бир китоб ёзмоқчи бўлдим. Бироқ бу ишларим қолиб кетди.
Менда З. Фрейднинг психоанализ таълимотини “Тиббиёт психологияси” дарслигига киритиш ва уни талабаларга ўқитиб бошлаш фикри пайдо бўлди. Балким унинг таълимоти Республикамизнинг психология кафедралари бор бошқа институтларда ўқитилар деб қизиқиб кўрдим. Бироқ психоанализ таълимоти ҳеч жойда ўқитилмас эди. Мен З. Фрейднинг психоанализ таълимотини институмизнинг (у пайтда 2-чи ТошМИ) ўқув дастурига киритшга муваффақ бўлдим. З. Фрейд таълимоти бўйича алоҳида маъруза тайёрладим ва уни барча факультетларда ўқитиб бошладим. Амалий машғулотларда бу таълимотни талабаларга ўргатиб бошладик. Айниқса психоаналитик даволаш усуллари талабаларда катта қизиқиш уйғотди. Ўша пайтлари гипноз билан ҳам шуғулланиб талабалар ва беморларга гипнотерапия ҳам ўтказар эдим. Бироқ психоаналитик терапия мени шу қадар ўзига ром этдики, мен гипноз билан шуғулланишни тўхтатиб қўйдим. Қизиққан талабаларга ҳам психоаналитик даволаш усулларини дарсдан кейин ўргатиб бошладим. Бу талабаларда катта қизиқиш уйғотди ва жуда кўп талабалар “Фрейд ҳаёти ва ижоди”, “Психоанализ таълимоти”, “Психоналитик терапия” мавзуларида илмий тўгаракларида докладлар қилиб бошлашди.
Мен мамнуният билан айтаманки, З.Фрейднинг психоанализ таълимоти ҳақидаги маърузамизни эшитишга бошқа институтлар, хусусан 1-ТошДавТИ талабалари ҳам келишарди. Низомий номидаги Тошкент педагогика университети амалий психологлар тайёрлаш кафедраси тингловчилари ва педагоглари ҳам ушбу маърузани тинглашга келиб туришган.
Вақтлар ўтиб баъзи таълимотлар инқирозга учрайди ва унут бўлади. Ч. Дарвиннинг “Турларнинг келиб чиқиши” ҳақидаги таълимотини бунга мисол қилиб кўрсатиш мумкин. З. Фрейднинг психоанализ таълимоти ҳам ўз вақтида жуда кўп тандиқларга учраган. Бироқ бу танқидлар остида унинг назарияси ўзгариб, янги тусга кириб ва инсонларга янада яқинроқ бўлиб бораверди, унинг моҳияти янада юксалаверди. З.Фрейд таълимоти нафақат тиббий фанлар ва психологияда, балки фалсафа, этика, эстетика, деонтология, этнология, юридик фанлар, жамиятшунослик каби ўндан ортиқ йирик фанлар ичига кириб борди. Фикримизча, нафақат жамиятда бўлаётган воқеаларни, балки иккала инсон орасида рўй берадиган ҳар қандай муносабатларни Фрейд таълимотига асосланиб тушунтириб бериш мумкин.
Мен Зигмунд Фрейднинг “Психонализ таълимоти” ни инсоният олдидаги моҳияти бўйича буюк Эйнштейннинг “Нисбийлик назарияси” билан бемалол таққослаган бўлур эдим. Агар Нобел мукофоти олувчилар рўйхатида психологлар ҳам бўлганиида эди, бу мукофотни ҳеч иккиланмай Фрейдга тақдим қилишган бўлур эди. Худди буюк физиолог И.П. Павловга: “Сизнинг анализаторлар ҳақидаги таълимотинингиз Нобел мукофотига арзигулик. Биз Сизга ушбу мукофотни бермоқчимиз” деганларидек, Фрейдга ҳам худди шу сўзлар билан мурожат қилишган бўлур эди. Умуман олганда ўша пайтлари Нобел мукофоти бугунгидек машхур эмас эди. Шунинг учун ҳам баъзи буюк олимлар бу мукофотдан воз кечишган ёки бериладиган пулга қизиқиб мукофотни олишга рози бўлишган. Шулар ичида Павлов ҳам бор эди. Нобел мукофоти обрўсини ошириш мақсадида уни бутун дунёга машхур шахсларга беришади. Натижада Нобел мукофоти жуда машхур бўлиб кетади.
