ФИКРИМНИ ЎЗГАРТИРАЙМИ ЁКИ ҲУЛҚИМНИ?
Сиз ҳеч ким билан чиқиша олмаяпсиз. Ҳамма Сизни ёмон дейди. Сиз эса ҳаммани ёмон дейсиз. Нима қилиш керак? Табиийки, Сизда фикримни ўзгартирайми ёки ҳулқимни, деган савол пайдо бўлади? Инсоният пайдо бўлибдики, манашу муаммо устида бош қотиришган. Когнитив психологлар аввал фикрингизни ўзгартиринг, сўнгра ҳулқингиз ўзгаради дейишса, бихевиоризм, яъни ҳулқ-атвор назарияси тарафдорлари аввал ҳулқингизни ўзгартиринг, бора-бора фикрингиз ҳам ўзгаради дейишади.
Мен иккала назарияни ҳам эътиборингизга ҳавола қиламан. Керагини ўзингиз танлаб олинг. Унинг кетидан учинчи назария ҳам бор.
- “Мен аввал фикримни ўзгартираман!” Майли! Ундай бўлса когнитив (ингл. cognitio – фикр дегани) психотерапевтлар фикрига қулоқ солинг. Уларнинг фикрича, невроз, фобия, хавотир ва депрессия негизида мияга ўрнашиб олган азобли фикрлар ва уларга ишониш ётади. Ўзига, бошқаларга ва жамиятда бўлаётган воқеаларга ёмон муносабатни шакллантирган ушбу стереотип ғоялар Сиздаги ҳулқ-атворингиз, турмуш тарзингиз, одамларга ва жамиятга бўлган муносабатингизни ўзгартириб юборади. Сиз жамиятга мослашиб кетишингиз учун мияга ўрнашиб олган ушбу фикрлардан халос бўлишингиз керак. Бу масалада Сизга когнитив психотерапевт ёрдам беради. Ушбу мутахассислар психоаналитиклардан фарқли ўлароқ, оғир болалик даврингизни Сизга эслатиб ўтирмасдан, бугунги кун билан ишлайди.
Когнитив психотерапевт Сизни айни пайтда қийнаётган носоғлом фикрлардан озод қилиб, уларнинг ўрнига соғлом фикрларни жойлаб боради. Психотерапевтик суҳбатлар орасида эришилган ютуқлар муҳокама қилинади ва ҳали мияни тарк этмаётган азобли фикрлар билан ишланади, эришилган ютуқлар муҳокама қилинади. Бунинг натижасида Сиз дунёни ва атрофдаги одамларни бошқача кўз билан кўриб бошлайсиз. Сизнинг фикрингиз ҳам ўзингиз ҳам ўзгарасиз. Натижада характерингиз ҳам ўзгаради. Сиздаги ўзгарган ҳулқ-атворни кўриб одамларнинг Сизга муносабати ҳам ўзгаради.
- “Мен аввал ҳулқимни ўзгартираман”. Агар Сиз ўзингиз ёки бировлар ҳақида фикрингизни ўзгартиришни ҳоҳламасангиз, унда характерингизни ўзгартиринг. Қандай қилиб? Бу масалада Сизга бихевиорал психотерапевтлар ёрдам беради. Ингилзчадан behaviour – ҳулқ-атвор дегани. Бихевиорал психотерапевтлар шундай дейишади:“Одамнинг фикри, онги ва руҳиятини ўзгартирмоқчи бўлсангиз, авваломбор унинг ҳулқ-атворини ўзгартиринг”. Бу усул ўсмирлардаги ҳулқ-атвор бузилишларини ўзгартиришда жуда қўл келади. Бихевиорал психотерапевтлар ўз олдига невроз, истерия, апатия ва депрессия туфайли ўзгарган ҳулқ-атворни тўғирлаш учун турли хил психотерапевтик машқлар ва услубларни қўллаб ўсмирнинг ҳулқ-атворини ўзгартириб боради. Психотерапевтик муолажалар пайтида ўсмирдаги бемордаги ҳулқ-атворнинг ҳар бир кўриниши таҳлил қилинади ва бемор билан бирга улар коррекция қилиб борилади. Ушбу психотерапия ҳулқ-атвори ўзгарган ўсмирларда юқори натижа беради, бироқ катта ёшдагиларда самараси пастроқ.
Босқичма-босқич ўтказилаётган психотерапевтик муолажалар пайтида ҳулқ-атвордаги патологик ўзгаришлар соғлом ҳулқ-атвор сифатлари билан “алмаштирилади”. Демак, бихевиорал терапия пайтида невроз, истерия ва депрессияга олиб келган сабаблар устида эмас, балки шу сабабли юзага келган патологик ҳулқ-атворни соғлом томонга ўзгартириш билан ишланади. Соғлом ҳулқ-атвор ҳамда ўзини-ўзи бошқариш уқувлари шакланган сайин ўсмирдаги невротик ҳулқ-атвор, истерия ва хавотирли-фобик бузилишлар орқага чекинади. Натижада ўсмирнинг фикри ўзгаради, ўзига ишонч пайдо бўлади ва ота-онага ва атрофдагиларга бошқача кўз билан қарайдиган бўлади. Демак, аввал характерни ўзгартириб, сўнгра фикрни ўзгартиришга эришса бўларкан.
- “Мен фикримни ҳам, ҳулқ-атворимни ҳам бир хил пайтда ўзгартириб бормоқчиман” Шу мумкинми? Ҳа, мумкин! Буюк олимлар когнитив психотерапияни ҳам, бихевориал психотерапияни ҳам бирлаштириб, когнитив-бихевиорал психотерапия деган янги йўналиш яратишди. Айнан ушбу психологик мактабда таҳсил олиб қайтган психотерапевтлар Сизда бир пайтнинг ўзида ҳам фикрингизни даволайди, ҳам ҳулқингизни! Ушбу методларнинг учта ўхшаш ва фарқ қилувчи томонлари бор. Улар қуйидагилар: 1) иккала метод ҳам ўргатиш ва ўзгартиришга асосланган, когнитив психотерапия фикрни, бихевиорал психотерапия ҳулқ-атворни ўзгартиришни мақсад қилиб қўяди; 2) иккала метод ҳам касалликни келтириб чиқарган сабаблар билан қизиқса-да, ўтмишни эслатиб ўтирмасдан ҳозирги пайтдаги муаммо билан ишлайди: когнитив психотерапевт – касалликни юзага келтирган фикрлар билан ишласа, бихевиорал психотерапевт – касаллик туфайли ўзгарган ҳулқ-атвор билан ишлайди; 3) Иккала метод ҳам ўз мижозларига уйга вазифа беради, унинг бажарилишини кузатиб боради ва рағбатлантиради. Когнитив-бихевиорал психотерапияни ҳар қандай ёшда қўлласа бўлади.
Нейропсихолог,
профессор Зарифбой Ибодуллаев