Бу ерда келтирилган маълумотлар ҳар бир ўқувчида “Мен З. Фрейдни ўрганишим керак!” деган фикрни уйғота олади, деган фикрдаман. Чунки Фрейд таълимотидан завқланиб кетган бир олим: “Агар Фрейд бўлмаганда эди, уни ўйлаб топиш керак бўларди” деб хитоб қилган. Тўғри! Фрейдни жамиятнинг ўзи яратди. Фрейд ва унинг таълимотисиз психологияни тасаввур қилиш қийин!
Фрейднинг болалик даври?
Зигмунд Фрейд 1856 йили 6 майда Австрия империясига қарашли Фрайбург дунёга келган. 1960 йили Фрейдлар оиласи Вена шаҳрига кўчиб ўтишган. Демак, кичкина Зигмунд бу шаҳарда бор-йўғи 4 ёшга киргунга қадар яшаган. Шундай бўлсада, чехлар бу буюк олим шарафига Прага шахрида “У бизнинг юртда дунёга келган” деб ёдгорлик ҳайкалини ўрнатишган.
З. Фрейд худди ўзбекларга ўхшаб кўп болалик оилада туғилган. Уларнинг оиласида 8 та фарзанд бўлган. Зигмунд эса оилада учинчи фарзанд бўлган. Зигмунд ўта нимжон бола эди ва тез-тез касал бўларди. Шунинг учун ҳам оиладаги катта эътибор унга қаратиларди. Отаси ўғлининг касал бўлиб ўлиб қолишидан жуда қўрқарди. Фрейдлар оиласи камбағал яшашган. Унинг отаси жун (шерсть) сотиб фарзандларини боққан.
Фрейд жисмонан нимжон бўлишига қарамасдан (ўзи буюк одамлар жисмонан нимжон бўлади шекилли) илм олишга жуда чанқоқ эди. У болалик давриданоқ ўткир ақли, зийраклиги ва шу билан бирга ўта инжиқлиги билан ажралиб турарди. Ёш Зигмундни деярли барча маълумотлар қизиқтирарди. У чет тилларни ҳам тез ўзлаштириб олган.
Ҳаёлпараст ва шухратпараст Зигмунд
Фрейд ўсмирлик давриданоқ ҳаёлпараст ва шухратпараст бўлган. Унинг илмга, айниқса табиий фанларга чанқоқлиги авж олиб борарди. Зигмунд барча илмларни эгаллаб машхур киши бўлишни орзу қиларди. У мактабда ўқиб юрган пайтидаёқ Ч. Дарвиннинг таълимоти билан қизиқиб қолади ва уни бошдан-оёқ ўқиб чиқади. Ёш Фрейд ўз тенгдошларига “Мен Ч. Дарвинга ўхшаган табиатшунос олим бўламан” деб хитоб қилган эди. Менимча бунинг ажабланарли жойи йўқ. Чунки ўсмирлар ҳаёлпараст ва орзуманд бўлишади.
Ота-онаси оғир характерли Зигмунддан азият чекишса-да, унинг таълим олиши учун ҳамма шароитни яратишга ҳаракат қилишган. З.Фрейд болалик давридаёқ табиий фанларга жуда қизиққан.
Фрейднинг нега дўсти бўлмаган?
Зигмунднинг характери ўта оғир бўлганлиги учун ҳам унинг дўстлари деярли бўлмаган. Фрейд кейинчалик Эйнштейнга ёзган хатида буни ўзи ҳам тан олган. Шунинг учун бўлса керак, у ёлғизликка интилган. У хатто машҳур бўлиб кетганида ҳам ёлғиз қолган. “Невроз – бу касаллик эмас, балки феъл-атворнинг ёмон бир кўринишидр, деб ёзган эди Фрейд. Бунда у ўзини кўзда тутган бўлса ажаб эмас. У хатто ўзининг дастлабки шогирдлари – Алфред Адлер ва Карл Густав Юнг билан ҳам келишмаган. Улар Фрейдни тарк этишган. Балким Фрейднинг ўзи уларни ҳайдаб юборгандир. Агар Гёте “Оддийлик – бу буюкликдир” деган бўлса, Фрейд “Ёлғизлик – бу буюкликдир” деган тамойилга асосланиб яшаган ва ижод қилган.
Илм пиллапоялари
Фрейд 17 ёшида, яъни 1873 йили гимназияни муваффақиятли тугатиб машҳур Вена университетининг медицина факультетига ўқишга киради. Вена университети Европада энг машҳур илм масканларидан бири эди ва унда дунёга машҳур олимлар дарс берган. Фрейд фалсафий йўналишдаги фанлар бўйича илмий тўгаракларга қатнашади.
У 1876-1882 йиллари Фрейд Эрнст Брюккнинг физиология лабораториясида илмий изланишлар олиб боради. Фрейд орқа миянинг физиологияси билан шуғулланган. Физиологик жараёнларни ўрганишга шўнғиб кетган Фрейд руҳиятнинг биологик асослари ва физиологик параметрларига эътибор қаратди. У туғма инстинктлар билан руҳият орасида боғлиқлик излади. Ўша даврларда психологияда фалсафий қонунлар устунлик қилган. Психологлар воқеа ва ҳодисаларнинг тафсилотларини ўрганиш билан чегараланиб қолишган. Буни тушуниш мумкин албатта. Чунки физиология ҳали яхши ривожланмаган ва табиийки физиологик қонунларга асосланган экспериментал психология ҳам туғилмаган эди. Умуман олганда тиббиёт ва психология физиологлар ва биологларга доимо таъзим бажо айлаши керак. Чунки тиббиётнинг гуркираб ривожланишида ҳам, психологиянинг гуркираб ривожланишида ҳам физиология ва биологиянинг ўрни ҳеч қайси фан билан таққослаб бўлмас даражада беқиёсдир.
Менимча Фрейднинг бошқа психологлардан кескин илгарилаб кетганлигининг асосий сабаби – унинг физиология ва биология қонунларига қатиян амал қилганлигида. У энди ривожланиб келаётган физиологиянинг ҳар бир ютуғидан психологик қонуниятларни ўрганишда ўринли фойдаланди. Фрейд воқеа ва ҳодисалар тафсилоти билан чегараланиб қолмасдан, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва асл моҳиятини излаб топишга интилди. Унинг бу характери умрининг охиригача унга ҳамроҳ бўлди. Фрейднинг устози Эрнст Брюкк ўз даврининг буюк физиологи бўлган. Бир неча йиллардан сўнг бутун дунёга машхур бўлишга интилган З. Фрейд Э. Брюкк билан ўтказган онларини эслаб: “Мен устозим Брюкк билан лабораторияда соатлаб қолиб кетардим. Ҳайвонларнинг орқа мияси физиологиясини ўрганиш мен учун энг бахтли онлар эди”. Эътибор беринга Фрейд уни машхур қилган психоанализ таълимоти ҳақида эмас, балки физиология ҳақида завқланиб гапирган. У Э. Брюкк қўли остида умрбод илмий иш билан шуғулланишга аҳд қилди. Бироқ…
Илм қилиш қийинми ёки оила боқиш?
1882 йили Фрейд 21 яшар Марта Вернейга уйланади. У ҳам камбағал оиладан эди. Илмий иш эса инсонга завқ бағишлайди, бироқ ҳар доим ҳам қоринни тўйғизавермайди! Энди оилали бўлган Фрейдда иқтисодий қийинчиликлар яна давом этади. Иқтисодий қийинчиликлардан келиб чиқаётган эр-хотин орасидаги жанжаллар Фрейдни илмий ишни ташлашга мажбур этади. Фрейд оила боқиш учун оддий невропатолог бўлиб ишлаб бошлайди.
Шу ерда бир нарсани айтиб ўтмоқчи эдим. Ажаб эмас Фрейднинг психоанализ ҳақидаги таълимотининг яратилишига унинг хотини сабабчи бўлган бўлса. Юриш-жанжаллардан безиб кетган Фрейд хотинига: “Марта касал кўриш ва даволашни осон деб ўйлайсанми?! Невротиклар жонга тегди! Уларга саломатлик ҳақида соатлаб гапирасану, бироқ ҳеч қандай нафини сезмайсан. Айниқса сенга ўхшаш хотинларга гап уқтириш жуда қийин”. Шунда хотини Фрейдга бепарво оҳангда: “Сен гапирма! Уларнинг ўзларини гапиртир! Хотин киши ўзи гапириб ўзи тузалаверади, дейди”. Ажаб эмас психоналитик терапия услубларини ишлаб чиқаётган Фрейд Мартанинг тавсияларини ҳам эътиборга олган бўлса. Чунки психоаналитик терапиянинг асосий услуби беморни гапиртиришдан иборат.
Бу невропатолог жонимга тегди!
Фрейд оилани боқиш учун илмий ишни ташлаб невропатолог бўлиб ишлаб бошлайди. У маҳаллий газеталарга шундай эълон беради: “Асаб бузилишларини даволайман!” Фрейд неврологияга жуда қизиқиб кетди. У асаб бузилишларини энди китобдан ўқиб эмас, балки беморларнинг кўзидан ўқиб ўрганиб бошлади. У энди турли-туман беморлар билан мулоқотда бўлар ва улар билан соатлаб суҳбатлашишни хуш кўрар эди. Бироқ ўша пайтлари ҳали яхши ривожланмаган неврологиядан унинг кўнгли тўлмаганди.
1896 йили “Психоген бош оғриқ” билан Фрейдда даволаниб юрган Эмма фон Н. исмли бемор унинг даволаш усулларидан қаттиқ шикоят қилади: “Бу невропатолог жонимга тегди! У менинг аҳволимни фақат оғирлаштираяпди!” Бу Фрейдга қаттиқ таъсир қилади. Фрейдни ўша пайтларда асаб касалликлари, хусусан неврозни даволашга оид қўлланмалар қониқтирмаётган ҳам эди. Нима қилиш керак?
Нега бу усуллар китобда ёзилганидек ёрдам бермаяпди?
Шаркога мурожат қилиш керак!
Асаб касалликларини даволашга оид китобларда келтирилган тавсиялар беморларда Фрейд кутган натижани беравермасди. Неврологияни чуқурроқ ўрганиш учун Фрейд Европада жуда катта ном қозонган француз неврологи Жан Мартен Шарко (1824-1893) ёнига боради. Фрейд Шарконинг ишлари билан фахрланиб у билан учрашишни азалдан орзу қиларди. Ж.М. Шарко Францияда шу қадар машхур эдики, хатто унга “Неврология Наполеони” деб ном беришган эди. У невроз ва истерия белгиларини мукаммал билган ва беморларни даволашда гипноз усулидан кенг фойдаланган. Шарко деярли барча аристократларнинг шахсий врачи ҳам эди.
Аслида невропатолог бўлганлигим учун ҳам шу ерда Шарко ҳақида батафсилроқ маълумот бермоқчиман. Дунёда биринчи марта неврология кафедраси Францияда 36 ёшли Ж.М. Шарко томонидан очилган. Бу кафедра 1960 йили Париж университетининг тиббиёт факультети қошида ташкил этилади ва унинг раҳбари Шарко бўлган. Шарко жуда кўп неврологик касалликларнинг симптом ва синдромларини ёзиб қолдирган. Неврологияга оид дастлабки йирик дарсликлар ҳам айнан Шарко қаламига мансуб. Шарко неврология соҳасида олимлар йўл қўйган ҳар қандай хатони аёвсиз танқид қилган. Шарконинг танқидига учраган илмий мақолалар қайтиб ҳеч қайси журналнинг юзини кўрмас эди. 1879 йили Шарко ўзининг “Мия касалликлари локализацияси” номли машҳур асарини яратади. Бу асар бир неча йиллар тиббиёт университетларида неврологияни ўргатишда асосий дарслик бўлиб хизмат қилган. Неврологияга оид қолган дарсликлар ҳам унинг асосида тайёрланган.
Фрейд ва Брейер
З.Фрейд Париждан Венага қайтгач ўша даврнинг кўзга кўринган психиатри Иосиф Брейер билан истерия ва неврозларни чуқур ўрганиб бошлайди. Улар Шарко асарларида кўрсатилган усулларни невроз ва истерияни даволашда қўллаб ҳам бошлашади. Ўша пайтлари энди амалиётга кириб келган физиотерапия усуллари ва кенг қўлланиб келаётган гипноз Фрейд кутган даражада ёрдам бермаётган эди.
Фрейд невроз ва истерия билан мурожат қилаётган беморларнинг аксарияти аёллар эканлигига эътибор қаратади. 1896 йили З. Фрейд Брейерга: “Устоз! Аёллардаги невроз ва истериянинг асл сабаби сексуал қониқмаслик эмасмикан?” дейди. И. Брейер унинг бу фикрига қўшилмайди ва аввалги даволаш усулларини давом эттиравериш кераклигини айтади. Фрейд аста-секин ўз устозидан узоқлашиб бошлайди ва уни тарк этади. Шу ерда И. Брейер ҳақида икки оғиз сўз айтмоқчи эдим. Агар Фрейд ҳақидаги ўнлаган материалларни ўқиб чиқсангиз қизиқ фактларга дуч келасиз. Айнан И. Брейернинг ишлари Фрейдда психоанализ таълимотининг илк куртакларини пайдо қилган. Чунки И. Брейер невротик ва истерик беморлар билан ишлаганда касалликнинг ҳар бир аломатларининг қандай пайдо бўлганини беморларга узоқ сўзлатган. Бемор ўзини безовта қилаётган симптомлар ҳақида қанча кўп сўзласа, унинг аҳволи шунча яхшиланаверган. Бунга дастлаб Брейер эътибор қаратган ва бу ҳолатни катарсис деб атаган. “Катарсис” грекчадан руҳий покланиш дегани. Демак, Фрейд асарларида энг кўп қўлланиладиган катарсис атамаси унинг устози И. Брейер томонидан таклиф этилган. Бироқ Брейер ўзининг даволаш усулларини янада такомиллаштирмади ва эски услублар билан чегараланиб қолди. Фрейд эса невротик симптомлар билан сексуал қониқмаслик орасида боғлиқликни тинмай излайверди.
Невроз – сексуал қониқмаслик аломатими?
З.Фрейд 1897 йилдан бошлаб невроз ва сексуал қониқмаслик орасида боғлиқликларни систематик тарзда ўрганиб бошлайди. Фрейд сексуал қониқмаслик ғоясига шу қадар берилиб кетади-ки, у нафақат невротик бузилишлар ва ҳулқ-атвордаги ўзгаришлар, балки психосоматик симптомларни (оёқ оғриқ, бел оғриқ, қорин оғриқ, юрак оғриғи ва ҳ.к.) ҳам сексуал қониқмаслик билан боғлаб бошлайди. Бунинг натижасида Фрейд “пансексуалист” деган лақабни олади. Ундан кўп олимлар ва хатто ўзининг устозлари ҳам юз ўгиради. Унинг мақолаларини чоп қилмай қўйишади. Чунки ўша пайтлари ижтимоий омилларга бурканган психологик назариялар яхши ривожланиб келаётган эди. Фрейд эса аслида ҳайвонлар ҳулқ-атворини белгилаб берувчи биологик инстинктлар инсонлар ҳулқ-атворини ҳам белгилаб беради деган эди-да. Фрейд бундай беморларга гипнознинг ёрдам бермаслигига ишонч ҳосил қилади ва бу усулдан воз кечади. У Шарконинг даволаш усулларини деярли қўлламай қўяди. “Гипноз – беморнинг аҳволини вақтинча яхшиловчи восита холос” деган эди Фрейд. У гипноз усулини ҳам тарк этди ва руҳиятнинг янги моделини яратишга киришди.
Психоанализ таълимоти қандай яратилди?
З.Фрейд инсон руҳиятини муз тоғига қиёслаб тушунтириб берди: “муз тоғининг устки, яъни олтидан бир қисми онг бўлса, сув остида кўринмай ётган олтидан беш қисми онг остидаги жараёнлардир, яъни онгсизликдир”.
“Жаноб Фрейд! Сенинг инсон психологияси ҳақидаги дунёқарашларинг ва илмий фаразларинг психология қонунларига жуда зид ва ҳақоратомуздир” деган дашномларни кўп эшитган олим психологияни ҳам тарк этди. Менимча Фрейд психологияни эмас, балки психологларни тарк этди. Боз устига унинг мақолаларини психология журналларида чоп этмай қўйишди ва илмий кенгашларга ҳам чақирмай қўйишди. Унда фанда янги бир йўналиш очишдан бошқа илож қолмади ва у психологияга яқинроқ бўлиши керак эди. Ахир инсон руҳиятини психологиясиз ўрганиб бўлармиди? Онгли жараёнларни онгсиз жараёнлар орқали ўрганиш унинг фикру-хаёлини қамраб олганди. Инсон руҳияти ҳақидаги демагогия ҳам унинг жонига теккан эди. У фанда янги бир йўналиш очади ва уни “Психоанализ” деб атайди. Тўғри “психоанализ” атамаси фанга яқин бўлса-да, унинг шаклланишида физиология, неврология ва психология ётарди. Бу уччала фаннинг иштирокисиз психоанализни тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Образли қилиб айтганда психоанализни осмонга бўй чўзиб турган Тошкент телеминорасига ўхшатиш мумкин. Ушбу миноранинг бир оёғи физиология, иккинчи оёғи неврология, учинчи оёғи эса психологиядир. Эътибор қилинга, уларнинг ҳаммаси бир хил ва тенг. Миноранинг осмонга бўй чўзиб қўёшга интилиб турган қисми эса – бу психоанализ. Миноранинг ушбу қисмидан атрофга қарасангиз гўзал Тошкент кафтингизда тургандек кўз олдингизда намоён бўлади. Демак, бошқа фанлардан фарқли ўлароқ, психоанализ инсон қалби ва унинг энг тубида яшириниб ётган жараёнларни бемалол кўра оладиган фан. Психоанализ фани ўз олдига онг тубида яшириниб ётган чуқур психологик жараёнларнинг сир-асрорини очишни мақсад қилиб қўяди ва шу йўл билан неврозни келтириб чиқарувчи омилларни ўрганади.
Онгсизлик нима?
З.Фрейд бизда «яшириниб» ётган психологик жараёнларни онгсиз жараёнлар деб атади. Рус психологлари бу ҳолатни турли атамалар билан таърифлашади: «бессознателное» (онгсизлик), «подсознателное» (онгостлилик), «подсознание» (онгости). Ўзбек олимлари ичида онгсизликни ботиний онг деб аташ таклифи ҳам киритилган (А. Усмонхўжаев). Шундай қилиб, ҳанузгача фанда катта шов-шувларга сабаб бўлиб келаётган ва моҳияти тўлалигача ўрганилмаган ушбу ноаниқ психологик жараёнларнинг атамаси ҳам ноаниқ бўлиб қолмоқда. Уларнинг маъносини ўзгартирмаган ҳолда биз «онгсизлик» атамасини маъқул топдик ва ушбу атамадан фойдаланамиз.
Онгсизлик бу шундай ҳолатки, бунда одам ихтиёрсиз тарзда, ўзи билмасдан ёки англамасдан турли хатти-ҳаракатларни амалга оширади. Бу хатти-ҳаракатлар ўз-ўзидан кундалик ҳаётда, уйқуда, яъни туш кўраётганда ёки гипнотик ҳолатларда кузатилиб туради. Онгсизлик, табиийки, онгга боғлиқ бўлмаган ҳолат.
З. Фрейднинг таъбири билан айтганда, онгдан сиқиб чиқарилган одамнинг табиий инстинктлари онг остида қўним топади. Онгсизлик туғма хусусият бўлиб, инсоннинг барча хатти-ҳаракатларини ифодалаб беради.
Фрейд бўйича руҳият модели қандай?
З. Фрейд ўз кузатувларига асосланиб, инсон руҳиятининг янги бир моделини яратди. Унга асосан, бир-бирига узвий боғлиқ бўлган 3 та психологик тузилма мавжуд. Булар ид, эго ва супер-эго. «Ид» — бу инстинктлар. У онгдан холис. «Эго» — бу Мен. Унинг онги бор. «Супер-эго», яъни Супер-мен — бу одамни ўраб турган муҳит, жамият. Супер-Мен одамнинг хулқ-атворини «тепадан» назорат қилиб туради. Бу тушунчаларнинг ҳар бирига таъриф бериб чиқамиз.
Ид – биологик инстинктларми?
З. Фрейднинг фикрича, эволюциянинг дастлабки босқичида одамда ўз-ўзини сақлаш, яъни овқат излаш инстинкти одамнинг хулқ-атворини белгилаб берган, шу билан параллел ҳолда ёки бироз сўнг бу функцияни кўпайиш инстинкти, яъни сексуал инстинкт бажариб бошлаган. Фрейд барча биологик инстинктларни (ҳимоя, овқат излаш ва кўпайиш, яъни сексуал) битта сўз билан Ид деб атаган.
«Ид» онгда акс этмайди, у онг остида жойлашган, тўғрироғи, онг остига тиқиштирилган. «Ид» қониқиш принципларига асосланиб фаолият кўрсатади. Бу ерда жинсий қониқиш алоҳида ўрин тутади. З. Фрейд жинсий майл тушунчасини бағоят кенгайтириб юборади. Яъни З. Фрейд таълимоти бўйича жинсий майл одамнинг хатти-ҳаракатини туғилганидан буён бошқариб келади. З.Фрейд қондирилмаган ҳис-туйғу ёки майлнинг руҳий қуввати онг остида тўпланиб боради ва ўз ифодасини топишга уринади, деб фикр юргизади. Майллар ичида у либидони асосий ўринга қўйган.
Ид тажовузкорми?
«Ид» доимо «мен» ва «супер-мен» билан муросасиз жанг олиб боради, чунки улар «ид» ни доимо назорат қилишга интилади-да. «Ид» кучли қувватга эга бўлса-да, «мен» уни онг остидан сузиб чиқишига йўл қўймайди. Шунинг учун ҳам «ид» тажовузкордир.
«Мен» назоратни тўла қўлга олгунга қадар инстинктлар гўёки одамнинг ҳаёт тарзи, яъни хулқ-атворини белгилаб берган. «Мен» ривожланиши одамнинг ҳаёт тарзини ўзгартириб юборди ва унинг хулқ-атворини назорат остига олди. Шунга қарамасдан, психоаналитиклар «ид» га одамнинг ҳаёт тарзини белгилаб берувчи асосий манба сифатида қарашади. «Ид» ўзгармас, «мен» эса ривожланиб ва ўзгариб боради.
Эго – бу Мен дегани
Одам бошқа жонзотлардан ақл-заковатнинг, яъни онгнинг борлиги билан фарқ қилади. Демак, онг «мен» демакдир. Агар одам фақат «ид» қонуниятларига бўйсуниб яшаганида эди, унинг ҳаёт тарзи ҳайвонларникига ўхшаб қоларди. Ваҳоланки, одам фаолияти онгли жараён экан, у ўз хатти-ҳаракатларида ҳам, асосан онгга таянади. Бироқ бу хатти-ҳаракатларни “ид” белгилаб беради.
Психоаналитиклар одамни, аниқроғи унинг руҳини, тирик ҳужайрага ўхшатишади. Бунда ҳужайранинг ташқи пардаси «мен» бўлса, унинг ички таркиби «ид» дир. Ҳужайранинг ичида моддалар алмашинуви натижасида катта энергия тўпланади ва кучли энергияга эга бўлган «ид» ташқарига ёриб чиққиси келади. Бунга эса ҳужайранинг ташқи пардаси, яъни «мен» йўл қўймайди.
Ид ва Мен орасидаги муносабатлар яхшими?
З. Фрейд «мен» ва «ид» орасидаги муносабатларни чавандоз билан от орасидаги муносабатларга қиёслаб ҳам тушунтириб берган. Чавандоз отни ўзи бошқарса-да, фақат унинг қуввати ҳисобига ҳаракатланади. Керак пайтда чавандоз ўзанни қаттиқ ушлаб отни тўхтатиши ва ўзи хоҳлаган томонга йўналтира олиши зарур, акс ҳолда у йиқилиб қаттиқ жароҳат олади ёки ҳалок бўлади. Баъзи вазиятларда қачон тўхташ ва қайси томонга юриш кераклигини чавандоз эмас, балки отнинг ўзи танлайди. Масалан, чавандоз ухлаб қолади, чарчайди ёки касалланади.
«Мен» (чавандоз) нинг аҳволи «ид» (от) нинг аҳволига қараганда бироз мураккаброқ. Чунки, «мен» бир томондан атроф-муҳит, яъни ташқи оламнинг қонун-қоидаларига амал қилиши керак, иккинчи томондан кучли от («ид») ни бошқариши керак. «Мен» ҳам ташқи олам, яъни «супер-мен» талабларини, ҳам «ид» эҳтиёжларини қондириши учун доим хавотирда яшайди. Бу талабларни бажариш учун «мен» доим сергак бўлиб туриши керак, бу талаблар бажарилмаса, айбдорлик ҳисси айнан “мен” бўйнига тушади. Демак, «мен» доимо ўзини ҳимоя қилиш йўлларини излайди. З. Фрейд инсонда невроз ривожланишини ушбу зиддиятли муносабатлардан излаган.
Кейинчалик З. Фрейд яраланган ҳарбий хизматчиларда ҳам невроз ва истерия ҳолатларини кузатади. Бу касалликларни жинсий майл билан изоҳлаб бўлмасди, албатта. Энди З.Фрейд онг остига қамалган ва қондирилмаган эҳтиёжларни бошқача йўл билан қондириш йўлларини излади, яъни у сексуал фаолиятни бошқа фаолият билан алмаштириш (сублимация) мумкинлигини илгари сурди. Бу фаолият нима? Улар ахлоқ қонунларига зид келмайдиган фаолиятлар (фан, маданият, спорт, ижод ва ҳ.к). Бу назарияни З. Фрейдгача ҳам ўрганишган. Бироқ З. Фрейд инсоният яратган маданий бойликларни ана шу хил эврилиш (сублимация) маҳсули деб билди.
Супер–Эго – бу Супер–Мен!
Хўш унда «Супер-мен» нима? Маълумки, ҳужайралар тўплами тўқимани, тўқималар аъзоларни, аъзолар эса организмни ташкил қилади. Демак, «Супер-мен» – барча «мен»лар йиғиндиси. Ҳужайра организмда ҳаёт кечиргани каби, организм ҳам ҳужайрасиз яшай олмайди. Организм — бу «супер-мен». «Супер-мен» — бу жамият қонунлари, ахлоқ принциплари ва дин талаблари. “Мен” “Супер-Мен” талабларига бўйсуниб яшаши керак. Акс ҳолда у ҳалокатга учрайди. Демак, бу 3 та тузилмадан “Мен” га оғир. Чунки у бир томондан “ид” ни қониқтириши керак, иккинчи томондан “Супер-Мен” талабларига амал қилиши керак. Фрейд фикрича шунинг учун ҳам “Мен” да невроз ривожланади.
Психоаналитик қандай даволайди?
Психоаналитиклар неврозларни психотерапевтик йўл билан даволашда “Ид”, “Мен” ва “Супер-Мен” орасидаги зиддиятларни камайтириш ёки тўхтатишга ҳаракат қилишади. Оддийроқ қилиб тушунтирадиган бўлсам, психоаналитик ва мижоз бир хонада ёлғиз қолиши керак. Мижоз ўзини эркин қўйиб кўзларини ярим юмган ҳолда креслога суяниб ётади. Психоаналитик ундан хаёлига келган барча фикрларини ва унга азоб бераётган воқеа ва ҳодисаларни оқизмай-томизмай сўзлаб беради. Бу ерда бирорта ҳам сир қолмаслиги ва бемор уялмаслиги керак. Маъноли сўзларми, маъносизми, бемор уларни психоаналитикка очиб ташлаши шарт. Ана шундагина, З. Фрейд таъбири билан айтганда, руҳий покланиш, яъни «катарсис» рўй беради ва тузалиш жараёни жадал кечади. З. Фрейд фикрича, энг муҳими мазкур ассоциациялар онг томонидан бошқарилмаслиги керак ва бемор фикрини эркин ифодалаши зарур. Ана шундагина онг остига қамалган хоҳиш-истаклар ва онг томонидан тақиқланган зиддиятли муаммолар ўз ечимини топади. Бунинг натижасида мижоз йиллар мобайнида уни қийнаётган муаммолардан халос бўлади ёки невроз белгилари бутунлай чекинади.
Хотима. Фрейд бўлмаганда эди, уни ўйлаб топиш керак бўларди!
Профессор Зарифбой Ибодуллаев